muslim.uz
Машҳад ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таркибий тузилмаси ҳисобланган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти – ISESCO томонидан, Эрон ислом республикасининг Машҳад шаҳри, 2017 йилда ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилинди.
Жорий йилнинг 24 январь куни Машҳад шаҳрида ўтказиладиган тантанали анжуманда АйСЕСКО ташкилотининг Бош директор ёрдамчиси Амина ал-Ҳажарий қатнашиб, ташкилот Бош котибининг маърузасини ўқиб эшиттиради.
Шунингдек, Амина ал-Ҳажарий 23 январь куни анжуманни ўтказишга мутасадди бўлган ташкилий қўмита билан ҳам йиғилиш ўтказади. У ўз ташрифи доирасида, Машҳад шаҳридаги қатор маданий ва маърифий марказларнинг очилиш маросимида ҳам иштирок этишни режалаштирган.
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади
Футбол мусобақаси бошланди
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида навбатдаги турнир бошланди. Бўлиб ўтаётган футбол турнири кенг жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Жамоаларнинг турдан турга кучайиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади.
1-тур натижалари қуйидагича:
“Дўстлик” (ТВИ) |
1 - 8 |
“Минор” (ТШИ) |
“Бухорий авлодлари” (ТИИ) |
8 - 4 |
“Кўкалдош” |
“Ҳазрати Имом” (ЎМИ) |
7 - 6 |
“Мовароуннаҳр” |
Эслатиб ўтамиз кейинги ўйин жорий йилнинг 24 январь куни бўлиб ўтади.
ЎМИ ахборот хизмати
Муаммолар ечимини Қуръондан изланг
Биз кўпинча ҳаётимизда рўй берадиган воқеъа-ҳодисалардан норози бўламиз. Шунда ўзимизга-ўзимиз: нега менга бу мусибат етди? Нега бошқаларга эмас, айнан менга синовлар кўп бўлаяпти? Бу қийинчиликларни ниҳояси борми ўзи? Ва ҳоказо шу каби саволлар бера бошлаймиз. Албатта, мўмин киши яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига имон келтиради. Бироқ шундай бўлсада, айрим кишилар орасида шу каби саволлар ҳали-ҳануз учраб тургани тез-тез қулоққа чалинади. Шу каби саволларга Аллоҳнинг каломидаги оятлардан жавоб топишга уринамиз. Шоядки, айрим инсонлар Каломуллоҳдан келтирилган жавобларни ўқиб, қалблари таскин топса.
- Савол: Нега Аллоҳ таоло мени бу каби мусибатлар билан синаяпти?
Жавоб:“Одамлар:“Имон келтирдик”,–дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку!..”(Анкабут 2-3).
“...Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз...” (Анбиё, 35).
- Савол: Нега мен ўзим хоҳлаган барча нарсаларга эриша олмаяпман?
Жавоб: “...Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара, 216).
- Савол: Нега кучим етмайдиган юмуш мени елкамга тушди?
Жавоб: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”(Бақара, 286).
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5-6).
- Савол: Ўзимга ишончим йўқолиб бормоқда, нима қилсам бўлади?
Жавоб: Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз” (Оли Имрон, 139).
- Савол: Сабр-бардошим борган сари тугаб бормоқда, нима қилсам бўлади?
Жавоб: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200).
“(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).
- Савол: Очиғи, қийналиб кетдим, кимдан ёрдам сўраб, кимга суянишни ҳам билмай қолдим?
Жавоб: “...Менга Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унга таваккул қилдим. У буюк Аршнинг парвардигоридир!”(Тавба, 129).
- Савол: Мен бу мусибатларга, қийинчиликларга ортиқ бардош беролмайман, мен учун ҳам яхши кунлар борми ўзи?
Жавоб: “...Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф, 87).
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”(Зумар, 53).
- Савол: Ҳаётимда мени қувонтирадиган бирор бир нарса йўқ, нимадан хурсанд бўлай, ахир?
Жавоб: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус, 58).
Ушбу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Ҳасан Басрий ва Қатода (роҳимаҳумуллоҳ)лар оятдаги “Аллоҳнинг фазли” – ислом. “Унинг раҳмати” – Қуръон, деб тафсир қилганлар. Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу) эса, Аллоҳнинг фазли – Қуръон, Унинг раҳмати – Қуръонга аҳл бўлишдир, деган. Бундан бошқача тафсирлар ҳам мавжуд.
- Савол: Аллоҳ таоло менга ҳам яхши кунларни насиб қилармикан?
Жавоб: “...Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир”( Бақара, 143).
Интернет маълумотлари асосида
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.
Масхаралаш
Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир» дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَوْمٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَى أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَى أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
“Эй мўминлар, бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар (масхара қилинган қавм) (Аллоҳ наздида) булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар (масхара қилинган аёллар) булардан яхшироқдир. Ўзаро бир-бирларингизни мазах қилманг ва бир-бирингизга лақаб қўйманг. Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзларига зулм қилувчидирлар”( Ҳужурот 11).
Бир инсон бир инсонни ўз ўлчови наздида паст санаши масхаралаш дейилади. Бир киши учун арзийдиган нарсани биров назарписанд қилмасдан уни ҳақир санаши. Масалан: кимнингдир ўғил фарзанди йўқ, ҳаммаси қиз. Ўғил фарзанди бор инсон, ўғли йўқ кишини камситиши ёки мансабдор шахс мансабсизни таҳкирлаши, оддий кийинган кишини башанг, зўр кийинган кимса назарписанд қилмаслиги ва ҳоказо...
Уламолар айтади, масхаралаш ва кишининг устидан кулиш бу динсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ عَيَّرَ أَخَاهُ بِذَنْبٍ لَمْ يَمُتْ حَتَّى يَعْمَلَهُ ».
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, ўша айбга мубтало бўлмасда ўлмайди” деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Бир инсонни бор камчилиги билан ёки касаллиги туфайли айблаб таҳқирлаган кишини Аллооҳ таоло ўша ҳолатга туширмасдан жонини олмайди.
عَنْ أَبِي جُرَيٍّ الْهَجْمِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : أَتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ اعْهَدْ إِلَيَّ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم : وَإِنِ امْرُؤٌ عَيَّرَكَ بِشَيْءٍ يَعْلَمُهُ فِيكَ فَلا تُعَيِّرْهُ بِشَيْءٍ تَعْلَمُ فِيهِ فَيَكُونُ وَبَالُ ذَلِكَ عَلَيْهِ وَأَجْرُ ذَلِكَ لَكَ
Абу Журай (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг олдиларига келиб, дедим: “Ё Расулаллоҳ, менга васият қилинг”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Бир киши сени айбингни билиб олиб, юзингга солса, сен унинг айбини билсанг ҳам, юзига солмагин. Қўявер балоси ўзига, савоби сенгадир” дедилар. Ибн Ҳиббон ривояти.
عن عائشة رضي الله عنها قالت : مَرَّ رَجُلٌ مُصَابٌ عَلَى نِسْوَةٍ فَتَضَاحَكْنَ بِهِ يَسْخَرْنَ فَأُصِيْبَ بَعْضُهُنَّ
Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди” дедилар. Имом Бухорий ривояти.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لاَ يَخُونُهُ وَلاَ يَكْذِبُهُ وَلاَ يَخْذُلُهُ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ عِرْضُهُ وَمَالُهُ وَدَمُهُ التَّقْوَى هَا هُنَا بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْتَقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ ».
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Мусулмон мусулмонга хиёнат қилмайди, бир-бирини алдамайди, ёрдамсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмоннинг жонига, молига тажовуз қилмоғи ва обрўйини тушурмоғи ҳаромдир. Тақво мана бу ерда бўлади”, деб қалбларига ишора қилдилар, “Мусулмон ўз биродари мусулмонни масхаралаб ҳақорат қилмоғи, унинг ёмон эканлигига кифоя қилади” дедилар. Имом Термизий ривояти.
Аллоҳ таоло Ўзи азиз ва мукаррам қилиб яратган инсонларни хақорат қилиб, масхаралаб ва камситиб, натижада шу иллатлар туфайли икки дунё саодатидан бебаҳра қолишдан Яратган Раббимиз бизларни асрасин.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Саудияликлар Яратгандан ёмғир сўрашмоқда
Қиш фасли бўлишига қарамасдан, Саудия арабистонида деярли ёғингарчилик кузатилмаяпти. Шу муносабат билан подшоҳ Салмон ас-Сауд мамлакат аҳолиси ва меҳмонларни Яратгандан ёмғир сўраб, дуо қилишга чақирмоқда.
Жорий йилнинг 26 январ пайшанба куни мамлакатнинг барча масжидларида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига мувофиқ, ёмғир ёғишини сўраб, истисқо намози адо этилади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Бирлашган араб амирликларида ҳам истисқо намози ўқилган эди. Бунинг натижаси ўлароқ, амирликнинг ўтган йил қиш мавсумида мутлақо ёғингарчилик кузатилмаган айрим ҳудудларида ҳам ёмғир ёғиб ўтгани маълум қилинган эди. Интернет нашларида, Бирлашган араб амирлигидаги ушбу хушхабардан таъсирланган Саудия подшоҳи, мамлакатда ҳам истисқо намозини ўқиш тўғрисида кўрсатма бергани, айтилмоқда.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.