Ибратли ҳикоялар

ТУНГИ ИБОДАТ

Ҳазрат Довуд алайҳиссалом Жаноби Ҳаққа илтижо қилди:

  • Ё Раббий! Кечалари сенга ибодат қилишни жуда севаман ва жон-дилимдан ибодат қиламан.

Жаноби Ҳақ унга:

  • Ё Довуд! Кеча аввалида дамингни ол, охирида ҳам турмагин, чунки кечанинг бу вақтларида турадиган қулларим бор. Баъзи қулларим кеча аввалида, баъзилари эса кечанинг сўнггида туриб ибодат қиладилар. Сен кечанинг ўртасида туриб ибодат қил, токи қулларим аралашиб кетмасин. Кеча ўртасида сен билан танҳо қоламан. Менга нима десанг ҳам ўша пайт айт, қандай ибодат қилсанг ҳам ўша пайтда ибодат қил.

Рамазон мўъжизаси

Рўза куни бир бола касалхонада жон бераётган эди. Докторлардан бири болага яқинлашиб, қулоғига пичирлади:

  • Укажон, калима келтир, жаннатга тушасан!

Бола бошини қимирлатиб қўйди, аммо калимани айтмади.

Доктор янада қаттиқроқ қайтарди:

  • Ука, кимнинг охирги сўзлари “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, унга дўзах ҳаром бўлади, калимани айт!

Кўзлари юмилиб бораётган бола яна бирор сўз айтмади. Шунда доктор унга ялингандек, ёлворгандек мурожаат қилди:

  • Жон ука, дўзахий бўлиб қолма, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дегин. Бола бор кучини йиғиб, калима келтирди:
  • “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”. Шундан сўнг бола оҳиста жон берди. Бу гапни эшитган боланинг онаси фарёд уриб йиғлади. Доктор боланинг онасидан сўради:
  • Нима учун болангиз икки марта сўраганимда калима келтирмади? Боланинг онаси кўз ёшларини артиб, жавоб берди:

Чунки болам соқов эди.

Ризқ – Аллоҳ неъмати

Буюк зотлардан бири меҳмон бўлиб борган маҳаллада нотаниш бир имом орқасида намоз ўқиди. Масжиддан чиқмасларидан аввал имом у буюк зотга ўринсиз савол берди:

  • Афандим! Сиз зоти олийлари қаерда овқатланасиз?

Солиҳлардан бўлган у буюк зот имомга:

  • Сабр этинг, аввал намозимни қайта ўқиб олай, кейин жавоб бераман. Чунки ризқнинг қаердан келишига шубҳаси бўлганнинг Холиқидан (Яратганидан) ҳам шубҳаси бўлади. Шу сабаб, бундай имом билан ўқилган намозда ҳам хайр бўлмайди, – деб саволига танбеҳ берди.

Ҳазрат бу жавоби билан дунёга ортиқча ҳирс қўйган имомга тўғри йўл кўрсатди. Ризқ Аллоҳ берадиган нарсадир. Ҳақ таолонинг берган ризқи учун қайғуриш лозим эмас. Ҳар бир одамнинг ризқи қандай ёзилган бўлса, албатта, у ўз соҳибини топади.

 

Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.

Read 8910 times
Tagged under

Мақолалар

Top