Ибратли ҳикоялар

Ибратли ҳикоялар: Ҳовли олма, қўшни ол

Автобусда ёнимдаги бўш жойга анчадан буён кўришмаган дугонам ўтирди. Иккимиз ҳам хурсанд бўлдик. Ўтган вақтларни эсладик. Ўша кезлар у ўз уйи бўлишини жуда орзу қиларди. Гап орасида бу ҳақда ҳам сўрадим. У эса бир бошидан гапира кетди:

“Ўқишни битириб ишга кирдим, кундузи ишладим, кечқурунлари тикиш қилдим. Укам ёш бўлса-да, устачилик қилиб, пул топди. Онам ҳам қараб турмадилар. Хуллас, биргалашиб керакли маблағни йиғдик. Себзордан бир уйни мўлжалладим. Уй эгаси билан келишдик. Уйни кўрдим, яхши, хоналари кенг, шаҳар марказида жойлашган, таъмирга мухтож эмас. Аммо қўшнилари яхши эмас экан деб, онам кўнмадилар. Онамга: “Кўпқаватли уй бўлса, қўшниларни ҳам онда-сонда кўрсак, улар билан нима ишимиз бор. Ҳовли бўлса, бошқа гап эди”, дедим. “Ёмон ҳамроҳдан ажралиб қутулиш мумкин, аммо ёмон қўшнидан кўчиб кетмасдан қутулиб бўлмайди. Қизим, ҳали ёшсан, кўп нарсани билмайсан. Яқинингдаги инсонлар яхши бўлса, хотиржам яшайсан”, дедилар. Кейин бошқа уй топдим. Уй шаҳар марказидан унча узоқ эмас, аммо бироз таъмирталаб эди. Асосийси, қўшнилар виждонли, инсофли жуда яхши инсонлар экан. Онам шу уйни оламиз деб туриб олдилар. Ҳозир янги уйимизни онамнинг номига расмийлаштириб келяпмиз”, деди.

Дугонам янги манзилини айтиб, боришимни тайинлаганча, бекатда тушиб қолди.

Ота-боболаримиз сафарга чиқишдан олдин йўлдош, уй сотиб олишдан бурун қўшни танла, деб бежиз айтишмаган. Гоҳида узоқ қариндошдан яқиндаги яхши қўшни минг чандон афзал бўлади, кунига ярайди. Бу фикрни тасдиқдловчи мисоллар ҳаётда кўп. Яхши қўшни йўғингизни тўлдиради. Эшигингизга совчи келса, айбингизни яшириб, фазлингизни оширади. Ёмон қўшни эса тинимсиз уруш-жанжал қилади, ҳовлингиздан бир гап қулоғига чалинса, кўчага ёяди. Ғийбат қилиб обрўйингизни тўкади. “Ҳовли олма, қўшни ол” деганлари нақадар тўғри. Аллоҳ барчамизни яхши қўшниларга рўпара қилсин.

Феруза СОЛИЕВА

 

Read 4914 times

Мақолалар

Top