Мақолалар

Гуноҳларни тарк этишга ёрдам берадиган 40 та сабаб
  • Дуо.

Гуноҳни тарк этишга ёрдам берадиган ва ҳар бир муаммонинг ҳал бўлишида энг катта сабаблардан бири дуодир. Эй тавба қилувчи эркак! Эй тавба қилувчи аёл! Эй гуноҳларни тарк этишни хоҳлаётган киши! Қўлларингни дуони эшитадиган ва балони даф қиладиган Зотга кўтар! Шояд Аллоҳ сенинг сидқингни, кўз ёшларингни, тазарруъларингни кўриб, сенга ёрдам берса, гуноҳларни тарк этишинг учун сенга қувват ато қилса. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60).

 

  • Жидду-жаҳд қилиш.

Гуноҳни тарк этиш бир кеча-кунлдуз орасида бўлади, деб ўйлама. Бу иш мужоҳада (қаттиқ жидду жаҳд қилиш)ни, сабрни, бардошни талаб этади. Шуни билки, қаттиқ жидду жаҳд қилиш гуноҳларни тарк этишдаги сидқингга (гуноҳларни чиндан ҳам тарк этмоқчилигингга) далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!” (Анкабут, 69).

 

  • Гуноҳнинг оқибатини ва натижасини билиш.

Агар сен гуноҳларнинг оқибати ҳақида ўйлаб кўрсанг, уларни тарк қилишинг осон бўлади. Гуноҳларнинг оқибатига ғам, алам, маҳзунлик, машаққат, торлик, ёлғизлик, Аллоҳдан узоқлашиш, ризқдан, илмдан, умрдан бараканинг кетиши ва ҳоказоларни мисол қилиб келтириш мумкин.

 

  • Гуноҳга олиб борадиган сабаблардан узоқлашиш.

Ҳар бир маъсиятнинг сабаби бўлади. Ўша сабаб кишини ўша гуноҳда давом этишига олиб келади. Гуноҳга олиб борадиган сабабларнинг ҳаммасидан узоқлашиш ўша гуноҳни тарк этишга ёрдам беради.

 

  • Ёмон шерикдан эҳтиёт бўлиш.

Баъзи ёшлар гуноҳларни тарк этишни исташади. Лекин оғайнилари уни яна ўша гуноҳларга ундашади.  Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Мустадрак” китобида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан дўстлашаётганига назар солсин!”деганлар. Яъни киши дўстининг сийратида бўлади. Шунинг учун дўстнинг яхшисини, солиҳини танлаш керак.  

  

  • Ўлимнинг тўсатдан келишини эсга олиш.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлим(аччиғи)ни тотувчидир” (Оли Имрон, 185). Сен телевизорда турли беҳаё нарсаларни кўриб ўтирганингда, ўлим келиб қолишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан?! Сен намоз ўқимай ухлаб ётганингда, ўлим келиб қолишини ҳеч ўйлаб кўрганмисан?! Ўшанда нимани орзу қиласан? Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Токи улардан(мушриклардан) бирортасига ўлим келганида: “Эй, Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтарингиз! Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам”, – дер”(Муъминун, 99-100).

 

  • Ғассол ювишини эслаш.

Вафот этганингда ғассол сени ювиш учун хонтахта устига ётқизиб қўяди. Сен ҳаракатсиз жасад бўлиб ётасан. Улар сени у ёқдан бу ёққа ағдариб, ҳаракатлантиришади, ювишади.

 

  • Тобутга солиниб, елкаларга кўтарилишни эслаш.

Яқинда одамлар сени тобутга солиб, елкаларига кўтаришади. Хўш, ўшанда қувватинг қаерда бўлади?! Ёшлигингчи?! Такаббурлигингчи?! Дўстларингчи?! У кунда сенга фақат солиҳ амалларинг фойда беради.

 

  • Қабрга қўйилишни эслаш.

Қабрга сени қўйишганда, аҳлинг, дўстларинг сени тарк этишади. Сен билан фақат амалларинг бирга қолади. Хўш, ўзинг билан бирга қабрингга кирадиган қандай амал қилдинг?! Қабрингда сенга ҳамроҳ бўладиган амаллар солиҳ амалларми ёки ёмон амалларми?! Сенга қандай амаллар ҳамроҳлик қилишини истайсан?! Тоат-ибодатларингми ёки кўрган беҳаё нарсаларингми?!

 

  • Аллоҳ таолога рўбарў бўлишни эслаш.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз!” (Бақара, 281). “Ўша кунда сизлар (ҳисобот учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсиз, сизларнинг бирор сирингиз махфий қолмас” (Ал-ҳаққо, 18).

 

  • Сирот кўпригидан ўтишни эслаш.

Бу жаҳаннам устига ўрнатилган кўприк бўлиб, қиличдан ўткир, қилдан ингичкадир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга)тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир”(Марям, 71). Баъзи муфассирлар “Бу ерда пулсирот кўприги муроддир”, дейишган.

 

  • Қиёмат куни ўрнатиладиган мезонни эслаш.

Унда яхшиликлар ва ёмонликлар тортилади. У жуда аниқ мезондир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон амали) бўлса ҳам, ўшани келтирурмиз! Биз ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз” (Анбиё, 47).

 

  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳавзларини эслаш.

Унинг узунлиги бир ойлик, кенглиги ҳам бир ойлик масофадир. У асалдан шириш, сутдан оқ, мискдан хушбўйдир. Ким ундан бир қултум ичса, ундан кейин абадий чанқоқлик нималигини билмайди. Сенинг гуноҳларинг ўша ҳавздан сув ичишингни манъ қилиши мумкин. Шунинг учун ҳозироқ гуноҳларни тарк эт!

 

  • Дунёнинг ҳақирлигини, арзимаслигини билиш.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид, 20). Қандай қилиб арзимас, фоний дунёни абадий охиратдан устун қўясан?! Қандай қилиб кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатдан сени маҳрум қиладиган гуноҳларни содир этасан?!

 

  • Кучли ирода.

Гуноҳларни тарк этишинг учун сен кучли ирода соҳиби бўлишинг керак.

 

  • Аллоҳнинг Роқийб деган исмини эслаш.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1). Аллоҳ сени кузатиб туради. Аҳволингни билади. Ҳаракатингни, қарашларингни, нималарни эшитаётганингни, қалбингдан нималар ўтаётганини билади. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган: “Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги нарсани (ҳам) билур” (Аҳзоб, 51). Агар нафсинг сени гуноҳларга ундаса, нафсингга: “Албатта, Аллоҳ мени кўриб турибди” деб айт!

 

  • Қуйидаги ҳадисда айтилган кишилардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умматимдан бир қавмларни биламан. Улар қиёмат куни оқликда Тиҳома тоғларига ўхшаган ҳасанотлар билан келадилар. Бас, Аллоҳ азза ва жалла уларни сочилган тўзон каби қилиб юборади. Савбон айтди: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатини айтиб беринг. Ўзимиз билмаган ҳолимизда улардан бўлиб қолмаслигимиз учун уларни бизга таърифлаб беринг”. У зот алайҳиссалом дедилар: “Аммо улар сизларнинг биродарларингиз. Сизларнинг миллатингиздан. Кечани сизлар қандай ўтказсангиз, улар ҳам шундай ўтказадилар (кечаларда қандай ибодат қилсангиз, улар ҳам шундай қиладилар). Лекин улар Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсалари билан холи қолганларида, улардан сақланмайдиган қавмдирлар”. Ибн Можа ривояти.

  

  • Аъзоларнинг ўз соҳибига қарши гувоҳлик беришини эслаш.

Эй дўстим! Бирор маъсиятни қилишдан олдин ўша гуноҳни содир этишда иштирок этадиган аъзоларинг қиёмат куни сенга қарши гувоҳлик беришини, сени шарманда қилишини эсла! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Бугун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйгаймиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур” (Ясин, 65).

 

  • Фаришталар амалларни ёзиб боришини эслаш.

Фаришталар амалларингни ва сўзларингни ёзиб боришади. Руҳинг жасадингдан чиққунича улар барча сўзларингни ва амалларингни ёзишда давом этадилар. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор, 10-12).

  

  • 20.Гапларидан олдин кўринишлари, амаллари манфаат берадиган кишиларни лозим тутиш.

Чунки инсон бирга ўтирган кишиларидан таъсирланади. Киши бирга юрган кишисига эргашади, ундан иқтибос олади. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Мустадрак” китобида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан дўстлашаётганига назар солсин!”деганлар. Яъни киши дўстининг сийратида бўлади. Шунинг учун дўстнинг яхшисини, солиҳини танлаш керак. Арабларда “Соҳиб, дўст ўзига тортувчидир” деган мақол бор.

 

  • Гуноҳлардан тавба қилганлар билан бирга ўтириб, улардан гуноҳларни қандай тарк этганларини сўраш.

Чунки, улар сен қилган гуноҳларни қилиб, кейин уларни тарк этиб, тавба қилганлар, гуноҳларнинг ёмон оқибатидан хабардор бўлганлар.

 

  • Бўш вақтларни охиратга ва дунёга фойдаси бор бўлган нарсалар билан тўлдириш.

Масалан ибодат, илм, зикр, спорт, зиёрат, ҳалол меҳнат ва ҳоказо. Билгингки, бекорчилик вақтни зое қилиш, оғишнинг бошланишидир. Шунинг учун вақтни фойдали ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилиш керак.

 

  • Қилинган гуноҳнинг ўрнига солиҳ амал қилиш.

Ҳадисларда киши бир гуноҳ содир этиб қўйса, унинг ортидан бир яхшилик қилишга тарғиб қилинган. Бу яхшилик олдин қилинган гуноҳни ювиб юбориши айтилган.

 

  • Илм талаб қилиш.

Чунки, илм сенга йўлни ёритади ва сен илм орқали яхшини ёмондан ажратадиган бўласан.

 

  • Отанинг ўрни.

Ота уйдаги гуноҳга, фасод ишларга сабаб бўладиган нарсалардан, турли жиҳозлардан уйни поклаши керак. Шу орқали оила аъзоларнинг гуноҳдан тийилишлари осон бўлади. Фарзандларга соф исломий тарбия бериш ҳам отанинг вазифасидир.

 

  • Ота-онанинг фарзандлар билан алоқаси.

Ота-она билан фарзандлар ўртасидаги муҳаббат, дўстлик, меҳрибонлик, бир-бирини тушунишга асосланган муносабатлар оила аъзоларнинг гуноҳларни тарк этишларида катта таъсири, ўрни бор.

 

  • Тўкин-сочинликдан тийилиш.

Чунки, дабдаба, исроф шайтоннинг йўлларидандир. Бойлик эса маъсиятга ундовчи сабаблардан биридир.

 

  • Даъватчиларнинг гуноҳларни тарк қилнишидаги ўрни.

Масжид имомлари, уламолар, даъватчиларнинг гуноҳлар тарк этилишида катта ўрнилари бор. Қанчадан қанча уламолар, масжид имомлари ўзларининг ваъзлари, насиҳатлари билан кишиларнинг гуноҳларни тарк этишларига ва гуноҳларнинг камайишига сабабчи бўлганлар.

 

  • Гуноҳларни тарк этишнинг фойдалари ҳақида ўйлаш.

Бу иш ҳам гуноҳларни тарк этишга ёрдам берадиган омиллардандир. Инсон гуноҳни тарк этса, кўплаб фойдаларни қўлга киритади. Масалан, қалбнинг покланиши, руҳнинг саломатлиги, бағрикенглик, Аллоҳнинг муҳаббати, жаннатга кирувчилар сафидан жой олиш ва ҳоказо.

 

  • Гуноҳлар сабабли ҳалокатга дучор бўлганларнинг қиссаларини эслаш.

Агар нафсинг сенга гуноҳларни эслатса, сен унга гуноҳлар устида вафот этган, тавба қилишга улгурмаганлар ҳақидаги қиссаларни эслат. Бири беҳаё филм кўраётиб вафот этган. Бошқаси намозни ўқимай юриб вафот этган. Яна бири фаҳш қўшиқларни, мусиқаларни тинглаб туриб вафот этган ва ҳоказо.

 

  • Гуноҳлар сабабли дўзахда азобланишни эслаш.

Аллоҳ барчамизни дўзах азобидан асрасин! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: “Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда”, – дерлар” (Аҳзоб, 66).

 

  • Тана аъзоларнинг неъмат эканини эслаш.

Сен ўз тана аъзоларинг ҳақида, уларнинг неъмат экани ҳақида, қанчадан қанча инсонлар қўлсиз, оёқсиз, кўзсиз, қулоқсиз, тилсиз яшаётганини ўйла. Улар ўша йўқотган аъзолари яна ўрнига қайтишини, кўзлари билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсага қарашни, тиллари билан Аллоҳни зикр қилишни, қулоқлари билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни тинглашни, қўллари билан Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилиб, оёқлари билан Аллоҳ рози бўладиган жойларга боришни орзу қиладилар. Сен эса дўстим, гуноҳларни қилиб, Аллоҳнинг сенга берган танангдаги неъматларни маъсиятга ишлатяпсан. Неъматнинг шукри қани?! Нега уларни У рози бўладиган ишларга ишлатиб, мазкур неъматларнинг шукрини адо этмайсан?!

 

  • Нега яратилганини, дунёда нега яшаётганини эслаш.

 Агар инсон бу дунёга нега келганини эсласа, тафаккур қилса, келишидан мақсад нима эканини англаб етади. Барчамизнинг бу дунёга келишимиздан мақсад – Аллоҳга ибодат қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зарият, 56). Дўстим, сен ўйнаш учун яратилмадинг, балки Аллоҳга ибодат қилиш учун яратилдинг. Хўш, сен шу мақсадни амалга оширяпсанми?! Ёки ҳаётингни ўйин-кулгуда зое қиляпсанми?!

 

  • Аллоҳ таоло билан бўладиган муомалада, боғланишда содиқ бўлиш.

Билгингки, агар сен Аллоҳ билан бўладиган муомалада содиқ бўлсанг, гуноҳларни тарк этишни чин юракдан истаб, ҳаракат қилсанг, Аллоҳ таоло сенинг қалбингни очиб қўяди. Сенга жаннат эшикларини очиб қўяди.

 

  • Ота-онадан гуноҳларни тарк этиш борасида дуо олиш.

Сен ота-онангдан гуноҳларни тарк этиш борасида дуо ол. Чунки, уларнинг дуолари ижобат қилинадиган дуолардандир.

 

  • Шайтон инсонни йўлдан адаштиришни хоҳлашини билиш.

Эй инсон, шайтон сени йўлдан уриши, сени гуноҳларга қайтариши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади. Шунинг учун сен шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўра! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У Эшитувчи ва Билувчи (зот)дир” (Фуссилат, 36).

 

  • Сағира гуноҳларни тарк этиш.

Чунки, сағира гуноҳларни доим қиладиган кимса охири кабира гуноҳларни ҳам қилиб қўяди.

 

  • Жоҳилиятнинг барча сарқитларини улоқтириш.

Гуноҳлардан бутунлай қутилишни истаган одам жоҳилият сарқитларидан бутунлай воз кечиши керак. Масалан, номаҳрам аёлларнинг расмларини томоша қилишдан. У расмлар журналдами, газетадами, деворга чизилганми, кўчалардаги рекламадами, телевизордами, дўконлар ойнасидами, қаерда бўлса ҳам, уларга назар солишдан тийилиш керак.

 

  • Ҳидоят ўзи келмаслигини билиш.

Билгингки, ҳидоят сенинг олдингга келмайди, балки ўзинг уни излашинг керак. Унга етиш учун ҳаракат қилишинг, уни қалбингда собит бўлиши учун тиришишинг керак. Ҳадиси қудсийлардан бирида шундай дейилган: “Эй бандаларим, барчангиз адашгансизлар. Ўзим ҳидоят қилганлар бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят сўранглар, сизларни ҳидоят қиламан”.

 

  • Аллоҳнинг азаматини ҳис қилиш.

Баъзи салафи солиҳлар: “Маъсиятнинг кичиклигига қарама. Лекин сен гуноҳ қилаётган Зотнинг азаматига, буюклигига назар сол. Агар нафсинг сени маъсият қилишга ундаса, сен нафсингга “Кимга исён қилаётганингни биласанми?!” деб айт” дейишган. Сен исён қилаётган Зот шундайки, осмонлардаги ва ердаги ҳеч бир нарса Унга махфий эмас. У ҳамма нарсани билади. Бандаларининг қалбларидаги нарсаларни билади. Сен исён қилаётган Зот шундайки, осмонларнинг ва ернинг эгалиги Уникидир. Сен исён қилаётган Зот шундайки, осмонлардаги ва ердаги барча нарса Унга бош эгади, коинотдаги барча нарса Унга тасбеҳ айтади.

 Vakillik.uz

Интернет материаллари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 5926 times

Мақолалар

Top