muslim.uz

muslim.uz

Англиянинг Дэвентри шаҳри мусулмонлари тез ёрдам клиникасининг аввалги биноси ўрнида илк масжиднинг очилишини нишонламоқдалар.
Масжид қурилишини бошқарган мусулмонлар етакчиси Муҳаммад Аҳтарамнинг айтишича, ўз вақтида у шаҳардаги биринчи мусулмонлардан бири бўлган, вақт ўтиб уларнинг сони кўпайди ва масжид очилиши учун эҳтиёж пайдо бўлган.
“Daventry Express” нашрининг билдиришича, масжиднинг очилиш маросимига ушбу округ депутати, округ полицияси зобити, шаҳар мэри Линн Тэйлор ва насроний черковларининг руҳонийлари ташриф буюришган.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Сбербанк бошқаруви раиси ўринбосари Олег Ганеевнинг айтишича, “исломий деразалар” талаб бўлган жойлардаги бўлинмаларда очилиши мумкин. Ҳозирги пайтда ушбу масала билан кредит ташкилотининг ишчи гуруҳи шуғулланиб келмоқда.
Сбербанк ўз бўлинмаларида ислом талабларини ҳисобга оладиган шерикчилик банкинги меъёрлари бўйича “исломий деразалар”ни очишни режалаштирмоқда.
Унинг сўзларига кўра, айна пайтда “исломий деразалар” Бошқирдистон, Татаристон ва Чеченистондаги бошқа кредит-молия ташкилотларида фаолият юритмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, исломда судхўрлик билан шуғулланиш таъқиқланади. Ислом банклари кредитларни фоизларга беришмайди, мижозларга давлат томонидан ўрнатилган инфляция даражасидан ташқари қўйилган маблағлар бўйича даромадларни тўлашмайди ва улар турли хил молиявий найранглардан фойдаланишмайди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Четверг, 22 Февраль 2018 00:00

Илм ўрганиш фазилати (1-қисм)

Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримнинг Тавба сураси 122-оятида шундай марҳамат қилинади: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!»

Бу оятдан кўзланган мақсад таълим бериш ва тўғри йўл кўрсатишдир.

Аллоҳ таоло айтади:

Эсланг (Эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз деб аҳд олган эди” (Оли Имрон, 187). Бу оят таълим беришнинг вожиблигига далолатдир.

Бошқа оятда айтилади:

Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрасангиз!” (Наҳл, 43)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир”. (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калитлари- савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: Сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилишган).

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?”. (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади.(Дорамий ва ибн Сунний Ҳасан ҳолда ривоят қилишган)

Ислом буюклари ҳам илм ўрганиш фазилатини ҳам кўп таъкидлашган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.

Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”.

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:

  1. Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига,
  2. Илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”.

Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв –беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.

Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен имоми Молик ҳузурларида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз: “Агар ниятинг дуруст бўлса, хозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир” дедилар”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса унинг ақли ва фикрида ноқислик бор экан».

«Иҳёу улумид-дийн» китобидан Илҳомжон Мадалиев тайёрлади

Манба: http://shosh.uz

Бугун эрта тонгдан Ҳақ таоло каломини эшитишга муштоқ бўлган қашқадарёлик мўйсафид отахонлар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” кошонасига жам бўлишди.
Айни дамларда ушбу вилоятда мусобақанинг вилоят босқичига оқ фотиҳа берилди. Кошонага йиғилган барча-барча Қуръон ошиқлари қорилар қироатидан баҳраманд бўла бошлашди. Дастлаб энг машҳур зийнат қори Ҳасанхон қори Абдулмажидхон тиловати билан бошланди.
Шу ўринда бир мутасаввиф шоирнинг тўртлигини келтирамиз:
Кимки Қуръон ўқувчидир, азоб бўлмас,
Яна Қуръон ўргатганга ҳисоб бўлмас,
Маъно билган зотга парда-ҳижоб бўлмас,
Васли аён бўлсин десанг, Қуръон ўқи.
Шундай экан азизлар, мана шу шеърда битилган илоҳий ваъдаларга эришмоқчи бўлсангиз, қорилар мусобақасини биз билан бирга кузатинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Фото: Facebook /«Халқ билан мулоқот»

Ўзбекистонда давлат раҳбари ташаббуси билан “Обод қишлоқ” лойиҳасига қўл урилди. Бу ҳақда Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот” гуруҳида маълум қилинди. 

Фото: Facebook /«Халқ билан мулоқот»

Лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ жойларидаги қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйларда яшовчи оилалар рўйхати шакллантирилади. 

Ундан кейинги босқичда эса кенг жамоатчилик ва фаол ёшларни жалб этган ҳолда манфаатдор ташкилот ва идоралар билан биргаликда ёмон аҳволда бўлган уйларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, шу жумладан, узоқ ва чекка ҳудудлардаги қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш мақсадида ҳашарлар ташкил этилади. 

Фото: Facebook /«Халқ билан мулоқот»

Мазкур лойиҳа доирасидаги дастлабки манзил Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи бўлди. “Обод қишлоқ” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан фотолавҳаларда танишишингиз мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top