muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар сабаб бугун Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 30 минг аҳолига эга бўлган Жом қишлоғи улкан бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш майдонига айланди. Ислоҳотлар шамоли етиб  қишлоқ четидаги қабристон ичида қолиб кетган “Жом ота” масжидини ҳам Қарши-Самарқанд трассаси ёнига кўчириш бўйича амалий ишга киришилди. 

24 март куни Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, бош имом хатиб маслаҳатчиси М.Меликов ва бошқа ташкилотлар, аҳоли вакиллари иштирокида масжид пойдевори ўрнатилиши бошланди. 

Дастлабки бетон қоришма вилоят ҳокими ва вилоят бош имом хатиби, нуроний отахонлар томонидан пойдевор асосига ташланди. 

Ушбу хайрли ишга Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин. 

ЎМИ Матбуот хизмати

24 март куни Диний идорада Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ишлари келишиб олинди. Жумладан, фатво ҳайъати тузиш, диний таълим бериш, мусобақалар ўтказиш ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, ўзбек ва қозоқ халқи азалдан бир заминда яшаб, оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзгани, ҳол-аҳвол сўраганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани, икки давлат раҳбарларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ эканини қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари шаръий масалаларни ечиш, фатво ишлаб чиқиш ва турли мусобақаларни ҳамкорликда ўтказиш тўғрисида сўзладилар. Жумладан, мўмин-мусулмонларни қийнаётган долзарб муаммолардаги фатволарни эълон қилиш, Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда уламолар ҳамкорлигини таъминлаш жуда ҳам яхши натижа беришини алоҳида баён қилдилар.
Ўз навбатида Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари қардош ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшагани, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Шунингдек, ёшларга диний таълим бериш, диний-маърифий адабиётларни ўзбек ва қозоқ тилларига нашр этиш, уламолар иштирокида йирик анжуманлар, форумлар ўтказиш ҳамкорлик самарали бўлишини изоҳлади. Қозоғистон муфтийси Ўзбекистонда Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг хотираларига катта эҳтиром кўрсатилаётгани, янги масжид қурилаётгани, “Ҳилол нашр” нашриётида диний адабиётлар чоп этилаётганидан жуда ҳам хурсанд бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом академияси ректори Неъматуллоҳ Иброҳимов қозоғистонлик ёшларни Ўзбекистондаги мадрасалар, Олий маъҳад, Мир Араб олий мадрасаси ва Ислом академиясида ўқитиш борасида барча шарт-шароитларни ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди. Томонлар меморандум икки давлат диний идоралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди. Ўз навбатида минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, диний эътиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга меморандум асос бўлишини билдирилди.
Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом”, “Минор”, “Ислом ота” жоме масжидлари ва “Ҳилол-нашр” нашриётини ҳам зиёрат қилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ имомлардан ташкил топган делегацияси Россия Федерациясининг Свердловск вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. 

Кеча, 23 март куни делегация аъзолари вилоятдаги бешта масжидда бўлиб, масжидлар жамоати билан биргаликда жума намозларини адо этдилар. 

  1. Раупов Жасур “Рамазон” масжидида 3000 кишилик жамоатга;
  2. Сатимов Саҳобиддин “Химмаш” масжидида 1300 кишилик жамоатга;
  3. Аписов Шавкат “Юқори Пишма” масжидида 2300 кишилик жамоатга;
  4. Мирҳамидов Одил “Нижний Тагил” масжидида 500 кишилик жамоатга;
  5. Атажонов Баҳром “Божова” масжидида 900 кишилик жамоатга маъруза қилдилар. 

Бундан ташқари, кечанинг ўзида Ўзбекистон делегацияси ва Свердловск вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари В.Дубичев ўртасида учрашув ўтказилган. Учрашувда вилоят маъмурияти вакиллари ўзбекистонлик имомларнинг фаолиятига юксак баҳо берган ҳолда Сверловск вилояти Марказий муфтийлиги билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашларини билдирган.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Россияда суд-психиатриясининг асосчиси Владимир Сербский таваллудининг 160 йиллиги муносабати билан мамлакат профессионал психиатрлари “Россия Федерациясининг руҳий харитаси”ни туздилар. Бу ҳақда “islam-today.ru” нашрига асосланиб хабар берилди. 

Ҳужжат минтақавий психиатрик диспансерларга беморлар мурожаатларининг сони ва экспертизадан кейин рўйхатга олинган беморлар миқдори асосида тузилган. Харитага кўра, Шимолий Кавказ Федерал округи ҳудудлари энг «руҳан соғлом» ўлкалар бўлиб чиқди. Чеченистон эса Россиянинг руҳан энг соғлом ҳудуди экан. Иккинчи ўринда Ингушетия, учинчи ўринда Кабардино-Балкария турибди. Руҳий саломатлик жиҳатидан энг муаммоли ҳудудлар сифатида Олтой, Перм ва Красноярск ўлкалари, шунингдек, Чукча ҳамда Ямало-Ненец автоном туманлари кўрсатилмоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 “Пакет эрзак” деб аталган акцияда истаган киши қатнашиши мумкин. Тўпланган маблағлар Туркиядаги ва бошқа ўлкалардаги қашшоқ мусулмонларнинг эҳтиёжларига сарфланади.

Туркиядаги хайрия фондлари кейинги йилларда қаттиқ қурғокчиликни бошдан кечираётган Сомали давлатининг миллонлаб аҳолисига ёрдам қўлини чўзмоқда. Шарқий Африканинг ушбу минтақаси ниҳоятда ёрдамга муҳтож ва инсонларнинг ҳаёт учун курашиши жуда оғир кечмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top