muslim.uz
Қишда қорни соғинтирма...
Аллоҳ таолонинг бебаҳо неъматларидан бири бу – қор. Паға-паға, оппоқ қор ёғиб бошлаганини кўрганимизда ёшу қари бирдек севинамиз: кўчалар болажонларнинг шодон қийқириғига тўлади; совуқни, аёзни назарига ҳам илмасдан аллақайларда чанг босиб ётган чанғиларини қидириб қолади улар. Завқи ичига сиғмаган болажонлар қорнинг тагида чопқиллаб ўйнаб кетса; бир оз улғайиб, хаёлпарастроқ бўлиб қолган ўсмир ёшлар қорнинг парчаларини кафтига тутиб қўлларининг тафтида эриб кетишини томоша қилади; ёши улуғларимиз эса Раббимиздан ёғдираётган қорларини бандалари учун манфаатли бўлишини сўраб дуога қўл очади.
Барибир. қорнинг севинчи бўлакча, у инсонга болалик хотираларини эслатади, оний лаҳзаларга бўлса-да, кишининг болалик хотиралари кўз ўнгидан ўтиб энтикади. Аввало, мана шу кунларга, қор неъматини яна бир карра кўриш насиб этганига шукр айтиб, меҳрибон Парвардигоримиз марҳамати ила ана шу ёғаётган қорнинг шарофатидан тоғларимизга кўп сув захираси тўпланади, далалар сувга тўйинади, бу йилги ризқимиз баракали бўлади, дея умидвор бўлади.
Аммо шу кунларда жаннатмонанд юртимизда кезаётган қора совуқлар таъсирида севинчимиз бир оз ортга чекингандек бўлди. Чунки қиш зийнати бўлмиш қорсиз совуқнинг ўзи одамнинг суягидан ўтиб кетаркан. Аммо биз Аллоҳга таваккал қилган бандалармиз, умидимизни сўндирмаймиз. Аллоҳ таолодан бу совуқларни ҳам ҳикматли қилишини, биз бандаларига ажрли бўлишини ва кўзимизни, юзимизни қор севинчи билан суйинтиришини сўраб дуолар қилаверамиз.
Парвардигоро, деҳқону чорвадорларимиз, тадбиркору миришкорларимиз, қолаверса, бутун Ўзбекистон тупроғи интиқ бўлиб кутаётган бу неъматни тез кунларда юртимиз узра ёғдиргин. Қорни кўриб шодон қийқираётган болаларимиз овози, дуога қўл очиб, хайрли қилгин, ё Раббим, дея муножот қилаётган кексаларимиз дуолари юртим узра таралиб турсин.
Обидларимиз узун тунларни ғанимат билиб ибодатини, тиловатини, муножотини янада кўпайтирмоқда.
Мана, айни кунларда юртимизда қорилар мусобақаси давом этяпти. Қуръон тиловатлари ортидан замину осмонимиз узра муҳтарам устозларимиз, қориларимиз, элу юртимизнинг дуолари ёйилмоқда. Парвардигорим, ана шу яхшиларингнинг ҳурмати юзасидан юртимизга қор неъматини ато айла!
Қизманой ҲАЙИТОВА
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон туманида энг яхши қориялар аниқланди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида аёл-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақада иштирок этган жами 57 иштирокчидан ғолибликни қўлган киритганлар рўйхатини эълон қиламиз.
Тиловат йўналиши
18–25 ёш
1. Назокатхон Алиматова
2. Саидахон Ураимова
3. Чаросхон Солижонова
26–40 ёш
1. Наргизахон Эрназарова
2. Муслимахон Мирзажонова
3. Марғубахон Кимсанова
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Қуръон мусобақасини muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг!
ЎМИ Матбуот хизмати
Қалбни поклашга шошилинг!
Қалбни поклашда биз учун асосий манба Қуръони каримдир. Қуръон қалбимизга аниқ ташхис қўяди, қалбни иллатлардан халос этади, асл фитратига мос ҳолда яшашга ундайди. Қуръон эшитган одамнинг дили ором олади. Қуръон тиловати орқали дилдаги шубҳа-гумонлар арийди.
Маълум бўлишича, Қуръон ўқиш ва эшитиш турли ёмон ўй-хаёлларни миядан чиқариб ташлайди, хотира пасайишининг олдини олади, инсонни мушоҳада юритишга ўргатади, фикрини тиниқлаштиради, ақл-заковатни ўстиради. Бу мўъжизавий Калом эътиқодимизни тўғрилайди, қалбимизни нурга тўлдиради, дилимизни равшан қилади, тасаввуримизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради.
Мана шундай Қуръони каримнинг беқиёс сифатларини юрагидан ҳис этган мўмин-мусулмонларимиз шу кунларда қорилар мусобақаси қаерда бўлса, ўша ерда ҳозир бўлишга интилишмоқда. Ҳеч бўлмаса сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали Аллоҳнинг каломи қироатидан баҳраманд бўлишмоқда.
Бугун Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида давом этаётган қорилар мусобақасига ҳам қалбларини илоҳий файзга лиммо-лим қилишни истаган кишиларимиз эрта тонгдан жамул-жам бўлиб, жон қулоқлари билан хушхон ҳофизи Каломуллоҳнинг тиловатларини тинглашмоқда. Сиз ҳам фаришталар жам бўладиган Қуръон мажлисига қўшилинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қашқадарёда Қуръони карим мусобақаси!
Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ўқигани, эшитгани, ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади.
Аллоҳ таоло Қуръонни шифо эканининг хабарини бериб, бундай марҳамат этади: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро, 82).
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон ўқиш, тажвид қоидаларига риоя қилиш, тинглаш ва унга амал қилиш кўп фазилатли ва савобли эканини таъкидлашган. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради!” деб марҳамат қилдилар”
Қуъонни ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Киши Қуръонга сомеь бўлгани учун савоб олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса (кўп) савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун (ёритувчи) нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилган). Ким Қуръоннинг бир оятини эшитса, унга ажр-савоблар кўпайтириб ёзилади.
Қуръон ўқувчига бир ажр, эшитувчига эса икки ажр бор. Ўқувчи ўқиганига ажр олса, эшитувчи эшитганига ва жим турганига ажр олади. Ўқувчи биргина аъзоси, яъни тили билан ўқиса, эшитувчи икки қулоғи билан эшитади. Ўқувчи ихтиёрий ўқиган пайтда ҳам эшитувчи мажбурий жим туриб фарз амалини бажариб тинглайди. Шунинг учун эшитишнинг савоби ўқишнинг савобидан-да кўпроқдир.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.
Қашқадарё вилоятида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ҳудудий босқичлари катта қизиқиш ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Мазкур Қуръон мусобақасининг 1-ҳудудий босқичи 2018 йил 5 февраль куни Шаҳрисабз шаҳридаги Ёшлар саройида бўлиб ўтган бўлса, 6 февраль куни Қарши шаҳар “Бахтли оила” кошонасида ушбу Қуръон мусобақасининг 2 ва 3-ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.