muslim.uz

muslim.uz

Фарзандингиз йиғласа ҳаловатингиз йўқолиб, ташвишга тушиб, нима сабабдан йиғлаётганини билмай қийналаркансиз. Асабларингиз таранглашиб, ўзингизни қўярга жой топа олмас экансиз. Яқинда Аллоҳнинг фазли ва марҳамати ила Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ Ҳадис ва ҳаёт силсиласининг “Яхшилик ва ахлоқ китоби” жузида бундай ёзганларини ўқиб қолдим: “Чақалоқ кўп йиғласа, оилада турли ташвиш ва қийинчиликларга сабаб бўлса, ота-она сиқилмаслиги, аччиқланмаслиги керак. Китобларимизда келган хабарларга кўра, чақалоқнинг йиғиси зикр, Аллоҳнинг ягоналигини ёдлаш, ҳамду сано, ота-онасининг ҳаққига дуо ва истиғфор ҳисобланади”.

Ушбу сатрларни ўқиб қалбим анча таскин топди, Алҳамдулиллаҳ. Сизнинг ҳам қалбингиз хотиржам бўлсин деб ушбу маълумотни Сизга илиндим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда умматларига гўзал намуна бўлганларидек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам барча ишларда йўлбошчи, ўрнак бўлдилар.

Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни Ўз раҳматига олсин. Динга қилган хизматларини Ўзининг розилиги билан мукофотласин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Афро-америкалик мусулмон муаллифларининг учинчи конференцияси шу ойнинг бошида бошланди ва бу Covid-19 пандемияси туфайли бутунлай виртуал шаклда бўлиб ўтди.
Islam.ru маълумотларга кўра, иштирокчилар қандай қилиб афро-америкалик ва мусулмон маданияти замонавий адабиётга таъсир этаётганлигини муҳокама қилишмоқда. 7 февраль куни ташкил этилган жонли эфирда болалар ва ўсмирлар учун адабиётга ихтисослашган муаллифлар мусулмон оилалари ва жамоалари дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилишди.
"Мен афро-америкаликман ва мен ўсаётган пайтимда Аллоҳнинг ёрдами билан енгишнинг уддасидан чиққан кўплаб қийинчиликларни бошимдан ўтказганман. Хуллас, бир куни мен бу ҳақда китоб ёзишим керак, деб ўйлаб қолдим", - дейди Нафисах Абдул Раҳим мунозара қатнашчиларига. Шунингдек, у замонавий жамиятда болаларга шафқатсизлик билан муносабат бўлиш ва вазиятни қандай қилиб ўзгартириш ҳақида ва болаларга уларнинг ҳуқуқлари борлигини билиш имкониятини берадиган китобларга эҳтиёж борлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Середа, 10 февраль 2021 00:00

Энг афзал амал

Муовия ибн Қурра айтади: «Ҳасаннинг ҳузурида эдик. Қайси амал энг афзал экани ҳақида гаплашдик. Ҳамма тунда қоим бўлиш деб иттифоқ қилди. Мен эса: «Ҳаромларни тарк қилиш», дедим. Шунда Ҳасан: «Гап тамом, гап тамом», деди».

Нафл рўза ва нафл намоздан афзал амал

Муслим айтади: «Яйловга келаётиб, Муовия ибн Қуррани учратдим. «Нима қиляпсан?» деган эди, «Оилам учун у-бу нарсалар сотиб олдим», дедим. У: «Ҳалолларидан олдингми?» деди. «Ҳа!» дедим. У: «Сен қилган мана шу иш билан ҳар куни банд бўлиш мен учун тунлари қоим, кунлари соим бўлишдан суюклироқ», деди».

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бу топшириқ «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлигига берилган.
Ушбу фармонга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритишади.
Шунингдек Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мен келин бўлиб тушган хонадонда момоқайнонам ва қайнонам бор эди. Рўзғор юмушлари, пишир-куйдир, тикиш-чатишда янги оилада қийналмаслигимдан жигарларимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам кўнглим тўқ эди. Лекин… тўйдан кейин кўп ўтмасдан қайнонамдан: “Супургининг белини букиб супураркансиз, тўрт кунда чўлтоқ бўлади”; “музхонанинг фалон токчасига унимас, буни қўйиш керак” каби гаплар кўпайиб борди.

Бир-икки марта жавоб қайтаргандим, гап бадтар чувалашди: “Ўз билганингиздан қолмас экансиз. Катталарга қулоқ солишни ўргатишмаганми?”; Мени “Супурги тиклаб қўйилди нимаю ётқизиб қўйилди нима?”; “Шўрванинг картошкасию маставанинг сабзиси сал каттароқ ёки майдароқ тўғралганини гапириш шартми?” деган саволлар қийнарди.

Бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасдим. Аммо, сезишимча, қайнонам билан ўртамиздаги гап-сўзлар момоқайнонамга, турмуш ўртоғимга ҳам етиб бораётгандай эди. Ўртада қандайдир кўнгилхиралик бордек яшётган эдик. Бир куни… дорга кир ёйишим ойижонга ёқмади-ю, “Билмаган ишингизни ўрганишниям истамас экансиз”, деб ҳамма кирни бошқатдан ёйиб чиқдилар. Хуллас, уйга борганимда, ичимдаги аламларимни тўкиб солдим.

Гапларимдан бувижоним тутаб кетдилар: “Ҳо-о, менинг болам уй ишларини билмас эканми?” Шу пайт кекса қўшнимиз чиқиб қолди, бувимга сингилдек яқин бу аёлга мендан эшитганларини куйиб-пишиб айтиб берди. Шунда қўшнимиз бироз кулимсираб менга: “Қизим, қайнонангнинг гапларига “хўп” деб жавоб қайтариш шунча қийинми?” деди. “Қийинмас… – дедим. – Энди… рўзғор юмушлари бажарилмай қолгани йўқ-ку!”

Бу гапимдан бувим тағин ловуллаб кетди: “Нияти холисга ўхшамаяпти бу аёлнинг!..” “Унақа деманг, опа, келинлик пайтимдаги воқеалар эсингизга тушмаяптими? – деб дарров тўхтатди қўшнимиз, кейин яна менга юзланди: “Қизим, сенга ҳовлининг у томониданмас, бу томонидан супуриш шунчалик қийинми?” “Қийинмас-у…” “Қийинмас, албатта, – давом этди қўшнимиз. – “Хўп” дегину айтганини қилгин, олам – гулистон! Ахир, у оиладагилар ҳам ўз тартиб-қоидаларига кўникиб кетишган. Кўпчиликка бўйсунасан-да!”

…Бу воқеаларнинг бўлиб ўтганига қирқ йилдан ошди. Ўшанда биринчи марта қайнонамнинг танбеҳлари, талабларини эшитганда ўзимни оқлашга уринмай, “хўп” деб жавоб қайтарганимдаёқ у кишининг юзида хотиржамлик, рағбат кўрганман. 

 

ОҚИЛАБУВИ

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан

Top