Ибратли ҳикоялар

Катталар учун ривоят

Бутун умр спиртли ичимликлар дўконининг мудири бўлиб ишлаган бир кишининг яккаю ягона ўғли бор эди. Ёшликдан тарбияси ўзига яраша бўлгани боисми ёхуд отаси топган луқманинг ҳалол эмаслиги сабабми, билмадик, эркатой ўғилча мактабни тугатгач, институтга ўқишга кира олмай, анча пайтгача бекор тентираб юрди. Қиладиган иши – пешингача ухлаш, кечга томон эса ўзига ўхшаган бир-икки улфати билан тунги клуб, дискотекаларда санғиш бўлди. Нотавон ўғилни ўйлайвериб, онаизор адои тамом бўлди, оғир касалликка чалиниб вафот этди. Онанинг “йили” ўтказилган куннинг эртасига ота-бола ўртасида қаттиқ жанжал чиқди. Иккаласи ҳам заҳри қотил – ароқ кайфининг оғушида эди, ота: “Энди сендек ўғлим йўқ”, дея уни “оқ” қилган бўлса, нонкўр фарзанд: “Агар ўлсангиз, жанозангизга келсам, ҳаром ўлай”, деб онт ичди.

Ота-боланинг ҳаёти шу зайлда давом этди. Уларга таниш-билишлар, қўни-қўшниларнинг панд-насиҳати сира кор қилмади.

Кунларнинг бирида фарзанд ногаҳон, бахтсиз ҳодиса сабаб ҳалок бўлди. Бу пайтда ота ҳам уйида ўлим билан олишиб, фоний дунё билан хайрлашаётган эди.

Эртасига одамлар шаҳар қабристонида иккита янги тепаликни кўришди. Қабрлар олдида бир мункиллаган чол ўтириб: “Азиз зурриётларим! Одам алайҳиссаломдан бошланган яна бир сулола умри, мен сабабли барвақт ниҳоясига етяпти. На сен – фарзандим, на сен – набирам айбдор эмассизлар. Буларнинг барчасига сизларга тўғри тарбия бера олмаган фақатгина мен айбдорман, мен”, дея кўз ёш тўкар эди....

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Read 9559 times
Tagged under

Мақолалар

Top