muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматлар ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик. Уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Оятда инсоннинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ экани, унинг барча жонзотлардан афзаллиги баён қилинган. Парвардигор бизга шунчалик мурувват кўрсатган экан, биз инсоният аҳли шунга мос равишда ҳаёт кечирмоғимиз даркор. Инсонга берилган ҳаёт, умр – энг катта омонатдир. Инсон бу омонатга хиёнат қилса, ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қаттиқ қоралангандир.

Инсонга ҳаёт неъматини Аллоҳ таоло ато қилди, унинг ҳаётини фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Ҳаттоки, яшаш ҳуқуқи берилган киши ўз ҳаётига ўзи суиқасд қила олмайди. Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир маъсият саналади. Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида ўз-ўзини ўлдириш – худкушлик ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жонига қасд қилиб ўткир тиғли нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида қорнига ўша ўткир тиғни ушлаб абадул-абад санчаверади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловида абадул-абад ўша заҳарни ютади. Ким тоғдан ўзини ташлаб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловига абадул-абад ўзини улоқтиради», дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Афсуски, ҳозирги кунимизда баъзи замондошларимизга сабру матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолат Аллоҳ таоло берган ҳаёт – умр деб аталган неъматга ношукурлик оқибатидир. Бу мудҳиш ҳодисалар қазои қадар тушунчаларини билмаслик, тақдирга рози бўлмаслик, Ҳақ таолонинг амрига қарши чиқишлик натижасида юз беради. Ислом илмидан етарли хабари бўлмаган иймони заиф кимсалар турмуш қийинчиликларига, бошга тушган турли хилдаги мусибатларга, баъзи ғийбатчи, туҳматчи кимсаларнинг миш-мишларига сабр қилмай, охирги чора сифатида ўз жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Аллоҳ таоло сабр қилган бандасига неъматини зиёда қилиб беришини, акс ҳолда ношукурлик қилувчилар учун азоби қаттиқ эканлигини баён қилиб: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада)  зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим  (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7-оят) деб огоҳлантиради.

Хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин шундай тўкин, тинч ва фаровон замонда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабр-қаноат,  чиройли тадбир, маслаҳат ва машварат билан ҳал қилса бўлади. Аммо сабрсизлик натижасида ношукурлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Ёки бўлмаса, айрим иродаси бўш кишилар ичкилик ва гиёҳвандликка берилиб, бебаҳо умрларини хазон қиладилар. Бундай кимсалар ушбу нарсалар динимизда ҳаром саналишини билмайдилар, ёки билиб туриб нафсларининг амрига қулоқ солиб, ўзларини абгор қиладилар. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда барчамизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси, 195- оят)

Энг ачинарлиси, ўзини турли йўллар билан ўлдириш – худкушлик  ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда. Дунёда рўй бераётган ҳодисаларни, танасига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида эшитяпмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кишилар ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш – ҳудкушлик шаҳидлик эмас, балки жаҳолат ва қабоҳатдир. Ўзларини портлатаётган кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар, қанчадан-қанча одамларнинг ўлимига, болаларнинг етим қолишига, ота-оналарнинг фарзанд доғида куйишларига сабабчи бўлмоқдалар. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек тутиб, одамларни исломга даъват қилиб юрган, асл ниятлари эса, терроризм ва ноҳақ одам ўлдириш бўлган манфурларни бутун дунё қораламоқда. Улар мақсадларини амалга ошириш учун диний илми етарли бўлмаган, ғўр ёшлар онгига ўз ғояларини сингдириш  йўлида барча имкониятлардан, шу жумладан, интернет сайтларидан фойдаланмоқдалар. Ёшларимизнинг мана шундай қора ниятли кишиларнинг таъсир доирасига тушиб қолмасликлари учун ҳар бир ота-она ўз фарзандига, устоз ўз шогирдига, ёши улуғ отахонлар маҳалладаги ўғил-қизларга ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб, гўзал тарбия берган ҳолда насиҳат қилишлари лозим. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Дин насиҳатдир”, вақт борида бу муаммоларнинг муолажасига киришмоғимиз керакки, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Мана шундагина кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади, ҳаётимиз гўзал, фарзандларимиз эса салоҳиятли бўлади.

Аллоҳ таоло берган ҳаёт неъматини   савобли ишлар,  хайрли амаллар қилиш билан ўтказиш,    ҳаётий муаммоларни  чиройли тадбир билан ҳал этиш,  Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор  бўлиб  яшаш  ҳақиқий имонли кишининг  фазилатидир.

 

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири

 ЎМИ Матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти эркаклар ўртасида Қуръон мусобақаси вилоят босқичи натижалари билан танишинг.

Ҳифз йўналиши

18-25 ёш

1. Ғайратов Шаҳзодбек (Шаҳрисабз тумани)
2. Тожиев Абдулхолиқ (Деҳқонобод тумани)

26-40 ёш

1. Низомов Акмал (Шахрисабз тумани)
2. Нурматов Музаффар (Чироқчи тумани)
3. Назаров Момоназар (Нишон тумани)

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Комилов Ҳасан (Қарши шаҳар)
2. Кўпайсинов Жасур (Шахрисабз туман)
3. Бурҳонзода Маъруфхон (Ғузор тумани)

26-40 ёш
1. Асқаров Акбар (Шахрисабз тумани)
2. Турсунов Муҳиддин (Чироқчи тумани)
3. Тошпўлатов Акмал (Нишон тумани)

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан тақдим этилган диплом ва совғалар топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 22 Февраль 2018 00:00

Мен ҳам Ҳофизул Қуръон бўламан

ЎМИ Матбуот хизмати

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Нажмиддинова Нозима
2. Тўйчиева Сарвиноз
3. Жўраева Зебо

26-40 ёш
1. Ҳомидова Манзура
2. Бобоқулова Матлуба
3. Маҳсумова Саодат

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан тақдим этилган диплом ва совғалар топширилди.

Қуръон мусобақасини muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатинг!

ЎМИ Матбуот хизмати

Хорижий оммавий ахборот воситаларида Хитой Тайпейи давлати хитойлик сайёҳлар оқими камайиб кетаётганини инобатга олган ҳолда мусулмон сайёҳларни қабул қилишга мослашиш бўйича ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.
Хитой ва Хитой Тайпейи ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви натижасида хитойлик сайёҳлар сони сезиларли даражада камайган. Бу эса Хитой Тайпейи ҳукуматидан янги географик йўналишларни ззабт этишни талаб қилмоқда. Хитой Тайпейи тезлик билан жанубий ва жануби-шарқий Осиё мамлакатлари (Малайзия, Индонезия) ҳамда араб мамлакатларининг эътиборини тортишга интилмоқда.
Бунинг учун эса Хитой Тайпейи меҳмонхоналарида мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун хона ташкил этилиши, маҳаллий ошхоналарда ҳалол таомларни тайёрлаш ишлари бошланган.
Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Хитой Тайпейи Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга ошираётган ислоҳотларни кузатиб бормоқда. Малайзия ва индонезиялик юз минглаб сайёҳларни жалб қилиш учун эса имкон қадар Ҳалол туризм талабларига мослашмоқда. Бу эса сайёҳлик соҳасида яна бир рақобатчининг пайдо бўлганини кўрсатган ҳолда, Ўзбекистондаги сайёҳлик йўналишида хизмат кўрсатувчи компания ва ташкилотлардан янада кенг кўламдаги ишларни амалга оширишни талаб этади.
Аввалроқ сайтимизда “Ҳалол туризм” соҳасида Ўзбекистоннинг рейтингини яхшилаш учун нима зарур?” сарлавҳали мақолани эълон қилган эдик. Унда Ҳалол туризм йўналишини ривожлантириш учун нима зарурлигини кўрсатиб ўтганмиз.


ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top