muslim.uz
Султоннинг улкан масжиди
Мансур Сайфуддин Қаловун Алфий – Мисрдаги Баҳрийлар сулоласидан чиққан мамлук султони. 1279–1290 йиллар орасида ҳукмронлик қилган. Қаловун арзон қуллар бозоридан сотиб олинган оддий йигит бўлган. У ҳарбий санъатни мукаммал эгаллаб, ўзига бахтиёр келажак тайёрлади ва Миср султони даражасига кўтарилди.
Ҳукмдор қурдирган масжид жуда ҳам улкан бўлиб, масжид ҳудудида мадраса, музей ва карвонсарой мавжуддир. Ансамбл 1284 йилларда Сурия анъаналари бўйича султон Қаловун томонидан қурдирилган. Бу ансамбл аввалги Фотимийлар саройи ўрнида барпо қилинган.
Машҳур араб сайёҳи ва тарихчиси, "барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ" дея таъриф этилган Ибн Баттута (1304–1368) ўзининг машҳур “Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор” ("Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа") асарида Мансур Сайфуддин Қаловун ҳақида қуйидаги хотираларини баён этган: "Мен Мисрга кирган пайтимда унинг султони подшоҳ Носир Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Малик ал-Мансур Сайфуддин Қаловун ас-Солиҳий эди. Қаловун “Алфий” (минглик) деб аталар эди. Чунки подшоҳ Солиҳ уни минг тиллага сотиб олган бўлиб, асли қипчоқлардан эди.
Подшоҳ Носир олижаноб хулқ, буюк фазилатлар соҳибидир. Икки Ҳарам ходими бўлишга сазоворлигининг ўзи унга етарли шарафдир. Шунингдек, ҳар йили таъминоти тугаган, заиф ҳожиларга йўл озуқаларини ортиш, Миср ва Шомнинг оғир йўлларида ортда қолган ва юролмай қолганларга миниши учун туялар бергани ҳам мақтовга сазовордир. У Қоҳира ташқарисидаги Сирбоқусда муҳташам бир хонақоҳ барпо этган. Бироқ мавлоно, амирул-мўминин, носируддин, фақир-мискинлар паноҳи Байдо (Касабланка) шаҳри (Аллоҳ уни сақласин) ташқарисида қурган хонақоҳ мустаҳкамлиги, гўзал қурилиши, машриқ аҳлининг қўлидан келмайдиган даражадаги ганжин нақшлари билан бутун ер юзида бемислдир".
Раҳимберди РАҲМОНОВ,
Тошкент шаҳридаги
"Хўжа Аламбардор" жоме масжиди
имом-хатиби тайёрлади.
Ўзбекистон ҳаж делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Ҳаж делегацияси бугун 18 январь куни Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. Ушбу сафар 7 кун давом этади.
Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бантин таклифига асосан, «Ҳаж–2017» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов – делегация раҳбари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги делегация бугун Жидда шаҳрига етиб боради.
Шунингдек, уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов ва Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов ҳамроҳлик қилишмоқда.
Сафар давомида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ва Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар ўртасида «Ҳаж–2017» мавсумининг ташкилий ишлари ўзаро кўриб чиқилади. Шу мақсадда Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Жидда шаҳарларида жорий йил ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларга хизмат қилувчи идоралар ва муассасалар раҳбарлари билан келишиб олинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аллоҳ таоло Одам ва Ҳаввога ўргатган калималар
قالاربنا ظلمنا انفسنا وان لم تغفر لنا وترحمنا لنكونن من الخاسرين
“Улар “Эй Роббим, ўзимизга ўзимиз зулм қилдик. Агар Ўз раҳмату мағфиратингга бизларни олмасанг, бизлар ҳасрат ва надоматда қолиб кетамиз” дедилар”.
Бу шундай калималарки Аллоҳ таоло Одам ва Ҳаввога ўргатган. Улар мана шу сўзларни айтиш ила Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришдилар. (Тафсирул муяссар).
Зоҳҳак ибн Музаҳим юқоридаги оят ҳақида “у шундай калималарки Одам ўз Роббисидан қабул қилиб олган ва у ила гуноҳлари кечирилган” деган. (Тафсиру Ибн Касир).
Одам ва Ҳавво Аллоҳ таоло қайтарган ишни қидилар. Биргина шу қилмишлари туфайли Жаннатдан ҳайдалдилар. Аллоҳ таоло уларга меҳрибонлик қилиб юқоридаги калималарни таълим берди. Улар шу калималарни чин қалбдан талаффуз қилганликлари ва уларни тақозосига амал қилганликлари учун мағфират қилиндилар. Кимки гуноҳ ишни қилиб қўйса, сўнгра Одам ва Ҳавводек истиғфор айтсалар Аллоҳ таоло кечиради. (Тафсирус Саъдий).
Абу Жаъфар Тобарий: “Бу Аллоҳ таоло Одам ва Ҳаввони гуноҳларини, Улар гуноҳ қилиб, гуноҳларини эътироф этиб, афсус ва надомат қилганларида кечиргани ҳақидаги хабардир. Оятнинг маъноси: “Эй Роббимиз! Бизлар сенга исён қилиб, сени ва ўзимизни душманимиз бўлган Иблисга итоат қилиб, сен бизларни уни ейишдан қайтарган дарахтдан едик. Агар сен бизларни гуноҳимизни кечирмасанг, иқобинг ила бизларни шарманда қилишни тарк қилмасанг ва лутфу караминг ила бизларга раҳм қилмасанг албатта биз ҳалок бўлувчилардан бўламиз.” деганидир” деб айтган. (Тафсирут Тобарий).
Бу ояти каримада Муътазилаларни зарарига раддия бор. Улар сағира гуноҳлар мағфират қилингандир. Улар учун Аллоҳ таоло азобламайди дейдилар. (Тафсирун Насафий).
Демак Агар инсон катта ва кичик гуноҳлари учун истиғфор, тавба ва надомат қилмаса оқибати жуда ҳам хатарлидир. Аллоҳнинг ўзи сақласин.
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллох Ўғли
Андижонда йил якунига бағишланган йиғилиш
2017 йил 17 январь куни Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг 2016 йил якунларига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров вакиллик, масжидлар ва имом-хатиблар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик ҳисобот берди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов иштирок этиб, ўтган 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” мобайнида Андижон вилоятида диний соҳада эришилган ютуқ ва камчиликлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида керакли кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида 2016 йилда фаол ва самарали меҳнат қилган бир гуруҳ имом-хатибларга Андижон вилоят вакиллиги, вакиллик касаба уюшмаси қўмитаси ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг мақтов ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Маҳмуд Халил Ҳусорий
Миср ва Сурия Ислом оламида Қуръони каримни қироатини энг яхши ва хуш овоз билан ўқийдиган қорилар юртлари сифатида машҳурдир. Айниқса, Абдулбосит Абдуссомад, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мустафо Исмоил, Али Банно каби Қуръон ҳофизларининг шуҳрати оламга кенг ёйилган. Улар орасида устоз қорилардан, Қуръони карим ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Ҳусорий алоҳида ўрин тутади.
Фазилатли шайх Маҳмуд Халил Ҳусорий ҳижрий сана бўйича 1335-йили Зулҳижжа ойида мелодий 1917 йили сентябр ойининг 17-кунида Мисрнинг ғарбий вилояти Тонтонинг маркази Шуброн намлаҳ қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси бўйра тайёрлаб сотарди. Бўйрани арабчада “ҳасир”дейишади. Шунинг учун у кейинчалик “Ҳусорий” тахаллуси билан машҳур бўлди. Маҳмуднинг болалик ва ёшлик даври отасига тирикчилик ишларида ёрдам бериш билан кечди. Орада Қуръони каримни ҳифз этишни бошлади ва саккиз ёшидаёқ ёд олди. Ўша даврнинг машҳур Қуърон ҳофизи Иброҳим Саломдан сабоқ олди. Тенгдошлари Мустафо Исмоил ва Маҳмуд Али Баннолар билан мусобақалашиб Қуръонни ўрганишди ва тадқиқ қилишди.
Қуръони каримни тажвид қоидаларига биноан мукаммал қилиб, хуш овоз билан тиловат қилиши Маҳмуд Халил Ҳусорийни бутун мамлакатга машҳур қилиб юборди. У мелодий 1944 йили ҳижрий 1364 йили Миср радиоси ташкил этган қорилар таловида икки юз нафар қори ичида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳоннинг энг кучли қориларидан бири эканини исботлади.
У Қуръон ҳофизи бўлибгина қолмади. Тинимсиз изланишлар, чуқур тадқиқотлар эвазига Қуръони карим ҳомилига, яьни, Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга маьноларини тушуниб, уни ҳаётга татбиқ этувчи, унга амал қилувчи кишига айланди.
1944 йилдан бошлаб Масжидул Аҳмадийда, 1955 йилда эса Масжидул Ҳусайнийда Қуръон тиловат қилиб берувчи ва Миср қорихоналарини назорат қилувчи ва тафтишчиси эди. Кейинчалик мелодий 1961, ҳижрий 1381 йили шайхлик ловозимини бошқарувчи этиб тайинлангунига қадар унга мудир ўринбосари этиб тайинланди. У биринчи бўлиб мелодий 1961 йили, ҳижрий 1381 йили Ҳафс Осимдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўринишда чиқарган. Мисрда чамаси 10 йил родио эшиттиришларда Ҳусорий чиқарган биргина Қуръони каримни овозли нусхасидан фойдаланилган. Мелодий 1964 йили, ҳижрий 1384 йили Варш Нофеьдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўриниши чиқаради. Кейинчалик мелодий 1968 йили, ҳижрий 1388 йили Қолун ад-Дурийдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўриниши чиқаради. Мана шу йилнинг ўзида “Бутун Дунё Ислом Қорилари” бирлашмасини раиси этиб тайинланади.
1965 йили уни Миср Вақф ишлари вазирлигига Қуръони карим бўйича маслаҳатчи вазифасига тайинлашди. Кейинчалик муқаддас Қуръони мажид соҳасида илмий-тадқиқот ишлари учун унга “Қуръон фанлари доктори” деган унвон берилди. Қуръон ҳомили илоҳий ваҳйнинг дахлсиз ва ўзгаришсиз асралишида катта қатъият ва фидокорлик кўрсатди. Исроилда Қуръони карим изоҳлари бузиб талқин қилинганида Маҳмуд Хусарий бу сохтакорликларни биринчи бўлиб кескин рад этди. Машҳур қори кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, ўша мамлакатлар мусулмонларининг Қуръон билан боғланишларини мустаҳкамлаш, Илоҳий каломни тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилишда, қорилар тайёрлаш ишларида уларга холисона кўмаклашди. Бу хайрли амалларда кўп ғайрат ва шижоат кўрсатди. Унинг ана шу саъй-ҳаракатлари натижасида ғайримуслим ўлкалардаги бошқа диндагиларнинг Исломга киришлари сезиларли даражада кўпайди.
У ҳаётининг сўнгида ўзининг барча мол мулкини учдан бирини Қуръони каримни хизмати ва Қуръони каримни ёдловчилар учун берилишини васият қилган.
Қуръон ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Ҳусарий мелодий 1980-йили 24-Октябр, ҳижрий 1401-йил Муҳаррам ойиниг 16 душанба куни Қувайтга кетаётиб, йўлда вафот этди.
Таълиф этган китоблари:
- Аҳкаму қироатил Қуранил карим
- Алқироатул аьшр минаш Шотибийя вад Дурраҳ
- Маолимул иҳтидаи ила маьрифатил вақфи вал ибтида
- Алфатҳул кабир фил истиаьзати ват такбир
- Аҳсанул асар фи тарихил қурроил арбаьата аъшар
- Маъал Қуранил карим
- Қироату Варш ан Нафиь маданий
- Қироатуд Дурий ан Абий Аъмр Басрий
- Нурул қулуб фи қироатил имам Яьқуб
- Ассабилул муяссар фи қироатил имам Абий Жаьфар
- Ҳуснул масарроҳ фил жамъи байнаш Шотибийя вад Дурраҳ
- Аннаҳжул жадид фи илмит тажвид
- Роҳалати фил ислам.
Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллох Ўғли
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.