Ибратли ҳикоялар

Олий мукофот

Кекса отахон бемор бўлди ва уч ўғлини қошига чорлаб, уларга мол-мулкини тақсимлаб бергандан сўнг:

– Ўғилларим, қўлимда қимматбаҳо бир дур қолди. Бу дурни ким охирги уч ой ичида энг улуғ савоб иш қилган бўлса, шунга бераман, – деди.

Бу гапни эшитган тўнғич ўғил:

– Отажон, бир кун анҳор ёқалаб кетаётсам, бир аёл у ёқдан-бу ёққа дод солганча йиғлаб, югу­рар эди. Билсам, тўққиз ёшли фарзанди сувга тушиб кетиб чўкаётган экан. Анҳор чуқур ва тез оқаёт­ган бўлса-да, жонимни хатарга қўйиб, ўзимни сув­га отдим ва болани қутқардим. Боласини бағ­рига босган она, хурсандлигидан ҳақимга кўп дуо­лар қилди, бу ҳақиқий мардлик эмасми? – деди.

– Баракалла ўғлим, катта жасорат кўрсатиб­сан. Бу улуғ савоб иш, сен ҳақиқий ботир йигит­нинг ишини қилибсан, – деб мақтаб қўйди.

Навбат иккинчи ўғилга келди:

– Дўконимда савдо-сотиқ билан машғул эдим, нотаниш бир киши менга анчагина олтин-кумушни “сизга омонат” деб, ташлаб кетди. Исми­ни ҳам, манзилини ҳам айтмади. Орадан анча вақт ўтди. У одамдан дарак йўқ! Кунларнинг бирида дўконимга омонатнинг эгаси кириб келиб, ташлаб кетган омонатини сўради. Омонатнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмай, эгасига қайтариб бердим. Бу ишим мардлик эмасми? – деди.

– Ҳа, сен ҳам омонатдор, содиқ мўминнинг ишини қилибсан! Омонатни сақлаш ва унга хиё­нат қилмаслик олижаноб иш, – деб ўртанча ўғлини алқади.

Навбат кенжа ўғилга етди:

– Менинг ашаддий душманим бор эди. Бир кун тонгда ёнбағирда айланиб юрсам, бир одам жарлик ёқасида ухлаб ётибди. Озгина ҳаракат қилса, жарга қулайди. Ёнига борсам, душманим! Ита­риб юборсам, ўлиши аниқ эди. Аммо унга ўлимни истамадим, уни уйғотиб, “Эҳтиёт бўл, жарга ту­шиб кетишинг мумкин!” деб ўлимдан сақлаб қол­дим, – деди.

Ота кенжа ўғлини бағрига босиб:

– Болажоним, сен энг улуғ савоб ишни қилиб­сан! Душманингни ўлдиришга қодир бўла туриб, унга яхшилик қилиб, ўлимдан сақлаб қолибсан, бу – мард йигитнинг иши. Манави қимматбаҳо дур сенга, – деб ваъда қилинган мукофотни унга берди.

Ҳақиқий мард инсон душманига ҳам ёмон­ликни раво кўрмайди. Қўлидан келганича яхшилик қилади. Доно халқимизда “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади», деб бежиз айтилмаган.

Азиз китобхон! Сиз кимларга яхшилик қил­гансиз? Яхшиликнинг мукофоти яхшилик эка­нини биласизми?!

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Read 4716 times

Мақолалар

Top