Рамазон-2018

Рўзанинг жисм ва руҳиятга таъсири

Рўзанинг инсоният билган-билмаган, уламолар қайд этган, олимлар кашф қилган, шу билан бирга ҳануз сирлигича қолган талай жиҳатлари бор.

Аммо бир нарса шубҳасиз – рўза тутишликнинг одам жисму жонига фойдаси беқиёсдир. 

 Аввал рўзанинг мусулмон руҳиятига таъсирини кўриб чиқсак. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183), дея марҳамат қилади. Очлик ила кишиларни даволовчи табибга: «Сиз рўза туфайли топган энг катта фойда нима?» деб савол берилганда: «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ҳавас, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.
       Рўзанинг фойдаларидан яна бири ҳавойи нафсни жиловлашдир. Маълумки, ҳавойи нафсга кўр-кўрона эргашиш инсонни унинг қулига айлантириб қўяди. Бу эса асло яхшиликка олиб келмайди. Рўза тутган киши иштаҳаси келиб турган ҳолда егулик, ичимлик, шаҳвоний хоҳиш-истаклардан ўзини тийиши билан ҳавойи нафсини синдиради. 

 Рўзадор шайтонга қаҳр кўрсатади. Лаънати шайтон одам боласини мудом яхшиликдан қайтариб, ёмонликка ундаб туради. Инсон қинғир йўлдан юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади, эзгулик сари қадам босса, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, ҳасратда қолади.

  Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таоло кузатаётганини, Унинг назорати остида эканини ҳис қилиб туради. Шунинг учун ўзи ёлғиз, гувоҳларсиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.

  Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Рўзага оид ҳадиси шарифларда бунга кўплаб далиллар бор.

  Рўза тутган кишилар фаришталар сифати ила сифатланадилар. Маълумки, емоқ, ичмоқ ва жинсий яқинликдан тийилиб, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хосдир.

  Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Бу эса инсон учун жуда ҳам зарур фазилатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун давомида кўнгли тусаган нарсалардан  тийила олган одам шубҳасиз сабр-бардошга эга бўлади.

  Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўзадор нафси учун зарур, лаззатли нарсалардан ихтёрий равишда вақтинча маҳрум бўларкан, ноиложликдан оч-ташна, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечораларни яхшироқ тушунади, уларга нисбатан раҳм-шафқати ортади.

 Рўза тутиш одам жисмига ҳам ниҳоятда ижобий таъсир кўрсатади. Бундан 1400 йил бурун мусулмонларга рўза фарз қилинганда одамлар унинг шифо хусусиятлари ҳақида илмий маълумотларга эга бўлмаганлар. Буни азоб-уқубат ва жисмга нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган жоҳиллар ҳам учраган. Замонавий илмий тадқиқотлар аксини тасдиқлаяпти. Ихтиёрий оч қолишнинг энг гўзал намунаси бўлган рўзанинг барчага аён ҳикматларидан бири саломатликка ижобий таъсирдир. Шу боис очлик йўли билан даволаш бўйича кўплаб китоблар ёзиляпти, бу усул тиббиётда кенг қўлланилмоқда, даволашнинг бу тури дунёда урф бўлмоқди. Нафақат соғлиқни сақлашда, балки касалликлардан халос бўлишда ҳам рўза тутишнинг  ўта зарурлиги таъкидланяпти. Ҳозирги кунда кенг тарқалган хасталикларнинг кўпини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари ҳам очлик – рўза туттириш йўли билан даволамоқдалар. Мутахассислар бунинг самарасини эътироф этишмоқда. Айрим Ғарб мамлакатларида шу йўналишда хизмат кўрсатувчи махсус шифохоналар ҳам бор.

 Одам вужуди шундай яратилганки, озиқ-овқат етказиш тўхтаган пайтда бутун куч-қувват организмни зарарли микроблар, хаста тўқималар, ўсма ва хилтлардан тозалашга қаратилади. Тадқиқотчи, тиббиёт фанлари доктори Роберт Бартлоу илмий изланишлар, тажрибалари билан рўза организмни поклашда жуда катта кучга эга экани ва ҳатто бошланғич босқичда ўсмаларни йўқотиши мумкинлигини исботлади.

 Очлик билан даволанаётганларни кузатган олимлар уларнинг соғайиб, турли касалликлардан тамоман қутулиб кетганларига гувоҳ бўлишди. Тажрибалар рўза қонда холестерин миқдорининг камайишига, натижада юракда қон лахтаси (тромб) тиқилишининг олди олинишига сабаб бўлишини кўрсатди. АҚШда олиб борилган тадқиқотлар эса рўза қондаги қанд моддаси ва меъда шираси кислотасини ҳеч қандай дори воситаларисиз меъёрда сақлаб туришини исботлади.

 Очлик таъсирларини ўрганган германиялик олимлар уч-тўрт ҳафта мобайнида 10-15 соат ҳеч нима истеъмол қилмай енгил иш билан шуғулланиш соғлик учун жуда фойдали деган хулосага келдилар. Доктор Билл Шернбер ҳар йили бир ой рўза тутиш тетиклик ва ёшлик асоси эканини таъкидлайди.

 Одесса университети олимлари ўтказган тажрибалар очлик танадаги заҳарларни ҳар қандай дори-дармондан кўра самаралироқ чиқариб ташлашини кўрсатди. Масалан, рўза пайтида организмдан аммиакнинг чиқарилиши 100 баробарга кучаяди.

 Рўзанинг инсон асаб тизими ва руҳиятига ижобий таъсири ҳам катта. Бунда яққол кўзга кўринадиган фойда мустаҳкам ирода ва тақвонинг шаклланишидир. Энг кучли душман – нафс устидан ғалаба қозонган киши метин иродага эга бўлади, унинг онги жисм хоҳиш-истакларни бўйсундиради. Кўп ҳолларда истаклари қулига айланаёзган одам энди уларни бошқара олади.

 Физиология қонуниятларига кўра, рефлекс шаклланиши учун бир ой кифоядир. Бир ой узлуксиз рўза тутган кишида Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилиш рефлекси пайдо бўлади.

 Одатда одамларда фан томонидан тасдиқланган, амалда исботини топган нарсаларга ишонч пайдо бўлади. Бироқ рўзанинг ҳали илм-фан аниқлай олмаган фойдали жиҳатлари борлиги шубҳасиз. Булар аста-секин ўз исботини топади.

 Бу дунёда шунча фойда ва манфаатлари бўлган рўза учун охиратда  Жаноби Ҳақ ҳузурида қандай мукофотлар бўлиши мумкинлигини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди... 

Амрулло ЖЎРАЕВ,

Мир Араб мадрасаси

Read 49873 times

Мақолалар

Top