МАҚОЛА

Сафларни тўғриланг, жипслаштиринг!

Жамоат билан намоз ўқиш суннати муаккададир. Жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир. Жамоатга Аллоҳнинг раҳмати тушиб туради.

Жамоат намозида сафлар жипс ва текис бўлиши ҳам суннатдир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёки албатта, сафларингизни тўғри қилурсиз, ёки Аллоҳ юзларингизни қарама-қарши қилиб қўюр”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).

Жамоат намозида сафни тўғри олиш ўта муҳим, сафни тўғриламаслик ўзаро нафрат ва ёмон кўришга олиб келади.

Имом Муслим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафларни худди камон ўқини тўғрилагандек тўғрилашларини ривоят қилган. Шунинг учун имомлар жамоатга сафларни тўғрилаш лозимлигини доим эслатиб туришлари лозим.

Масжидга келганда биринчи сафдан тўлдириб бориш керак. Биринчи саф иккинчи сафдан, иккинчи саф учинчи сафдан афзал ҳисобланади.

Биринчи сафда имомнинг ортида имомликка лойиқ аҳли илм ва қорилар туриши керак. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга сизлардан етуклик ва ақл эгалари яқин турсин. Сўнгра уларга яқин келадиганлар”, деб уч марта айтдилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоят қилган). 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилина­ди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчилар­га салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Биринчи сафда бўш жой бўлса, орқа сафдаги киши иккинчи сафдагилар орасидан биринчи сафга ўтаверади. Бунда иккинчи сафдагиларга озор берган бўлмайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни жипслаштиринглар, орани яқинлаштириб, бўйинларни тўғри (чизиқда) тутинглар! Жоним измида бўлган Зотга қасамки, мен сафдаги оралиқлардан шайтонларнинг худди қора қўзичоқлар каби кираётганини кўраман”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилган)

Сафда оёқларни эмас, елкани елкага теккизиб, жипсланиб, бўш жой қолдирмай, олдинга ёки орқага эгилмай туриш шарт.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларни тўғриланг! Елка­ларингизни тенглаштиринг! Очиқ жойларни тўлдиринг! Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг! Шайтон учун очиқликлар қолдирманг! Ким сафни етказиб (тўлдириб) турса, Аллоҳ ҳам уни (муродига) етиштиради. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилган).

Сафни тўғрилаш ёки тўлдиришга ишора бўлганида шошилмай, мулойимлик ила ҳаракат қилиш лозим.

Сафда бир кишининг ўзи ёлғиз туриши макруҳдир. Шунинг учун кечиккан киши имом руку қилгунча, кимдир келиб, ёнига туришини кутиб туради. Агар ҳеч ким келмаса, олдинги сафнинг ўнг ёки чап четидаги бир кишининг елкасига енгил туртиб, орқага ўтишга ишора қилади. Агар олдинги сафда турган бу масаладан хабари бўлмай, намозини бузиб қўйиш хатари бўлса, сафда бир ўзи туриб, имомга иқтидо қилаверади. 

Намоз ичида бир саф миқдорича юриш, яъни олдинги сафга ўтиш намозни бузмайди. Аммо икки саф олдинга юрмоқчи бўлса, ўртадаги сафда бир оз (энг камида уч тасбеҳ айтиш муддатича) тўхтаб, кейин олдинги сафга ўтиши керак. Бирданига икки саф юрса, намози бузилади (“Оламгирия”, “Қозихон”).

Манбалар асосида

Акмалхон АХМЕДОВ

тайёрлади.

Read 529 times

Мақолалар

Top