Ибратли ҳикоялар

Ҳаётий воқеа: ўкинма болам...

Эндигина кўзи ёриган ёш она кучли ҳаяжонда:

– Чақалоғимни кўрсам бўладими? – деб сўради.

Қучоғига юмшоқ бир юргак берилди ва бахтли она чақалоғининг жажжи юзини кўрмоқ учун унинг юзини очди ва ҳайратга тушганидан тили тутилиб қолди. Она ва чақалоқни кузатиб турган дўхтир шартта орқасига ўгрилиб деразадан кўчани томоша қила бошлади.

Чақалоқнинг  қулоқлари йўқ эди... Таҳлиллар боланинг эшитиш қобилияти яхши экани, фақат қулоғининг супраси йўқлиги боланинг ҳуснини бузиб турганини кўрсатди. Орадан йиллар ўтди, бола мактабга чиқди. 

Бир куни мактабдан уйга югуриб келди ва ўзини онасининг бағрига отди. Тўлиқиб йиғлар эди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи мазахланиши ва умидсизлиги эди: 

– Бир катта бола менга махлуқ деди.

Болакай ана шу кемтиклик билан улғая бошлади. Уни синфдошлари яхши кўрар ва ниҳоятда зеҳни тез ўқувчи эди.  Агар синфдошларига аралашиб юрганида эди, шубҳасиз, синфком бўлар эди.

Аммо онаси ҳар доим унга:

– Ёш болаларнинг орасига аралашмайсан, – деб тайинлар эди.

Айни пайтда у қалбида теран бир ачиниш ва шафқатни ҳис қилар эди.

Боланинг отаси оила дўхтири билан қулоғи хусусида сўзлашди.

– Бирор нарса қилишнинг иложи йўқми? – деб сўради.

Дўхтир:

– Агар бир жуфт қулоқ топишнинг иложи бўлса, уни ёпиштириб қўйиш мумкин, – деди.

Шундан сўнг  болага қулоқларини фидо этиши мумкин бўлган бир жавонмардни ахтара бошладилар. Орадан икки йил ўтди.  Бир куни отаси:

– Шифохонага борасан, ўғлим, онанг иккаламиз сенга қулоқларини беришга рози бўлган бир одамни топдик. Фақат унинг кимлигини сенга айта олмаймиз – сир, – деди.

Операция муваффақиятли ўтди ва бутунлай янги бир инсон қиёфаси пайдо бўлди. Янги кўринишидан руҳияти юксалган бола ўқишда ва ижтимоий ҳаётда катта ютуқларни қўлга киритди. Сўнгра уйланди ва кўзга кўринган дипломат бўлди. Орадан йиллар ўтди, бир куни отасининг олдига кириб:

– Отажон, менга бу қадар катта яхшилик қилган одам ким? Мен унинг яхшилигига ҳеч қандай жавоб қайтара олмадим... – деди.

Отаси:

– Бирор нарса қила олишингга кўзим етмайди. Фақат жиддий шартлашганмиз, ҳали унинг кимлигини айта олмайман, вақти етмади... – деб жавоб берди.

Бу сир йиллар давомида сақланди ва бир куни очилиш вақти келди. Бошига мусибат тушган кунда онасининг жонсиз танаси бошида отаси билан бирга жаноза ўқилишини кутаётган эди. Отаси мулойим ҳаракат билан онасининг бошига қўл чўзди, қаҳваранг сочларини силаб орқага таради, онасининг қулоқлари йўқ эди.   Отаси:

– Нега онажоним, уйда ўтирганда ҳам рўмолини бошидан олмайди, сочларига оро бермайди, деб ҳеч ўйламадингми? – дея шивирлади.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

  таржимаси

Read 5703 times

Мақолалар

Top