Ибратли ҳикоялар

Нажот қўнғироғини ким босган эди?

Шаҳарлараро автобус бекатига яқин минорадан таралган муқаддас чорлов қулоқлардан кириб, кўнгилларга тараларди. Абдуллоҳ рўзасини очди-ю, шошилганча Мерседес автобусининг орқа эшигидан ичкари кирди. Қўлидаги кичкина сумкани орқа ўриндиққа қўйиб, пастга тушди. Жомадонларни юкхонага жойлаётган ёрдамчи томон юрди. Ҳайдовчи ёрдамчиси ўрта бўйли, сабза мўйлабли йигит эди. Абдуллоҳ, мени тушунармикин, дея тараддудда қолди. Аммо сўраб кўришдан бошқа чораси йўқ эди.

— Салом ҳамшаҳар, — деди тортиниброқ.

— Лаббай акажон, — ёрдамчи унга юзланди.

— Автобусни беш дақиқа тўхтатиб туроласанми, шом номозини ўқиб келсам дегандим.

Ёрдамчи Абдуллоҳга бошдан оёқ разм солди. Сўнг:

— Ҳозироқ жўнаймиз ака, — деди қўлларини устига артаркан. — Вақт бўлди, кута олмаймиз.

— Беш дақиқада келаман, ахир!

— Йўлда ўқирсиз.

— Вақти жуда қисқа бўлади. Ҳозир улгурмасам...

— Узр ака!

Ёрдамчига қолса, беш дақиқа кутишнинг ҳечам зиёни йўқ эди. Аксинча, бир-иккита бўш қолган ўринни ҳам тўлдириб оларди. Лекин, иложи йўқ, деб қўйди. Сўзидан қайтгиси келмаяпти. Бунинг устига ишга янги келгани учун ҳайдовчининг феълини ҳам яхши билмайди. Танимаган кишиси учун танбеҳ эшитиб қолиши мумкин.

— Икки дақиқа кечроқ жўнасак нима қилади, — Абдуллоҳ ёлворишга тушганди.

— Нима гап, нега тортишаяпсан? — ён томондан дағал овоз эшитилди. Иккови ҳам овоз келган томонга қаради. Қорачадан келган, қорни кўйлагини йиртгудай осилган, қалин мўйловли, ўрта ёшлардаги бир киши улар томон келарди. Ёрдамчи бошлиғини кўриб сергакланди:

— Бу йўловчи намоз учун беш дақиқа сўраяпти.

— Бунинг нимаси баҳслашадиган масала. Борсин, ўқиб келсин. — Ҳайдовчи Абдуллоҳга юзланди. — Қани ҳамшаҳар, тезда ўқиб қайт, бизни ҳам дуо қил. Кутиб турамиз.

Абдуллоҳ севиниб кетди. У қайтгач, автобус қўзғалди. Жойига ўтирар экан, ҳамма жойи ҳорғинликдан сирқирарди. Улов Малатя автобекатидан чиққанда оқшомнинг ола-була қоронғулиги тобора қуюқлашиб борарди. Мерседеснинг ўткир чироқлари қоронғулик бағрини тилиб борарди.

Ҳайдовчи пештоқдаги ойнадан йўловчиларни кузатди. Кимдир газета ўқир, бошқаси ўриндиғини ётқизиб, ухлашга ҳозирлик кўрарди. У икки кундан буён тузук ухлаёлмади. Кеча тунда ҳам йўлда эди. Босиб келаётган ҳорғинликни кетказиш учун радионинг қулоғини буради. Ундан ажойиб қўшиқ тараларди. Ҳузурланган ҳайдовчи чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Истанбул сафарларидан бирида яширинча сотиб олганди. Ютоқиб тутун тортаркан, «Шу сабил қолгурни эркин сотишга қўйишса нима қиларкин», дея ғудраниб қўйди. У узоқ йўлларга юришдан зерикканди. Осойишта бир иш бўлса жон деб ўтиб кетарди.

Абдуллоҳ эса орқа ўриндиқларни ҳеч ёқтирмасди. Бунинг устига икки семиз кишининг ўртасида сиқилиб қолган, оёқларини узатолмас, асабийлашарди. Ухлашга уринар, лекин ёта олмасди. У Малатяга тижорат учун келган, энди уйига қайтаётганди. Кундузи роса юриб чарчаган, аммо онаси, рафиқаси ва ширинтой ўғли Усмондан айро қолишга сабри чидамай йўлга отланганди.

Онаси у ҳар гал сафарга отланганида дуо қиларкан, «Мусофир йўловчиман, дея намозингни ташлаб қўйма», деб тайинларди. Отаси ўлганидан буён барча савдо ишлари унинг зиммасига тушган, ишни бошлаганига унча кўп бўлмагани учун ҳам заҳмат тортаётганди.

У уйқусизликдан қизарган кўзларини ёрдамчига тикди. Сўлғин қорача юзида умидсизлик акс этса-да, яна унга мурожат қилди. Орқа ойна билан ўриндиқлар орасидаги ёрдамчининг жойига ишора қилиб:

— Шу жойга бироз мизғиб олсам майлими? — деди.

Рад жавобини кутганди, аммо ёрдамчи унга жилмайиб қаради:

— Ўтинг ака, ётиб роҳатланиб ухланг.

— Раҳмат укажон, жонинг омон бўлсин!

Абдуллоҳ дарҳол ёнидаги кишидан узр сўраб орқага ўтди. Костюмини ечиб, ёстиқ қилди. Ўта толиққанидан мотор товуши ва уловнинг силкинишига ҳам кўникиб, тезда ухлаб қолди.

Автобус Малатя тепаликлари томон тирмашиб чиқаркан, овози шамолда кеча сукунатига қоришиб кетарди. Ҳайдовчининг кўзлари уйқусизликдан тез-тез юмилар, боши олдига эгилиб кетарди. Йўловчиларнинг аксарияти ухлагани учун унинг бу ҳолидан бехабар эди. Энди улов тоғ йўлига ўрлай бошлаганди.

Абдуллоҳ уйқу асносида у ёқдан бу ёққа ағдарилар экан, оёғи ҳайдовчи билан ёрдамчи ўртасидаги алоқани таъминловчи, йўлда тушадиган йўловчиларни билдириш учун қўлланадиган тугмага тегиб кетди. Қўнғироқ товушидан уйқусираб уйғонган ҳайдовчи тормозни қаттиқ босиб юборди. Катта автобус қаттиқ силкиниб тўхтади. Йўловчилар саросима билан уйғонди. Энди кўзи илинган ёрдамчи ҳам нима бўлганига ҳайрон эди. Орқа ўриндиққа зарб билан урилган Абдуллоҳ аччиқланиб кўзларини очди. Ҳайдовчи ёрдамчидан сув сўради. Ташқари зим-зиё, уловнинг яқинни ёритувчи фаралари милтиллабгина турибди. Ҳайдовчи қўл тормозини тортиб, юзини ювиб олиш учун пастга тушди-ю, бақрайиб қолди. Мерседес тик жарлик томон бурилган ва бир қадам берида тўхтаган эди. Ҳайдовчи ўзига келгач, ҳаяжондан ёрдамчига бақириб юборди:

— Қўнғироқни ким босди?!

— Оқшомда биздан намоз учун беш дақиқа изн сўраган киши мендан илтимос қилиб, орқага ўтиб ётганди. Кечиринг устоз.

— Ҳайдовчининг эса ҳаяжони босилмас:

— Бу бир мўъжиза, мўъжиза! — дея такрорларди.

Абдуллоҳ эса бу воқеадан хабарсиз ҳолда орқа ўриндиқда ўтирганча сумкасидан саҳарлик учун олган егуликларини чиқараётганди...

Турк тилидан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Манба

Read 5612 times

Мақолалар

Top