Ибратли ҳикоялар

Дарё

Тоғдан пастга шитоб билан оқаётган дарёга қараб, хаёлан у билан сўзлашдим:

 “Эй сершовқин дарё! Нега бунча шошиб-пишиб оқасан, нимадан кеч қолмоқдасан? Сени ким­лар кутмоқдаки, ваъдамга вафо қилай, аҳдимни бузмайин дейсан?!” Худди дарёдан қулоғимга гўё сирли овоз келгандек бўлди: “Менинг йўлимга интизор, келишимни кутувчилар сон-саноқ­сиз! Сен уларнинг кўпини билмайсан. Мени кутаётган экинзорлар, дов-дарахтлар, ўт-ўланлар, ҳайвонот ва ҳатто сиз одамлар ҳам борсиз. Мен шошмасам, кечиксам, дангасалик қилсам, улар қуриб-қовжираб, сувсизликдан ҳалок бўлади. Шошишимнинг боиси шу!” Дарёга қараб ўйларканман, ёшларга шуларни айтмоқчиман: “Эй азиз ёшлар! Сиз ҳам дарёдек шошилинг, йўлингизда учрай­диган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтинг. Хонадонингизни, Ва­та­нингизни гуллатиб-яшнатинг. Азиз умрингизни беҳуда ишларга сарфлаб, сўлдириб, сўнгра пу­шаймон бўлманг! Зеро, умримиз ҳам сувдек оқмоқ­да. Шитоб билан ўтаётган умримиз мобайнида одамлар қалбига малҳам бўла олдикми? Одамлар оғирини енгил қилишга, илм билан ўзимиз ва юртдошларимиз, инсониятга манфаат берадиган нима ишларни қилдик? Қалбимизни имон суви билан суғормоқдамизми? Ташнали­гимизни илм булоғи билан қондирмоқ учун нималар қилмоқдамиз?

 

Тошдан-тошга урилиб оқади дарё,

Шовқин-сурон солиб оқади дарё.

Тўсиғу ғовларни айланиб ўтиб,

Ўз мақсади сари шошади дарё.

 

Далаю даштларга тезроқ етай деб,

Ўту ўланларни сероб этай деб.

Масрур этмоқ учун халқ, элатларни,

Тўлқин уриб қирғоқдан тошади дарё.

 

Одамлар ҳақимга дуо қилишсин,

Хизматимни доим ёдга олишсин,

Аллоҳ учун мендан рози бўлишсин –

Дебон шошиб-шитоб оқади дарё.

 

Эй инсон, дарёдек шижоатли бўл,

Одамлар қалбига қувонч, сурур сол.

Тоғ учраса кемир, дарёни симир,

Элу юртинг кўнглин айлагин дарё.

 

Дунё синоатидан ғамлар чекмагил ,

Мақсадсиз уруғни асло экмагил.

Алишер дер, элнинг дуосин олиб,

Кую қўшиқларда оқ мисли дарё.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Read 5154 times

Мақолалар

Top