muslim.uz
Кемероводаги ёнғинда ҳалок бўлганлар сони 37 нафарга етди
Россиянинг Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо-кўнгилочар марказида кеча, 25 март куни ёнғин юз берган эди. Ёнғинда ҳалок бўлганлар сони 37 нафарга етгани хабар қилинди. Бу ҳақда ўт ўчириш тезкор штабига асосланиб “ТАСС” ахборот агентлиги хабар берди.
Аввалроқ ёнғин оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани, жабрланганлар сони 43 нафарни ташкил қилаётгани, бедарак йўқолганлар 69 нафар экани маълум қилинганди.
Ёнғин марказнинг 4-қаватида бошланган. Ёнаётган бинодан 20 киши қутқарилган, 100 киши эвакуация қилинган. Савдо маркази 2013 йилда очилган бўлиб, унинг умумий ҳудуди 23 минг квадрат метрни ташкил қилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Пайғамбаримиз айтган ҳақиқат, бугун исботини топди
Ислом дини ўзининг мўъжизалари билан инсонларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Бу дин нафақат инсониятнинг маънавий оламини шакллантириб тарбиялайди, балки, илм – фан тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшади.
“Новости Узбекистана” интернет-нашри билдиришича, Ислом динининг яна бир илмий мўъжизаси яқиндагина кашф қилинди. Хусусан, ушбу кашфиёт бизга маълум бўлган илм-фан йўналишлари ожиз бўлган соҳада намоён бўлди.
“Комсомолская правда” газетасида шундай ёзилади: “Нью-Йорк университетининг Лангон Тиббиёт маркази (NYU Langone School of Medicine) олимларининг ўтказган тадқиқотларидан маълум бўлдики, инсоннинг жони узилиши жараёни шу кунгача одамлар тасаввур қилиб келгандек содир бўлмайди.
Маълум бўлишича, инсон ўлимидан сўнг, яъни тиббий жиҳатдан ўлим расмий қайд қилинганидан сўнг ҳам бир неча муддат хушида бўлади. Яъни, киши ўлганини сезади ва шу билан бирга атрофидагиларнинг қилаётган ҳаракатларини ҳам ҳис қилиб туради.
Ушбу факт профессор Сэм Парниа бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи томонидан аниқланди. Кўп йиллар давомида профессор ва унинг гуруҳи жони узилаётган беморларнинг ва клиник ўлим ҳолатини бошидан ўтказганларнинг ҳолатлари билан яқиндан танишиб, бу ҳақда материаллар йиғиб келишди. Узоқ муддат давомида тўпланган далилларни бир ерга тўплаб, улардан ҳулоса чиқарган олимлар шундай фикрни илгари сурдилар:
Ўлим ҳолати расман қайд қилинганидан сўнг, яъни юрак уришдан тўхтаганидан кейин ҳам майитнинг мияси маълум муддат ишлашда давом этади. Демак, инсон жони узилганини сезади. Шу билан бирга унинг танаси ташқи муҳитга таъсирчанлигини йўқотганини ҳам ҳис қилади. Инсон ўзининг ҳудди жасадга қамалган маҳбусдек ҳис қилади. Атрофидаги товушларни эшитади, кишиларни кўради, лекин уларга жавоб қайтара олмайди, ҳаракат қилолмайди.
Клиник ўлим ҳолатини бошидан ўтказган беморларнинг таъкидлашича, “вақтинчалик ўлим” пайтида улар атрофдаги шифокорларнинг овозларини эшитиб турганлар ва ҳаттоки, уларнинг суҳбатларини такрорлаб берганлар.
Ислом ақидасига кўра, бу фоний дунё – инсон учун вақтинчалик қўноқдир. Бу дунёда озми-кўпми умр кечирган инсон, куни келиб абадий ва муқим қўноғига риҳлат қилади. Жанобимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларида кишининг вафотидан сўнг ҳам атрофидагиларни ҳис қилиши ҳақида кўп бора такрорланган.
Абу Саъид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Майит уни юваётганларини, кафанлаётганларини ва қабрга олиб кетаётганларини билади”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта, агар банда қабрга қўйилса ва асҳоблари ортга қайтишса, (ҳолбуки) бу уларнинг пойабзаллари товушини эшитиб турганда икки фаришта келади...”, дейилган (Бухорий ривояти).
Юқорида келтирилган исбот ва даллиллар Ислом дининг нақадар буюк ва ҳикматли эканини, инсон зотининг ақлу-заковати ҳам баъзан ушбу ҳикматлар мағзини чақишга ожизлик қилишини кўрсатади.
Лекин, афсуски, баъзи кишилар ушбу ҳақиқат ва илоҳий мўжизаларни тасодифга йўйиб Аллоҳнинг ҳикматидан юз ўгирадилар.
Аллоҳ барчамизнинг қалбларимизни илоҳий ҳикматларни англаш ва уларни онгу-шууримизга жо қилишда қалб кўзимизни очиқ қилишини сўраймиз. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлар идораси
Матбуот хизмати
Оқдарёдаги қадимий шаҳар топилмалари "тилга кирмоқда"
Оқдарё туманининг Бобур маҳалласи ҳудудида жойлашган Қўшқўрғон тепалиги ва унинг атрофида жойлашган қабристон ҳамда Қоратут қишлоғи аҳолиси яшайдиган турар жой бинолари остида қадимий шаҳар қолдиқларида олиб борилган қазишлар натижасида қадимги одамлар ижтимоий ҳаётда зарур бўлган рўзғор буюмлари ва бошқа ашёлар топилганди.
Улар Самарқанд давлат ўлкашунослик музейи илмий ходими Маҳмуджон Юнусов томонидан ўрганилди.
Мутахассиснинг фикрига кўра, тарихий ашёлар бу жой қадимги Суғд давлатининг маъмурий марказларидан бири бўлгани, у ерда халқ ҳунармандчилигининг турли йўналишлари ривожлангани, Буюк Ипак йўлидаги савдо марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди.
“Оқдарё овози” газетаси хабар беришича, топилмалар орасида Исмоил Сомоний даври (VI-VII асрлар) да ишланган кўза подшо, шох Қорахон (Абдулкарим Сотук) даврида ясалган дори, май ва гулоб сақлашга мўлжалланган симоб кўза ҳам бор.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати
Берунийнинг "Минералогия" асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди
Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлиб келган. Шарқда илк Уйғониш даврининг қомусий олимларидан бири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний умумжаҳон аниқ ва ижтимоий фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ақл-заковат соҳибидир.
navoi.uz билдиришича, унинг табиий-илмий ва маърифий-педагогик ҳамда психологик қарашларининг шаклланишида Шарқ, юнон ва ҳинд қомусий олимларининг асарлари таълим ва тарбия мактаби вазифасини ўтади. Беруний бу олимларнинг асарларини ўқиб билиш учун ёшлигиданоқ араб, форс, юнон, санскрит ва яҳудий тилларини пухта ўрганди.
У астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб борди, илмий ва бадиий асарлар яратиб, улкан самараларга эришди. Манбаларга кўра, машҳур қомусий алломанинг 160 дан зиёд илмий ишидан бизгача фақат 30 дан ортиғи етиб келган, холос.
Хусусан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини ишлаб чиқди. Ер радиусини ҳисоблаб, унинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни ил¬гари сурди ҳамда вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлигини айтди. Минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини яратди. Геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам дунё табиий фанлар тарихчилари то¬монидан XI аср "Беруний асри" деб номланади.
Улуғ алломанинг бизгача етиб келган "Минералогия" асарида 30 дан зиёд қим¬матбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида ил-мий маълумотлар берилган. Мазкур асар қатор хорижий тилларга таржима қилинган бўлса-да, шу вақтгача ўзбек тилига ўгирилмаган эди. Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент давлат шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлигида "Минералогия" ўзбек тилига таржима қилинди ва "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" нашриётида чоп этилди.
Куни кеча Навоий давлат кончилик инс¬титутида Абу Райҳон Берунийнинг "Минералогия" асарининг янгича қиёфа касб этган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари профессор-олимлари ва таниқли мутахассислар қатнашди.
Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори, профессор Қувондиқ Санақулов, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти профессори Мирсодиқ Исҳоқов, Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий, геолог олим Исоқул Туробовлар сўзга чиқиб, буюк қомусий олимнинг "Минералогия" асари нафақат илмий, балки тарихий нуқ¬таи назардан ҳам ало¬ҳида қимматга эгалиги, эндиги вазифа ушбу асарни илмий тадқиқотчилар, мутахассислар, тарихчилар, қолаверса, кенг халқ оммасининг мулкига айлантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, мазкур ноёб асарнинг она тилимизга таржима қилинишида ўзбек адабиётшунослигининг улуғ намояндаси, атоқли олим, заҳматкаш ва толмас тадқиқотчи, академик Азизхон Қаюмовнинг беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этишди.
— Дунёга Ўзбекистон замини туҳфа этган буюк алломалар яратган нодир асарлар бугун ҳам маънавий ҳаётимизнинг асоси, фундаментал тадқиқотлар ва илмий изланишлар учун манба бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди профессор М. Исҳоқов. — Беруний минераллар ва маъданларнинг ўз давридаги нарх-навоси, баъзиларининг шифобахшлик хусусиятлари, нодир тош ва металлар билан боғлиқ айрим қизиқарли этнографик маълумотларни баён этганки, булар мазкур китобнинг муҳим тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширади.
Дарҳақиқат, Берунийнинг "Минералогия" асарининг ўзбек тилида нашр қилиниши ёшларимиз ўртасида буюк аждодларимиз илмий хазинасидан кенгроқ хабардор бўлиш имкониятини беради.
Тадбирда асарнинг электрон нашри ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Қозондаги илк турк киноси халқаро фестивалида ўзбек фильми намойиш этилди
Татаристоннинг Қозон шаҳрида бугун илк туркий фильмлар халқаро фестивали ўз ишини якунламоқда. Бу ҳақда «Anhor.uz» хабар бермоқда.
Фестивалда Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон кино санъати вакиллари қатнашмоқда.
Фестиваль ғолиблар ва мукофотлар бўлмайди. Уни ўтказишдан мақсад томошабинларга туркий тилли давлатлар кинематографиясининг энг яхши ютуқларини намойиш этиш ҳамда ушбу давлатлар учун умумий кинобозор ташкил қилишдан иборат.
Ўзбекистонлик режиссёр Қамара Камолова 22 март куни фестиваль доирасида ўзининг «Осмонлар остидаги йўл» фильмини томошабинларга тақдим этди.
Фестиваль кўчма бўлиб, у ҳар йили турли мамлакатларда ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.