muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқандга ташриф буюрдилар. Бу Президент расмий веб-сайтида хабар берилди. 

Давлатимиз раҳбари Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. 

Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуада олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. 

Президентимизнинг шу йил 25 январдаги “!Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Аввалроқ, 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкаллари очилган эди. 

Айни пайтда Ислом Каримов дафн этилган ёдгорлик мажмуаси ҳудудида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Президентимиз 2017 йил 27 август куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мақбара қурилишини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг қамровли ишлар бажарилди. Натижада мажмуа яхлит меъморий ансамблга айланди. Мақбара атрофида Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун ҳолда миллий услубда айвонлар барпо этилди. Зиёратга чиқиш ва тушиш йўлаклари чети мармар панжара билан ўралди, қариялар учун замонавий лифтлар ўрнатилди. 

Зиёратга келувчиларга йилнинг тўрт фаслида ҳам қулай бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Атрофдаги йўлаклар таъмирланиб, автомобиллар тўхташ жойи барпо этилди. Қабристон девори реконструкция қилиниб, ҳудуди янада ободонлаштирилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари зиёратгоҳга келувчилар учун катта қулайликлар яратилганини таъкидлаб, бу ердаги шароитларни янада яхшилаш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.

ЎМИ матбуот хизмати

Ассалому алайкум, ҳурматли мухлислар! Жума айёмингиз муборак бўлсин! 

Muslim.uz портали ишончли ва фойдали хабар ва мақолаларни тақдим этишда давом этади. 

Маълумки, портал ижодкорлари Сиз азиз мухлисларга бир биридан ажойиб янгидан янги лойиҳаларни тақдим этиб келишмоқда. Бугун, муборак жума кунида “Жумадан жумагача” деб номланган янги лойиҳамиз ишга тушганини маълум қилмоқчимиз. Унда порталимизда бир ҳафта давомида эълон қилинган сара мақола ва хабарларнинг дайжести бериб борилади. 

Ушбу лойиҳамизнинг биринчи сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Жума, 3 ноябрь 

Эроннинг Шероз шаҳрида Дунё мусулмон ёшлари Қуръон форуми ўтказилди. Форумга Эрон ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан 700 га яқин қорилар иштирок этди. 

Россиялик дастурчилар томонидан араб тили ва Қуръони каримни ўрганувчилар учун янги дастур тақдим этилди. Дастур мустақил равишда араб алифбосини ўрганишда жуда қўл келади. 

Ҳиндистон Олий суди икки дин вакиллари никоҳини бекор қилиш тўғрисидаги қуйи инстанция қарорини бекор қилди. Суд ушбу қарори билан мусулмон оиласини сақлаб қолишга ҳукм чиқарди

Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга 2017-2018 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. 

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олди.

 Шанба, 4 ноябрь 

Дубайдаги “Kite Beach” соҳилида БАА асосчиси ҳисобланган Шайх Зайд ибн Султон ан-Наҳаённинг сурати амирлик рамзи бўлган байроқ (4 мингта) ёрдамида тасвирланди. 

“Илмфеед” гуруҳи томонидан олинган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Ушбу лавҳада тўтиқуш “Фотиҳа” сурасини ўқиди.

 Якшанба, 5 ноябрь 

Санкт-Петербург жоме масжидида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Жасур Раупов томонидан маъруза қилинди. Маъруза диний экстремистик оқимлар, ватанга садоқат, оила, унинг муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларига бағишланди. 

Душанба, 6 ноябрь 

Фидель Кастрони қойил қолдирган ўзбек ўғлони Шароф Рашидов ҳақида мақола эълон қилинди. 

Туркия Миллий ассамблеяси собиқ депутати Содиқ Бадак Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. 

Сешанба, 7 ноябрь

Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида дунёдаги энг катта байроқ ўрнатилгани бўлди. 

БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтди. 

Ҳиндистонда кенгуру шаклидаги ахлат қутисини илоҳий шакл деб ҳисоблаган одамлар унга сиғинишни бошладилар. 

Чоршанба, 8 ноябрь 

“Йил имоми-2017” кўрик танлови Республика босқичи ўтказилди

Ўзбекистонда “Ҳалол” стандартлари жорий этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. 

Пайшанба, 9 ноябрь 

Саудия Арабистонида чўл бағридан келажак шаҳри барпо этилади. Шаҳар қурилишига 500 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Астрахан шаҳридаги Қизил масжид ва Қора масжидларида меҳнат муҳожирлари билан учрашувлар ўтказдилар.

Пятница, 10 Ноябрь 2017 00:00

“Йил имоми – 2017” (видео)

Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ ва баркамол фарзанд ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди. Фарзандлар «Жаннат райҳонлари» деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Онамиз Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар», — деганлар.

Урф-одат ва қадриятларимизда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аёл тўрт нарсаси: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти).

Келин танлашда ва унинг келажакда она бўлиши, туғишга лаёқатли, соғлом бўлишига эътибор бериш лозим. Чунки уйланишдан асосий мақсад инсон наслни давом эттиришдир. Инсониятнинг кўпайиши, наслининг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир жа¬молли ва ҳасабли аёл топдим, аммо у туғмас экан, шунга уйланаверайми?» деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ», дедилар. Ўша киши у зот олдилари¬га яна келди. Яна қайтардилар. Учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар, мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким). Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак.

Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўлгани учун ҳатто пайғамбарларга ҳам бир жинсда ёки бир хил миқдорда фарзандлар берилмаган. Масалан: Лут[1] ва Шуайб[2] алайҳимуссаломларга фақат қиз фарзандлар, Иброҳим (алайҳиссалом)га фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммад (алайҳиссалом)га ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар берган. Яҳё ва Исо (алайҳиссалом)га фарзандсиз бўлишини ирода этган.

Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Аллоҳ таоло инсонни тўрт қисмдан иборат қилиб яратди: баъзилари фақат қиз фарзанд кўради: баъзилари фақат ўғил кўради: бошқалари ундан ҳам бундан ҳам баҳраманд бўлади: баъзилари умуман фарзанд кўрмайди».

Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишишда фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик чоғида кўп асабийлашган, бошига бирор ғам, мусибат тушган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фарзандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаром йўлда топилган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун ота-онанинг ўзи, аввало, ҳалол овқат ейиши керак. Шундагина пуштидан бўлан бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади. Она ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва нораво овқатлардан, ношаръий ишлардан тийилиши керак».

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуддин» китобида шундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда бахтли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб ва таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка йўлиқади, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши гуноҳкор бўлади».

Шунингдек, ҳар бир фарзандга ота-онага яхшилик қилиш одобини ўргатишимиз даркор. Ота-онадан олдинга ўтиб юрмаслик, улардан юқорига чиқиб ўтирмаслик, насиҳатларидан аччиқланмаслик, улардан олдин таомга қўл чўзмаслик, ухлаганида юқорида ётмаслик ва буюрганини бажариш кабилар ота-онага яхшилик қилиш одобига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24).

Ақиқа: Ҳар бир диннинг ўзига хос маросим ва тантаналари мавжуд. Шариатимизда «Ақиқа» шундай маросимлардан биридир. Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Чақалоқ ила ақиқа бордир. Бас, унинг учун қурбонлик қилинг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар»[3].

Аввало «ақиқа» нима ва у қандай маросим экани тўғрисида тўхталиб ўтсак. «Ақиқа» – бу гўдак туғилганида шукронаси учун сўйиладиган ҳайвон (одатда қўй)га айтилади. Ақиқанинг ҳукми шуки, уни адо этишга қодир кишилар учун аксар уламолар суннати муаккада деганлар. Бу хусусида пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)дан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган: «Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир». Бу ҳадиси шариф шарҳида айтилишича, туғилган ўғил боланинг сочини олиш мустахаб амал бўлиб, лекин қиз боланинг сочи олинмаса ҳам жоиз.

Ақиқанинг ҳикматларидан бири шуки, инсон боласининг ёруғ дунёга келиши Аллоҳ ато этган энг улуғ ҳодисадир. Фарзандини туғаётган онанинг соғ-саломат қолиши ва яна фарзандни соғ-саломат дунёга келтириб, яна уни ўз ҳифзи-ҳимоясига олишини сўраб, Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.

Ақиқа маросимида сўйиладиган жонлиқнинг шартлари қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг шартларига ўхшайди. Қурбонликка нима сўйиш жоиз бўлмаса, ақиқада ҳам ана шу нарса жоиз эмас. Ақиқада пиширилган таомни истеъмол қилиш қурбонликники каби таомни бошқаларга едириш, садақа ва ҳадя қилишдан ташқари, соҳиби эҳсон бир қисмини оиласига олиб қўйиши жоиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларга ақиқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақиқа қилиш мусулмонларга суннат бўлиб қолди. Шунингдек, ақиқа кунида туғилган болага чиройли, маъноли исм қўйиш, сочини олиш ва сочи миқдорида пул садақа қилиш ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир чақалоқ ақиқаси билан гаровлидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», — дедилар». Имом Байҳақий ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ақиқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», — деганлар. Шу ҳадисга мувофиқ ақиқани бола туғилгандан сўнг 7 кунда, имконият бўлмаса 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Агар шу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлаверади. Агарда туғилган фарзанд етти кундан олдин вафот этса, ақиқа қилинмайди[4].

Мусулмон оилада янги туғилган фарзанд учун ақиқа қилиш ҳақида келган ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганган уламолар бу ишни салафи солиҳларимизнинг барчалари қилганларини таъкидлайдилар. Албатта, бир фарзанд дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат доимий такрорланиб тургани учун унча аҳамият берлмайди, холос. Она қорнидан гўдакнинг эсон-омон ёруғ дунёга келиши, онаси ҳам соғ қолиши оддий ҳолат эмас. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайр-садақа қилинса, шунча оз. Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб, дабдабага йўл қўймасликлари учун ёки аксинча ҳолат бўлмаслиги учун шариатда ақиқада нима қилиниши ва унинг қай миқдорда бўлишини ҳам кўрсатиб қўйилган. Дастлаб Набий (алайҳиссалом): «Ўғил болага иккита, қиз болага бир қўй», дедилар». Сўнгра озгина фурсатдан кейин бир гуруҳ мусулмонлар келиб ўғил болага иккитадан қўй сўйиш оғирлик қилганидан шикоят қилганлар. Шундан кейин Расул (алайҳиссалом): «Шу бугундан бошлаб ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам биттадан қўй сўйилади», — деб эълон қилганликлари саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган.

Баъзи олимлар боланинг соғ-саломат бўлиши, синди-чиқдиларга йўлиқмаслиги ҳақида яхши ният қилган ҳолда унинг учун ақиқага сўйилган ҳайвоннинг суяги синдирилмаса яхши бўлади, деганлар. Ақиқага сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақир-мискинларга тарқатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, шу гўштдан қўни-қўшни ва дояга ҳам берилса, бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)ларга биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар». Сунан эгалари ривоят қилган. Термизий лафзида: «Набий (алайҳиссалом) Ҳасанга бир қўй сўйиб ақиқа қилдилар ва: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин», дедилар. Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дирҳамнинг баъзисича чиқди», — дейилган[5].

Абу Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Жоҳилият вақтида бирортамиз ўғил кўрса, қўй сўйиб унинг қонини боланинг бошига суртар эди. Аллоҳ Исломни келтирганида эса, қўй сўядиган, сочини олдирадиган ва бошига заъфарон суртадиган бўлдик»[6].

 

[1] Лут (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг биродари – Ҳороннинг ўғли эди. Лут яшаган минтақа серҳосил, унумли ер бўлганидан у ерга атрофдан бегона одамлар кўчиб кела бошлаган. Уларни келтирмаслик учун шайтон келганларни қийноққа солишга, фаҳш ишларни қилишга ундайди. Улар дастлаб бегона, ёт кишиларга нисбатан шундай ишларни қилганлар. Кейинчалик бу қилиқ ўзларининг ораларида ҳам кенг тарқалгач, улар Аллоҳнинг ғазабига учраб, осмондан устиларига тош ёғилиб барчаси ҳалок бўлган. Лут (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) билан бирга Шоми шарифга ҳижрат қилиб келганларидан кейин Аллоҳ таоло ул зотни Ўлик денгиз ёнидаги Садум деган жой кишиларига пайғамбар қилиб юбора-ди. Уларни ҳар қанча имон ва солиҳ амалларни қилишга даъват қилсалар ҳам улар ўзларининг бузуқ ақидалари ва фаҳш ишларидан қайтмаганлар. 

[2] Шуайб (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) қавмидан бўлиб, кўзлари кўр, лекин нотиқликда «Пайғамбарлар хатиби» деган унвон олган экан. Бу зотнинг қавми куфр ва маъсиятда ҳаддан ошган, олди-сотди ишларида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш каби ёмон сифатларга эга бўлган экан. Шуайб (алайҳиссалом) кўп даъват ва насиҳат қилсалар ҳам, уларга кор қилмагач, қилмишларига жавобан зилзила азоби билан жазоланиб, ҳалок бўлдилар. Шуайб (алайҳиссалом) икки қабилага юборилган: «Айка» – «ўрмон» аҳлига ва Мадян аҳлига. Айка қабиласи кишилари булут, яъни осмон балоси билан, Мадян аҳолиси эса, ер силкиниши билан ҳалок бўлган (Хз.). 

[3] Шарҳ: «Ақиқа» луғатда қирқиш маъносини англатиб, қадим арабларда янги туғилган боланинг сочига айтилган. Шариат таълимотларига мувофиқ туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади. Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади. Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган. «Чақалоқ ила ақиқа бордир». Ҳадисдаги бу жумлани, янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан, деб тушунилади. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир. Яъни, янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйиш. Бу муносабат ила қон чиқариш қандоқ бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади. «Ундаги нопокликни кетказинг». Янги туғилган боладаги нопоклик деганда, туғилган пайтида унга ёпишиб қолган қон, соч ва баъзи уламоларнинг айтишларича олатининг хатна қилинадиган қисми ҳам тушунилади. Биринчи иккиси машҳур. 

[4] Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто Хуросонийлар ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир. Агар унга ақиқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман, деб туриб олади. Шундоқ қилиб, у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади, деганлар. Имом Лайс ва Довуд Зоҳирий ва бошқалар эса, янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир, шунинг учун ақиқа қилиш вожибдир, деганлар. Лекин жумҳури уламолар «ақиқа» қилиш суннати муаккада, деганлар. 

[5]Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага, албатта, иккита қўй сўйиб ақиқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам бўлавериши чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларига хитоб қилиб: «Эй, Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин» дейишларидан бунга ўхшаш ишларни оналар қилса афзаллиги чиқади. Боланинг сочи вазнида кумуш садақа қилишда мустаҳаб амал бўлиб, боланинг яхши ўсиши учун қилинган яхши ниятнинг белгисидир. 

[6]Шарҳ: Ушбу ривоятда янги туғилган фарзанд муносабати ила қилинадиган ишларда жоҳилият ва Исломнинг қандақ фарқи борлиги яққол кўриниб турибди. Ровий Абу Бурайда розияллоҳу анҳунинг гапларига яхши эътибор берайлик, шунда бу нарса аниқланади. «Жоҳилият вақтида бирортамиз ўғил кўрса, қўй сўйиб унинг қонини боланинг бошига суртар эди». Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, янги туғилган боланинг бошига ҳаром қонни суртиб, уни ифлос нарсага булғашдан нима фойда бор? Бу жоҳилий ишда кимга манфаат бор? Ҳеч нарса йўқ. Фақатгина болага турли ифлосликларни яқинлаштириш ва унинг азиз бошини ҳаром нарсага булғаш бор, холос. Заъфарон хушбўй нарса бўлиб, у суртилган жойдан ажиб бир ҳид анқиб туради. Заъфароннинг ҳиди ҳузур бахш этади, руҳни тетик қилади.

Давоми бор...

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Пятница, 10 Ноябрь 2017 00:00

“Тинчлик – улуғ неъмат”

Кеча Тошкент вилоятининг Бўка туманида “Қодирхон махсум” жоме масжиди имом-хатиби Азимжон Олимжонов ташаббуси  билан Тошкент вилоят ҳокимияти, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакиллиги  ҳамкорлигида “Тинчлик – улуғ неъмат” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилоятидаги туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари ўринбосарлари, маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, ўқитувчилар, мактаб ўқувчилари ва кенг халқ оммаси таклиф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита ходими Муҳаммадбобур Йўлдошев, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов ва Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоира Мавлонова ҳамда Бўка тумани бош имом-хатиби Баҳриддин домла иштирок этди.

Тадбир юртимиздаги ва оилаларимиздаги тинчлик, хотиржамлик шукронаси мавзусига бағишлаб ташкил этилди. Сўзга чиққан нотиқлар ўз маърузаларида тинчлик неъматининг қадрига етиш, интернетдаги турли бузғунчи оқимларнинг таъсиридан сақланиш, ёшларни соф исломий ақидалар асосида тарбиялаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан сўз юритдилар.

Тадбир доирасида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло қози саксонта китоб эҳсон қилди. “Қодирхон махсум” жоме масжиди жамоаси ҳомийлар билан биргалашиб 40та кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатди.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top