Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslimuz
Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Саҳобалар ҳаётидан: Абдуллоҳ ибн умму Мактум
Кексалик учун захира ҳозирлаганмисиз?
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين
لا حول و لا قوة إلا بالله
Халқимиз қонига сингиб кетган фазилатлар ичида бир фазилат борки, у ҳамма миллатларда ҳам топилавермайди. Тўғрироғи топилса ҳам бизнинг элатимиз каби жилоланмагай. Яъни ёшлар билан катталар ўрасидаги муносабатда ҳар қандай юрт ва элатда ҳам ёши улуғларни ҳурмат қилиш таълимоти бор эса-да, ўзбекона эҳтиром ўзгача.
Бироз муболаға дерсиз, бироқ ҳаётимизга синчиклаб назар солсангиз, ўзидан бир неча ёш кичикларга катталар юқоридан туриб виқор билан баландпарвоз муносабатда бўлишига қандай ҳам таъриф бера оласиз?
Бу фазилат бизга ота-боболаримиздан динимиз таълимотлари ўлароқ мерос қолган. Муқаддас Ислом дини таълимотларида кексаларни ҳурмат ва икром қилишликка тарғиб қилинади. Уларнинг мартабалари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам, бутун башарият ва жамият олдида ҳам эъзозланади.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир” (Имом Табароний ривояти).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривояти қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса уни икром қилинглар” (Табароний ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда фикримизнинг исботи яққол кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида: барака) катталарингиз билан биргадир” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда барака бўлади. Буни эса, кўпинча улар ўтиб кетганларидан кейин сезамиз. Бизнинг назаримизда улар ҳеч қандай ишга ярамай қолгандек туюлса-да, оиламизда борлигининг ўзи ҳам катта давлат.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, баъзи ёши катталар ёшларнинг беодоблиги ва катталарни ҳурмат қилмасликларидан нолиб қолишади. Лекин эътибор бериб қарасангиз, уларнинг ўзлари ёшларига яраша ахлоқда эмаслар. Ҳурматга сазовор бўлиш учун ёши ўтиб қолса ҳам аввалгидек кўнгил кўчаларида кезавермасдан тавба ва ахлоқ-одоб йўлини тутмоқ керак. Акс ҳолда ҳазрат Алишер Навоий таъбири ила айтганда ўзи кексайиб қолсаю, ёшларнинг қилиғини қилса, у одам гўёки қуриган дарахтга латталарни илиб қўйиб шу дарахт кўкариб турибди деган кабидур.
Шунингдек кексайганда ҳурмат топишни хоҳлаган инсон ёшлигида катталарни ҳурмат қилиб олиши керак. Зеро, ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёш йигит кексани ҳурмат қилар экан, Аллоҳ унга ҳам кексалигида ҳурмат қиладиганини тақдир қилиб қўюр”, деганлар.
Бу насиҳат доимо ёшларнинг ёдида бўлмоғи лозим. Ҳолбуки, ҳадемай кексайиб қолиши бор. Токи ўшанда надомат қилмасин. Бугун имкони борида кексалик учун захира ҳозирлаб олсин.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.
Чумолининг ўн қоидаси
Қуръони карим бизга чумоли билан Сулаймон алайҳиссалом ўртасида бўлган қисса ҳақида “Намл” (“Чумоли”) дея номланмиш сурада қуйидагича ҳикоя қилади:
“Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар. Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди.
Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.
Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди”. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар) (Намл сураси, 17-19 оятлар).
Ушбу оятлар бу мавжудотнинг қадрини кўтаради, шаъни улуғлигини ифода этади. Бу қиссадан бир қанча қонунлар тузиб чиқилган бўлиб, уни “Чумолининг ўн қоидаси” деб номлаш ҳам мумкин.
- Умумий манфаат қоидаси: чумоли ҳаммага нидо қилганда “Эй чумолилар” дея нидо қилди ва жамоатнинг манфаатини эътиборга олди. Ўз атрофидагиларга, яқин қариндошларига чегараланиб қолмади. Ҳолбуки, бу вазиятда у ва бошқалар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлиши эҳтимоли бор эди.
- Ўзига ишониш қоидаси: чумоли Сулаймон алайҳиссаломга хитоб қилиш асносида ўзига паст баҳо бермади. Зиммасидаги ишни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, заррача ҳам ҳайбатланмасдан, заррача ҳам қўрқмасдан бажарди. “Мен кичкинагина мавжудот бўлсам, мени ким ҳам эшитарди”, демади!
- Масъулият қоидаси: бу чумоли масъулиятни юқори даражада ҳис қилмаганда эди, содир бўлган зўр иш бўлмас эди, уни асло уддалаб бўлмасди. Чумолилар мамлакатида энг қари чумоли ҳам худди жамоасига энг масъул чумолидек астойдил меҳнат қилади.
- Ишни тезроқ бажаришга ўтиш қоидаси: Оятда зикри келган бу чумоли ишни шартта бажарди, қўйди. Бошқалар қилишини кутиб ўтирмади. Чунки, ишни бепарво қолдириш жуда хатарлидир, бунда кечиктириш ярамайди!
- Амалга ошириш қоидаси: зиммасидаги бу муҳим ишга тайёргарлик кўриш, уни тезроқ бажариш билан кифояланмади, балки уни комил тарзда амалга оширишга киришди. Ишни вақтида бажариш ва уни яхшилаб амалга ошириш муваффақият қоидасининг икки ўқи ҳисобланади. Ўша икки ўқни туташтирсангиз, тамом, муваффақият тизгини ҳосил бўлади.
- Муаммога ечим бериш қоидаси: воқеа тўсатдан содир бўлганига қарамай, чумоли шунчаки бақириш, дод солиб огоҳлантиришнинг ўзи билан кифояланиб қолмади, балки “Эй чумолилар, масканларингга киринглар”, дея муносиб ечимни ҳам кўрсатди.
- Узоқни кўра билиш қоидаси: воқеалар қандай кечишини тахмин қилиш, ишларнинг оқибати ҳақида ўйлаш юқоридаги оятда ўз аксини топган. У ҳам бўлса чумолининг: “Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар” деган гапини зоҳир бўлади. Яъни, жойингизда тўхтаб қолишингиз, тезроқ ҳаракат қилиб инингизга кириб олмаслигингиз – ҳалокатингизга сабаб бўлади, демоқчи.
Бир гурух франциялик “олимлар” Қуръонни танқид қилишга уриндилар ва لَا يَحْطِمَنَّكُمْ калимасида тўхталиб, “Қуръон ушбу лафзни ишлатиш билан таъбирда хатога йўқ қўйган. Чунки حطم(“ҳаттома”) феъли “синдирмоқ” деган маънони англатади. Шиша синдирилади, аммо чумоли синдирилмайди-ку, балки эзилади, ўлдирилади-ку” дейишди.
Бу гапга австралиялик бир олим эътироз билдирди. У бир неча йиллар давомида чумолилар тузилишини ўргана бошлади ва тадқиқот хулосасини эълон қилди. Хулосада ушбу гаплар бор эди: “Албатта, Қуръоннинг мазкур лафзи юз фоиз тўғри! Чунки чумоли танасининг 70 фоизи шиша моддадан ташкил топган экан”.
Кейин у ушбу хулосани бутун дунёга эълон қилди.
Демак, чумоли эзилмайди, балки синдирилади! Қуръон буни ўн тўрт асрдан бери айтиб келади. Аммо бу ҳақиқат бутун оламга бир неча йиллар олдин маълум бўлди.
- Уйғоқлик (сергаклик) қоидаси. Жамиятнинг битта аъзосини эътибордан четда қолдириш гоҳида бутун жамиятнинг ҳалокатга юз тутишига сабабчи бўлади. Ҳар бир шахс ўз атрофидагиларга ниҳоятда юқори даражада эътибор бериши лозим. Шундагина у ҳалокатга сабаб бўлувчи тешикларни топади ва бартараф этади.
- Кечиримли бўлиш, узр тақдим этиш ёки бошқача қилиб айтганда тўғри тушуниш қоидаси. Бу қоида чумолининг “билмасдан эзиб юбормасинлар” деган сўзида акс этган. Қаранг, сизларни синдириб кетгудек бўлсалар, буни атайин қилмайдилар, билмаган ва кўрмаган ҳолларида қиладилар, дея чиройли гумон қилмоқда. Бу ёмон гумон қиладиганларга дарсдир. Чумоли Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга зулмни нисбатламади.
- Табассум қилиш қоидаси. Кучли томон заиф томонга, катта тараф кичик тарафга кулфат ва қўрқинч лаҳзаларида табассум билан боқса, бу нақадар чиройли ҳолат! Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолига табассуми ҳам худди шу қабилдан эди. У зот лутф ва меҳрга тўла юз билан, чумолининг ҳаракатидан таажжубланиш ифоаси билан табассум қилгандилар. Бундай табассум одамнинг қалбига эминлик, хотиржамликни бахш этади!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Қарзни узишда доллар курси ўзгарса
Cавол: Агар мен бирор инсонга 100 доллар қарз берсам, мен қарз берган пайтда доллар курси бир миллион сўм бўлиб, қарзни қайтариб олганимда курс бир миллион 50 минг бўлиб қолган бўлса, шу 50 минг рибо бўлиб, менга ҳаром булиб колмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Пулда қарз олди-берди қилишда қанча сумма берилса, шунча сумма қайтиб олинади. Сиз юз доллар қарз берсангиз, юз доллар қайтариб оласиз. Унинг сўмга нисбатан қийматининг тушиши ёки ошишининг аҳамияти йўқ. Демак, сиз айтган ҳолатда гуноҳкор бўлиб қолмайсиз. Чунки шариат қоидасига кўра қарз учун нима ва қанча миқдорда олинса, шундай шаклда қайтарилади. “Бадоеъус саноеъ” китобида бундай дейилган: “Қарзга оид ҳукмга келсак, у олиниши билан қарздорнинг мулкига айланади ва шу заҳоти олинган қарзнинг мислича қарздорнинг зиммасига вожиб бўлади”.
Яъни қарзнинг олиниши ва берилишида бир хил бўлиши лозим.
“Раддул муҳтор” китобида қуйидаги иборалар келади: “Қарзлар ўз мислича адо этилади”.
Қарз борасида билиб қўйиш керак бўлган яна бир нарса бор. Сўмда қарз бераётиб, ўша кунги доллар курси билан қийматлаб бериб, олиш вақтида шу вақтдаги доллар курсидаги сўмни олиш жоиз эмас.
Масалан, бир киши қарздорга 100 долларнинг сўмга нисбатан қиймати бир миллион бўлган вақтда 100 долларга ҳисоблаб, бир миллион сўм қарз берди. Бир ойдан кейин доллар курси ошиб, 100 доллар бир миллион 50 минг сўм бўлиб қолди. Бу ҳолатда ҳақдор фақатгина берган суммасини, яъни бир миллионни олади холос. Долларга ҳисоблаб, бир миллион 50 минг сўм олиши сиз айтгандек, рибо бўлиб қолади. Чунки бу шаклдаги қарз олди-берди амалиёти “Қарзлар ўз мислича адо этилади”, деган қоидага зид бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази