www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2017-2021 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2021” битирув тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИИ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро муносабатлар кафедраси профессори Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим, Имом Мотуридий илмий тадқиқот маркази директори Даврон Мақсудов сингари мартабали меҳмонлар ташриф буюришди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институтида узоқ йил меҳнат қилган фахрий устозлар, имом-хатиб ва ходимлар ҳам қатнашди.

Хатмона маросимини Диний идора матбуот хизмати ходими Абдулқаюм Йўлдошев олиб борди. Тадбир аввалида давлат мадҳияси янгради. Сўнг Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси Абдулбасир қори Камалов Қуръон каримни тиловати қилди, Салоҳиддин устоз Шарипов хайрли дуо қилдилар.

Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг минбарга Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловлар чиқиб битирувчиларни табриклашди.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларнинг ҳақлари беқиёс. Шундай экан, дил изҳорларини устозларга билдириш истагида бўлган тадбир иштирокчилари бўлган битирувчиларга навбат берилди. Абдулазиз Жуманов ўзбек тилида, Ҳикматуллоҳ Рўзиалиев араб тилида, Муҳаммадали Маҳкамов инглиз тилида, Ҳалилуллоҳ Асадуллаев рус тили устозларни ҳурмат ва эҳтиромни ифода қилувчи нутқ сўзлади.

Навбатдаги сўз битирувчиларни табриклаш ва уларга таълим берган устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириш учун хатмона кечасига келган ота-оналарга берилди. Улар мана шу тўрт йил мобайнида фарзандларига таълим берган устозларига қалб сўзларини изҳор этди. Битирувчи курс талабаси Асадуллоҳ Нуриддинов институт ҳақида ўзи ёзган шеърни ўқиб берди.

Шундан сўнг ўқиш давомида турли йўналишларда етакчи бўлган талабалар эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди.
Тадбирда устоз Салоҳиддин домла Шарипов ўзларининг катта ҳаётий ва касбий тажрибадан келиб чиқиб битирувчиларга керакли маслаҳатларни бердилар.

Тадбир якунида Олий маъҳадда бир неча йил ректор бўлиб ишлаган Зоҳидхон домла Қодиров битирувчи талабаларга оқ фотиҳа бериб дуо қилдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда Масжидлар бўлими биргаликда битирувчиларни юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, шунингдек олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи лавозими бўйича ишга тақсимот қиладилар.
Таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар магистратура босқичида ўқиш учун республика олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Андижон вилояти Бош жоме масжидига ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик. Ташриф чоғида ушбу жоме масжид билан Андижон халқини муборакбод этиб, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиши сўралди.

– Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини мазкур жоме масжидда минглаб намозхонлар билан бирга адо этдилар. Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ҳамроҳлик қилмоқда.

Ушбу муҳташам ва қадимий жоме масжиднинг очилиши муносабати билан муфтий ҳазратлари барча йиғилганларни қутлаб, бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчилар, безакчилар, ҳомийларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзладилар. Ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтдилар.

Албатта, ушбу хурсандчиликдан барча бирдай хурсанд бўлиб, муфтий ҳазратлари бошчилигида барча жамоат дуога қўл очиб, Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигини сўраб дуои-хайрлар қилдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 
 

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Бош жоме масжидини бориб кўрди.

Бу жойда илк масжид 1870 йилда тикланган. Ҳозирги масжид қурилиши 2018 йилда бошланиб, шу йил май ойида якунланди.

Янги бино қадимий чор айвон ва чор дарвоза услубида барпо этилган. Унинг икки четида баландлиги 54 метрлик миноралар, асосий бинонинг тепа қисмида диаметри 18 метрли гумбаз қурилган.

Илгари масжид сиғими 5 минг кишини ташкил қилган бўлса, энди бино 15 мингдан ортиқ намозхонни ўз ичига сиғдира олади.

Қуръон оятларидан тиловат этилиб, дуо қилинди.

 - Бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчи ва безакчилар, ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Масжид Андижон халқига муборак бўлсин, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда уламо ва имом-хатиблар билан мулоқот бўлди.

- Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур, - деди давлатимиз раҳбари.

 

Жорий 2021-2022 ўқув йили учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн шаклда muslim.uz сайтидаги qabul.muslim.uz электрон портали орқали қабул қилинади.

 

?Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига:

– 2021 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам, соат 18:00 гача).

Қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

– паспорт (электрон шаклда);
– аттестат ёки диплом (академик лицей, ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тамомлаганлар учун) электрон шаклда;
– 3,5 х 4,5 ҳажмдаги фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ҳамда орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади) электрон шаклда;
– тил билиши тўғрисидаги сертификат (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа чет тилини танловчилар учун) электрон шаклда.

 

?Олий диний таълим муассасалари:

Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига:
– 2021 йил 20 июнидан 20 июлигача (шу куни ҳам, соат 18:00 гача).

Ҳадис илми мактабига:
– 2021 йил 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам, соат 18:00 гача).

Қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

– паспорт (электрон шаклда);
– ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) электрон шаклда;

– 3,5 х 4,5 ҳажмдаги рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади) электрон шаклда;

Танлов ва мусобақа иштирокчиларига:

– “Ягона олимпиада” танловида 2- ва 3-ўринни эгаллаганини тасдиқловчи диплом (электрон шаклда), дея хабар берди Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Середа, 16 июнь 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо, Фарғона вилояти Данғара тумани “Саид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжиди имом-ноиби Ёрқинжон қори Фозиловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум қори домланинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло марҳум қори домланинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ёрқинжон қори Фозиловнинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top