Ақлли, фаросатли йигит комил устозга шогирд тушиб, анча вақт хизматида бўлди. Бир куни устоз уни ёнига чақириб:
– Масжидни тозала, ҳар тарафда кир-чанг тўпланибди, – деди.
Бу топшириқни олганидан кейин мусофир йигитни узоқ муддат ҳеч ким кўрмади. Йигитнинг бу иши гап-сўзларга сабаб бўлди. Кунларнинг бирида устознинг шогирдларидан бири ҳалиги мусофирни учратиб қолди ва унга:
– Эй дўстим, тўғри иш қилмадинг. Ҳаммамиз сенга яхши муомалада эдик. Ишдан қочиб, бизни ташлаб кетдинг. Одамлар меҳнат қилиб юксалади ва камолга эришади, – деди.
Шунда йигит ёниб сўзлай бошлади:
– Дўстим, буйруқни олган заҳоти тозалаш учун масжидга бордим. Кўрдим, ҳамма жой топ-тоза экан. Кир менинг кўнглимда экан. Шундан кейин кетдим. Киши энг олдин кўнгил масжидини тоза тутиши лозимлигин англадим.
Қиссадан ҳисса: имонли киши ўз қусурларини кўра олувчи, тавозели бўлади. Мевали новданинг боши эгилгани каби, ақлли, фаросатли киши ҳам мутавозе бўлади. Буюклик истасак, тавозени танлайлик.
Аллоҳ таоло одамни тупроқдан яратди. Камтарликда тупроқ каби бўлайлик. Модомики, аслимиз тупроқ экан, олов каби ҳирсли, саркаш бўлмаслигимиз керак. Олов ўзини юксак тутгани учун ундан шайтон бино бўлди. Тупроқ тавозели бўлгани учун ундан ўн саккиз минг олам гултожи Одам алайҳиссалом яратилди.