www.muslimuz

www.muslimuz

Ота-онага яхшилик қилиш

Дарқақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿۞وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنًاۚ إِمَّا يَبۡلُغَنَّ عِندَكَ ٱلۡكِبَرَ أَحَدُهُمَآ أَوۡ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَآ أُفّٖ وَلَا تَنۡهَرۡهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوۡلٗا كَرِيمٗا٢٣ وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤

«Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етса, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24)

“Уларга ёқимли сўз айт” дейилганида ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ҳурматлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил” тафсири).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “...уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима!” оятини шарҳлаб, айтади: “У нафрат сўзидир”.

Муқотил айтади: “У қўпол, ёмон сўзларни айтиш”.

Тарбия бериб, вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлигини ва чеккан машаққатларини қадрлаши учун Аллоҳ таоло бандаларига буюради:

“...ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”»

Аллоҳ таоло инсондаги ота-она ҳақи хусусида бундай деди:

﴿وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ

«Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик» (Бақара, 83).

Ота-онага яхшилик қилиш амалларнинг яхшиси ва тоатларнинг энг улуғидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, энг яхши амал қайси?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Энг афзал амал) ўз вақтида ўқиладиган намоздир”, дедилар. “Сўнг қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар.

Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ушбу сўзларни эшитдим: “Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!” “Ким у, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топиб, уларга яхшилик қилиб жаннати бўлиб олмаган”, дедилар».

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилишдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилишдир”, деди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига жиҳод қилиш учун рухсат сўраб келган бир киши қиссасини эслайлик.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Ота-онанг тирикми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен жидду жаҳд билан хизматларини адо эт”, дедилар.

Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламасликдир. Баъзилар ота-онага яхшилик фақат ўзига ёқадиган ишларда ва хоҳишига мувофиқ келган ўринларда деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда эса, бундай эмас. Яхшилик фақат яхши амалларда, банданинг ҳавойи хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавойи майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло бандани ота-онага яхшилик қилиш ва улар ҳурматини жойига қўйишга буюради:

“Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбия­лаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”

Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ إِحۡسَٰنًاۖ حَمَلَتۡهُ أُمُّهُۥ كُرۡهٗا وَوَضَعَتۡهُ كُرۡهٗاۖ وَحَمۡلُهُۥ وَفِصَٰلُهُۥ ثَلَٰثُونَ شَهۡرًاۚ حَتَّىٰٓ إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُۥ وَبَلَغَ أَرۡبَعِينَ سَنَةٗ قَالَ رَبِّ أَوۡزِعۡنِيٓ أَنۡ أَشۡكُرَ نِعۡمَتَكَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتَ عَلَيَّ وَعَلَىٰ وَٰلِدَيَّ وَأَنۡ أَعۡمَلَ صَٰلِحٗا تَرۡضَىٰهُ وَأَصۡلِحۡ لِي فِي ذُرِّيَّتِيٓۖ إِنِّي تُبۡتُ إِلَيۡكَ وَإِنِّي مِنَ ٱلۡمُسۡلِمِينَ١٥

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачон, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман”, дейди» (Аҳқоф, 15).

Бақара сураси 233-оятда чақалоқ тўла икки йил эмизилиши белгилаб қўйилган. Ўттиз ойдан йигирма тўрт ой эмизишга кетса, олти ой қолади. Ҳомила одатда тўққиз ойда туғилса-да, бунинг энг кам муддати олти ой, кўп муддати эса, йигирма тўрт ой, дейишган. Бу табобатда ҳам тасдиқланган.

Уламолар: “Бу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақларида нозил бўлган”, дейди. Бу оят у кишининг оталари Абу Қуҳофа, оналари Уммул Хайр, болалари ҳақига қилган дуолари ижобат бўлганидан дарак беради. Ўзи билан бирга ота-онаси ва ўғил-қизлари Исломни қабул қилган бошқа бирор саҳоба йўқ, бунга фақат Абу Бакргина мушарраф бўлган.

Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ота-онасининг ҳақини адо этган кишидан хурсандман”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Агар унда (ота-она ҳақини адо этишда) ҳеч нарса бўлмасачи?” деб сўрадим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар улар бир ишга буюрса, “хўп бўлади”, десин, “уф”, демасин. Уларга қаттиқ гапирмасин, фақат яхши гапларни сўзласин”, дедилар.

Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга бир яхшиликни билдиринг, ундан дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаат топай”, деди. “Ота-онанг борми?” деб сўраганларида, у: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, уларнинг ҳақини адо қил ва уларни овқатлантиргин. Уларга едирган ҳар бир луқманг учун жаннатда қаср бино қилинади”, дедилар. Яна бир саҳоба Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг онам бор ва унга нафақа қилиб тураман. У эса менга тили билан азият беради. Нима қилай?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг ҳақини адо қил. Аллоҳга қасам, агар гўштингни кесиб берсанг ҳам, ҳақининг тўртдан бирини адо қила олмайсан. Жаннат оналарнинг оёғи остида эканини билмайсанми?” деб жавоб бердилар. Саҳоба: “Энди онамга асло ёмон гапирмайман”, деди ва онаси олдига келиб, оёқларини ўпди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) матни узун бир ҳадиснинг охирида айтганлар: “Мени ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам, кимга Аллоҳ таоло мол ато қилса, бу молидан у ота-онасига эҳсон берса, жаннатда мен билан бирга бўлади”. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, агар ота-онаси дунёдан ўтиб кетган бўлса-чи?” деб сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уларнинг номидан садақа қилади, Қуръон ўқийди ва ҳақларига дуо қилади. Агар буларни тарк қилса, уларга оқ бўлади. Ким уларга оқ бўлса, осий бўлибди”, деб жавоб бердилар.

Баъзилар: “Бир банда фарз намозини ўқиб, кетидан ота-онаси ҳақига мағфират сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло дуосини ижобат этиб, гарчи ота-онаси фосиқ бўлса ҳам, уларни мағфират қилади”, деган.

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитганман: “Ким ота-онасини зиёрат қилиш учун йўл юрса, Аллоҳ унинг ҳар бир босган қадамига юзта савоб ёзиб, юзта гуноҳини ўчиради ва даражасини юз баравар кўтаради. Агар улар олдида яхши сўзларни айтса, қиёмат куни унга нур бўлади. Ота-онаси олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда чиқади”».

Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бир савдогар бор эди. Бир куни онаси унинг олдига келиб, ўзига зарур нарсани беришини сўради. Шунда савдогарнинг хотини: “Онанг бизнинг камбағал бў­лишимизни хоҳлаяпти, агар ҳар куни шундай сўрайверса, фақир бўлиб қоламиз”, деди ва савдогар унга ҳеч нарса бермагач, онаси йиғлаб, қайтиб кетди. Бир сафар савдогар тижорат иши билан йўлга чиққанида, қароқчилар йўлини тўсди. Молларини тортиб олишди-да, қўлини кесиб, бўйнига осиб кетишди. Шу ердан ўтаётган қавм уни кўриб, уйига олиб борди. Кўргани келган қариндошларига у: “Бу менинг жазоим. Агар онамга инфоқ-эҳсон қилганимда, қўлим ҳам, молим ҳам ўзимда қоларди”, деди.

Ҳикоя қилинишича, фазилати билан машҳур шайх Маккага сафарни қасд қилди. Аммо онаси бундан норози бўлди. Онаси унинг ортидан: “Парвардигоро, ўғлим мени айрилиқ ўти билан куйдирди. Уни бу қилмиши учун жазолагин!” деб дуо қилди. Шайх шаҳарлардан бирига етгач, масжидга кириб, ибодат қила бошлади. Шу кеча бир кишининг уйига ўғри кирди. Уй эгаси ўғрининг масжид томон қочганини кўрди. Одамлар уни қувлай кетди, лекин ўғри масжиднинг олдига келганида кўздан ғойиб бўлди. Улар: “Масжидга киргандир”, деб ичкарига қаради. Намоз ўқиётган шайхни ушлаб, шаҳар ҳокимининг олдига олиб боришди. Ҳоким ўғрининг кўзини ўйиш, қўл-оёқларини кесишга буюрди. Жаллодлар ҳукмни ижро этди ва: “Бу ўғрининг жазоси”, дея бозорда жар солишди. Шунда шайх: “Ундай деманглар! Бу онасининг рухсатисиз Каъбани тавоф қилиш учун чиққан кимсанинг жазосидир, деб айтинглар”, деди. Унинг шайх эканини билишгач, қилган ишларидан пушаймон бўлишди. Онаси олдига олиб келиб, остонага қўйиб кетишди. Уй ичидан эса онасининг ноласи эшитилди: “Парвардигоро, агар боламнинг бошига бир бало солсанг, сўнгра уни қайтарсанг, ўғлимни бир бор кўрсам”. Шунда шайх: “Мен оч мусофирман, менга овқат беринглар”, деди. Онаси: “Эшик олдига кел”, деди. У: “Менинг оёқларим йўқ”, деди. Онаси: “Бўлмаса, қўлингни чўз”, деди. “Чўзадиган қўлларим ҳам йўқ”, деди у. Онаси деди: “Мен сенга номаҳрам бўлсам, қандай қилиб сени овқатлантираман”. У: “Қўрқма, менинг кўзларим ҳам йўқ”, деди. Шунда онаси битта нон билан кўзачада сув олиб, унинг олдига келди. Шайх юзини онасининг оёғига қўйиб: “Мен сизнинг осий ўғлингизман”, деди. Онаси уни таниб, йиғлаб юборди ва: “Парвардигоро, агар ҳолат бундай бўлса, иккимизнинг ҳам жонимизни олгин, токи одамлар юзларимиз қоралигини кўришмасин”, деб нола қилди. Унинг ноласи тугар-тугамас, Аллоҳ ҳар иккисининг жонини олди.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ота-онасини норози қилган бўлса, шаҳодат калимасини айтолмай ўлади ва қабридан пешонасига “Бу ота-онасига оқ бўлган кимсанинг жазосидир”, деб ёзилган ҳолатда туради», дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Кимга Аллоҳ таоло мол ато қилса-ю, у ота-онасининг ҳақини адо қилмаса, унинг амаллари бекор бўлади ва у қаттиқ азобланади”, дейилган.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар».

“Саҳиҳи Бухорий”да келишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси амал Аллоҳга маъқулроқ?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Яна қайси амал?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида ғазот қилиш”, дедилар. Шу аснода бир киши келиб, ғазотга чиқиш учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан рухсат сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-онанг хизматини қилсанг, ғазот қилган бўласан”, дедилар».

Ансорлардан бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Ота-онам вафот этганидан кейин ҳам уларга яхшилик қилишим керакми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, тўрт нарса билан хизмат қилишинг керак: уларнинг ҳақига дуо қилиш, гуноҳларига истиғфор айтиш, уларнинг аҳдлари, ваъдаларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш”, дедилар.

Ота-она хизматини қилишда, уларнинг розилигини топишда сусткашлик қилиш ярамайди. Хизматларини адо этиш ва улар ҳақига раҳмат-мағфират тилаб, дуолар қилиш зарур! Шунда ҳам ота-онанинг ҳақларини тўлиқ адо эта олмайсиз. Лекин Аллоҳ таоло оз амалларингизни барака билан кўпайтириб беради.

Ота-онага яхшилик қилишга Буюк Аллоҳ тарафидан амр-фармон бўлишига қарамай, бу соҳадаги ўлчовларимиз бузилиб кетган. Гоҳо ошна-оғайниларини, хотини, фарзандларини ота-онасидан устун қўядиган кимсаларни учратамиз. Баъзилар ота-онага яхшилик қилиш каби фазилати улуғ амалларни тарк этиб, арзимас ишлар билан кифояланади. Баъзилар ота-онаси қариб қолганида ташлаб кетади ёки ота-онасини камдан-кам зиёрат қилади. Ота-онасига бақирадиган ёки қўпол муомала қиладиганлар ҳам бор. Айримлар кўча-кўйда бировларга хушомад қилади-ю, уйида кекса ота-онасига айтгани бир оғиз илиқ сўз тополмайди. Улар билан қўпол муомалада бўлади.

Бугун динимиз буйруқларига эътиборсизлик ва аёлларнинг фаоллашуви сабабли хотинини ота-онадан устун қўйиш ҳоллари кўпайди. Муоз (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга васият қилдилар: “Агар ота-онанг сенга аҳлинг (хотининг)дан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюришса ҳам, уларга итоат қил!”»

Эрини ота-онасига осий бўлишга ва қариндош-уруғчиликни узишга ундайдиган аёлда яхшилик йўқдир.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: «Умар (розияллоҳу анҳу) аёлимни ёқтирмасди. Отам менга уни талоқ қил, деди. Мен бош тортдим. Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, устимдан шикоят қилди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангга итоат қил”, дедилар».

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига бир киши келиб: “Онам хотинимни талоқ қилишимни буюряпти”, деди. Абу Дардо: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ота-она жаннат дарвозаларининг ўртасидадир. Агар хоҳласанг, бу дарвозани йўқ қиласан ёки сақлаб қоласан”, деганларини эшитганман», деди.

Киши ота-онасига роҳат-фароғатидан кечиб бўлса-да, яхшилик қилсин, итоат этсин. Ким бахт-саодат истаса, жаннат дарвозаларини бузиб ташламасин. Энди ким охиратини дунёга алмаштирса ва ўткинчи ҳаётни афзал билса, у жаннат дарвозасини бузиб ташлаган бўлади.

Юқоридаги ҳукмга кўра, агар аёл хулқи ёмон ва итоатсиз бўлса, ота-она ундан ажралишга буюрса, фарзанд итоат қилиши шарт. Аммо аёли яхши бўлса, ота-онаси мустаҳкам диндор бўлмаса, келиннинг диндорлиги туфайли талоқ қилишга буюрса, ўғил улар билан чиройли муомала қилади, хизматларини бажаради, аммо аёлини талоқ қилмайди. Аллоҳдан қўрқадиган муслима эрини ота-онасига яхшилик қилишга ундайди. У мана шу ишда Аллоҳдан савоб умид қилади. Ота-онани ҳурматлаш, уларнинг хизматларини қилиш улкан бойлик ва чиройли хулқлардандир.

Мужоҳид айтади: «Агар ота боласини ураман деб қўл кўтарса, бола отасининг қўлини қайтармасин. Ким ота-онасига хўмрайиб қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким уларга (Аллоҳга ва ота-онага осийлик қилиш билан) ғам келтирса, оқ бўлибди. Ота-онага оқ бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса билан кишининг амаллари унга фойда бермайди. Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, душман бостириб келганида урушдан қочиш”, деганлар».

Жуҳайма (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, жаҳд қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим”, деди. “Онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Онангни ёлғиз қолдирма. Чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар.

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, ҳижрат қилиш учун сизга байъат бергани келдим. Лекин ота-онам ортимдан йиғлаб қолди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайтиб бор ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Сен улар олдига қайтиб бориб, уларни йиғлатганингдек кулдирмагунингча, сендан байъат олмайман”, каби келган.

Қатодадан ривоят қилинади: “Бир кишининг онаси унга фақат фарз намозларини ўқийсан ва фақат Рамазон рўзасини тутасан, деб қасам ичирди. Шундай ҳолатда у онасига итоат қилади! Чунки онага итоат қилиш нафл ибодатлардан афзалдир.

Ҳишом ибн Ҳассон айтади: «Мен Ҳасанга: “Кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қолади”, дедим. Ҳасан: “Кечқурунги овқатни онанг билан егин, чунки онанг ёнида бўлиб, уни қувонтиришинг нафл ҳаж қилишингдан яхшидир”, деди».

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) онасини елкасида кўтариб, Каъбани тавоф қилаётган кишини кўрди. У киши: “Эй Ибн Умар, онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деб сўради. Ибн Умар: “Сени туғишдаги тўлғоқларидан биттасининг ҳақини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ камига ҳам кўп савоб беради”, деди.

Агар биров бизга бир-икки бор яхшилик қилса, уни мақтаб, яхшиликларини эслаб юрамиз. Ота-онамизга эса баъзан итоатсизлик ва қўпол муомала билан жавоб берамиз. Бошқаларнинг кўнглини олишга уринамиз-у, аммо не-не машаққатлар билан бизларни улғайтирган ота-онамизнинг кўнглини кўтариш, дилини шод қилишга эътибор бермаймиз. Бирор фарзанд отаси ёки онаси вафот этганида касал бўлиб қолганини кўрганмисиз? Ёқуб (алайҳиссалом) қиссасини бир эслайлик. Ўғли Юсуфдан айрилиш отага қандай таъсир қилганини хотирлаб, хулоса чиқарайлик.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿وَتَوَلَّىٰ عَنۡهُمۡ وَقَالَ يَٰٓأَسَفَىٰ عَلَىٰ يُوسُفَ وَٱبۡيَضَّتۡ عَيۡنَاهُ مِنَ ٱلۡحُزۡنِ فَهُوَ كَظِيمٞ٨٤

«Кейин улардан юз ўгириб: “Эсизгина Юсуф!” деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф, 84).

Ёқуб (алайҳиссалом) саксон йил суюкли ўғли Юсуф (алайҳиссалом) фироқида йиғлайверганидан кўзлари оқариб, охири кўр бўлиб қолади. Бу йиғи сабрсизлик йиғиси бўлмай, инсонга Аллоҳ ато этган туғма табиат эди, оталик меҳри далолати эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам Иброҳим исмли норасида ўғиллари вафот этганида кўзларига ихтиёрсиз ёш олганлари маълум.

Ота-онага оқ бўлишга уларни йиғлатиш, хафа қилиш, узоқ вақт зиёрат қилмаслик, саломатликлари ва моддий ҳолатларига эътибор бермаслик кабилар киради. Шунингдек, болалар Аллоҳга итоат қилмаслиги ва мункар ишларга берилиши ҳам ота-онани ғамга ботиради. Чунки бу ишлар ота-онага ёмон таъсир қилади. Кўпинча фарзандлар яхши мансабларга ва молу дунёга эга бўлганида шундай оқпадарлик қилади.

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб деди:

– Ё Расулуллоҳ! Инсонлар орасида менинг чиройли муомала қилишимга ким ҳақлироқ?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Онанг, – дедилар.

– Сўнг ким? – деб сўради.

– Онанг, – дедилар.

– Сўнг ким? – деди.

– Онанг, – дедилар.

– Сўнг ким?

– Отанг, – дедилар.

Ибн Баттол айтади: “Она уч нарсада отадан фарқланиб, афзал туради: болани қорнида кўтариш қийинчилиги, тўлғоқ азоби ва эмизиш машаққати. Онанинг отадан олдин қўйилишида катта ҳикмат бор. Она ўзини боқадиган, яхшилик ва парвариш қиладиган кишига муҳтождир. Чунки у заифа, касби йўқ, эътибор ва раҳм-шафқатга муҳтождир.

Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога жаннатда кимга қўшни бўлишини билдиришини сўраб, ёлборар эди.

Бир куни шундай нидо келди:

– Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади...

Мусо (алайҳиссалом) қизиқиб, қассобнинг қайси ибодати учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқди. Мусо (алайҳиссалом) ўша одамни қидириб топди. Қассоб Мусо (алайҳиссалом) ҳақ пайғамбар эканини билган, имон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Мусо (алайҳиссалом)ни уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган бир саватни ерга туширди ва ундан ҳатто ҳаракат қилишга ҳам ҳоли қолмаган бир қари кампирни олди. Худди гўдакни овқатлантиргандек унга едирди, ичирди ва яна саватга жойлаб, деворга осди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади. Қари аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо (алайҳиссалом) қассобдан сўради:

– Ўғлим, бу кампир киминг бўлади?

Қассоб мусофирга:

– Бу аёл онам бўладилар. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоллари йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман ва тозалигига қарайман. Қўлимдан келганича хушнуд этишга ҳаракат қиламан.

Мусо (алайҳиссалом):

– Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?

Қассоб:

– Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Мусо (алайҳиссалом)га қўшни қил, деб дуо қилди. Шунда Мусо (алайҳиссалом) ўзини танитадиган вақт келганини тушунди ва:

– Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини илтижо қилган эдим. Аллоҳ сен эканингни билдирди. Сенга хушхабар бўлсин: онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади, – деб марҳамат қилди.

Ота-она дунёдан ўтганларидан кейин уларнинг ҳақларига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш, уларнинг васиятларини бажариш, шунингдек, улар номидан садақа қилиш ва уларнинг қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш фазилатли ишлардандир. Бир ансорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин уларга қандай яхшилик қилишим мумкин?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўрт амал бор: уларнинг ҳақларига дуо қилиш ҳамда истиғфор айтиш; аҳдларини бажариш; уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онанг яхшилик қиладиган кишилар билан силаи раҳм, яъни қариндошчиликни боғлаш. Мана шу ишлар вафотларидан кейин ҳам уларга қила оладиган яхшиликларингдир”, дедилар.

Биз Аллоҳ китобидан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  суннатларидан васиятда айтилган насиҳатга қулоқ тутайлик:

– Ота-онамиз ёнимизда эканида, соч-соқоллари оқариб, беллари букилганида, қўл-оёқлари қалтираб, қийинчилик билан туриб, машаққат билан ўтирганида, хасталиклар кела бошлаганида уларга яхши муомaлада бўлайлик. Кўнгилларини кўтарайлик, хушнуд этайлик. Уларга молимиз ва кучимизни сарфлашда бахиллик қилмайлик. Улар билан ҳаётимизни чиройли ўтказайлик.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Намозни ўз вақтида адо этиш;

Жамоат намози;

Истиқоматда бўлиш.

Шу йил 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов ва Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

Самимий суҳбатда томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани ҳақида тўхталиб, икки халқни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар – дин, маданият, илм-маърифат борасидаги алоқаларни алоҳида қайд этдилар.

Дўстона учрашув чоғида Саудия Арабистонидаги “Подшоҳ Салмон” номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази томонидан Рамазон ойи муносабати билан хайрия сифатида 50 тонна хурмо топширилди. Тақдим этилган хурмолар учун “Подшоҳ Салмон” фонди ва Саудия Арабистонининг элчихонасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, ушбу хайрия тадбирининг муборак Рамазон ойи арафасида амалга оширилиши айни муддао экани таъкидланди. Ўз ўрнида элчи жаноблари келгусида Ўзбекистонда шу каби хайрия тадбирларни кўпроқ ташкил этилишини маълум қилди.

Мазкур хурмолар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Рамазон ойи арафасида республикамиздаги ташкилотлар, масжидлар, мадрасаларга хайрия сифатида тарқатилиши режалаштирилган.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

24 март куни, соат ⏰ 14:00 да (Тошкент вақти билан) тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматов онлайн-тажвид дарсларининг 31-машғулоти ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 87-сураси бўлмиш ? "АЪЛАА"нинг ўқиш қоидалари ўргатилади.

Онлайн-тажвид дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal

Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCQGFSBrqwBCKY5SYk_6wm7A

Instagram: muslimuzportali



 Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Эр ва хотин қуйидагилардан огоҳ бўлиши лозим

  1. Эр-хотин қўшилиши ҳақида бошқаларга сўзлаши ҳаром. Бунинг оқибатини ушбу ҳадисдан биламиз:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللَّهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلَ يُفْضِى إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِى إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا ». (رواه مسلم وأبو داود)

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни (Аллоҳ ҳузурида) макони энг ёмон киши шуки, у хотинига тегинади (қўшилишга ишора) ва аёли унга тегинади, сўнг сирни фош қилади (тарқатади)”, дедилар.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилади: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз билан намоз ўқидилар. Тугатгач: “Сизлардан бир киши эшикни беркитиб, парда осиб, аҳли билан яқинлик қилади. Сўнг “Мен аҳлим билан шундай қилдим, аҳлимни бундай қилдим”, дейдими?” деб сўрадилар. Кишилар жим қолди. Сўнг аёлларга юзланиб: “Сизлардан гапириб берадиган борми?” дедилар. Шунда бир қиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўриши ва эшитиши учун бир тиззалаб ўтирди ва бошини кўтариб: “Ҳа, Аллоҳга қасам, мана шу эркаклар ва ушбу аёллар ҳам сўзлаб беришади”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бундайларнинг ўхшашини биласизми? Улар шайтон эр ва шайтон хотинга ўхшаш. Уларнинг бири соҳибини кўчада учратади ва ҳожатини чиқаради, инсонлар эса уларни томоша қилади”, дедилар».

  1. Эр хотинининг орқа томонига яқинлик қилиши ҳаром.

عن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « لا ينظر الله إلى رجل أتى امرأة في دبرها ». (رواه النسائي وابن حبان)

Имом Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинининг орқа томонига яқинлик қилувчига Аллоҳ раҳмат назари билан боқмайди”,  дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади:

عن عقبة بن عامر الجهني قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «لعن الله الذين يأتون النساء في محاشهن ». (رواه الطبراني)

Табароний ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлининг орқа томонига келувчи киши лаънатлангандир”, дедилар.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай ношаръий ишнинг оқибатини қуйидагича баён этганлар:

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : من أتى حائضا أو امرأة في دبرها أو كاهنا فقد كفر بما أنزل على محمد صلى الله عليه و سلم. (رواه الترمذي)

Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳайз кўрган хотинига ёки хотинининг орқа томонига келса ёки фолбин сўзини тасдиқласа, Муҳаммадга (алайҳиссалом) нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дедилар.

Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло инсониятни хушсурат шаклда яратди, унга гўзал одобни буюрди. Жумладан, муқаддас динимиз таълимотларида ўз жуфти ҳалолига муомаласи ҳам бошқа мавжудотлардан фарқли бўлиши учун қонун-қоидалар баён қилинди. Аммо айрим кимсалар бор, сурати инсон, бироқ бу борада қилаётган ишлари ҳайвонларни ожиз қолдиради.

  1. Эр хотини ҳайз ёки нифосда бўлганида яқинлик қилиши ҳаром. Аллоҳ таоло амр қилади:

فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ

«...Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз...» (Бақара, 222).

Юқорида ҳайз ҳақидаги ҳадис баён қилинди. Тиббиёт мутахассислари аниқлашича, ҳайз ва нифос пайтида яқинлик қилиш кўп касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Қуйида ана шу касалликлар ҳақида қисқа баён қиламиз:

  1. Аёлнинг баъзи аъзоларида оғриқ пайдо бўлади. Кўпинча бачадон шамоллашига, мояк ёки тос шамоллашига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида одам соғлиғига зарар етади. Кўп ҳолларда моякнинг бузилиши ва бепуштликка олиб келади.
  2. Эркакнинг жинсий аъзосида сўзакка ўхшаш йирингли касалликка олиб келади. Кўпинча эркакнинг тухумдонида оғриқ пайдо қилади ва эркак бепуштликка мубтало бўлади.

Демак, ҳайз пайтида яқинлик қилиш турли дардлар пайдо қилиб, эркак ва аёлни бепуштликка мубтало қилиши мумкин. Бунданда катта зарар борми? Шунинг учун табиблар бу пайтда қўшилишдан қатъий қайтаради.

Аллоҳ таоло огоҳ этган:

وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡمَحِيضِۖ قُلۡ هُوَ أَذٗى فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ

 «Сиздан ҳайз ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз...» (Бақара, 222).

Ким бундай ишга мубтало бўлган бўлса, у гуноҳига самимий тавба қилиши ва Аллоҳга истиғфор айтиб, қилган ишига пушаймон бўлиши лозим.

Табиблар ва аҳли илмлар насиҳати:

  1. Шаҳватни қондиришда мўътадил бўлиш. Мўътадил бўлишнинг чегараси ҳафтада икки марта. Уни эҳтиёжга қараб кўпайтириш ёки камайтириш мумкин. Лекин ҳаддан зиёд кўпайтириш танага зарар етказиб, ақлни сусайтиради ва зиммадаги масъулиятни бажаришдан тўсади.
  2. Олдин кўнгилхушлик қилиб, сўнг шаҳватни қондириш.
  3. Қўшилиш учун муносиб вақтни белгилаш. Чунки аёлнинг мижози нозик бўлади. Агар унинг мижозига тўғри келмайдиган вақтда бўлса (касал вақтига ўхшаш), эрини ёқтирмаслиги ва нафратланишига сабаб бўлади.
  4. Ҳар қандай ойда, кунда ва соатда қўшилиш жоиз. Фақат рўза тутганида (кундузи), аёл ҳайз ёки нифосдалигида мумкин эмас. Бу ишдаги суннат жума куни кечаси ва кундузидир.

Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилади, “Жума куни ким ювинишга мажбур бўлса (хотини билан қўшилганидан сўнг), ювинса, сўнг намозга эрта борса ва имомга яқин ўтирса, унга қулоқ солиб, лағв қилмаса, унинг ҳар бир босган қадамига кечаси қоим, кундузи рўза тутган бир йиллик амал савоби берилади”.

  1. Хотин эр табиатини яхши билиши, эрини қандай зийнат қизиқтиришини, унга қандай меҳрибон бўлишни, қайси вақтда қўшилишни ёқтиришини билиши лозим. У хоҳламаган пайтда уни қизиқтириши ёки унинг рухсатисиз нафл рўза тутиши мумкин эмас. Аксинча, эри ҳоҳлаган вақтда қайтармаслиги керак.

عن أَبي هريرة - رضي الله عنه - ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : (( إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امرَأتَهُ إِلَى فرَاشِهِ فَلَمْ تَأتِهِ ، فَبَاتَ غَضْبَانَ عَلَيْهَا ، لَعَنَتْهَا المَلائِكَةُ حَتَّى تُصْبحَ )) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Эр хотинини ётоққа чақирса, у келмаса, эри ундан ғазабланиб ухласа, фаришталар уни тонг отгунча лаънатлайди”, дедилар.

وفي رواية: حتى يرضى عنها

Бошқа ривоятда: “Ҳатто эри ундан рози бўлгунича”, дейилган.

Бошқа ҳадисда аёл эри рухсатисиз нафл рўза тутишидан қайтарилган:

عن أَبي هريرة - رضي الله عنه - أيضاً : أنَّ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( لاَ يَحِلُّ لامْرَأةٍ أنْ تَصُومَ وزَوْجُهَا شَاهدٌ إلاَّ بإذْنِهِ)). (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эри изн бермасдан аёлнинг (нафл) рўза тутиши ҳалол бўлмайди” , дедилар.

 

Нафсни сақлаш

Молу давлат дунё ҳаёти учун муҳим эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки моддий жиҳатдан имконияти кенг инсон муаммоларни осон ҳал этади.

Аллоҳ фазли билан давлатманд бўлганлар уйланиш ёшига етиб, бироқ маблағ топа олмай юрган ёшларга ёрдам кўрсатса, улкан ажру савобга эга бўлади. Шундай хайрли ишларни амалга оширса, молу дунёни устун ҳисобловчи эмас, аксинча, бойлигининг баракаси зиёда бўладиган саховатли ва мурувватли киши ҳисобланади. Қадимдан қаерда инсоният яшар экан, бойлар, ўртаҳоллар ва камбағаллар доим бор бўлган. Шу боис динимиз бойлар зиммасига етимлар, бевалар ва кам таъминланган оилаларнинг ҳақларини юклади. Улар ўзларининг закотлари, ушрлари ва садақа-эҳсонлари билан бундай инсонларга ёрдам бериши вожиб. Аммо бойларнинг саховат йўллари беркилиб қолса, қандай йўл тутиш лозим? Бунинг энг гўзал йўли Қуръони карим чорловига жавоб бериш. Бу чин мўмин киши иқтисоди танг бўлганида, нафсини ислоҳ қилиши ва сақлаши учун қўлланадиган ҳалол йўлдир.

Улуғ Раббимиз марҳамат қилади:

وَلۡيَسۡتَعۡفِفِ ٱلَّذِينَ لَا يَجِدُونَ نِكَاحًا حَتَّىٰ يُغۡنِيَهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۗ

«Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар...» (Нур, 33).

Имони комил мусулмонлар шундай йўл тутадилар. Бу кишининг хулқини зийнат ва кўрк ила товлантирувчи шундай бир нурли йўл, исломий ахлоқларнинг асли бўлган сабрга ўргатувчи, бир оз машаққатли бўлсада, аммо мўминлар учун тақвони кучайтирувчи, бир сўз билан айтсак, Парвардигор ризолигига элтувчи ажру савоб йўлидир.

 

Аллома Али Тантовий насиҳатлари

Ёшларга гўзал одоблардан жуда кўп мисоллар келтирган уламо Али Тантовийнинг ҳикматли сўзларини қуйида келтирамиз.  Қалбга файз ва ором берувчи бу сўзлар ҳар бир мўмин кишини бефарқ қолдирмайди, чуқур ўйга толдиради, ҳидояга чорлайди, дилларга сурур ва қаноат бахш этади.

Уламо Али Тантовий ҳазратлари “Эй ўғлим” деб номланган рисолаларида бундай дейди:

“Эй ўғлим, менга нима учун иккиланиб ва уялиб ёзасан? Эй ўғлим, тинчлан, сен шикоят қилаётган дард ёлғиз сенда эмас, у барча йигитлар дарди. Ўн етти ёшингда бу дард сени уйқусизликка олиб келган бўлса, бошқаларни ҳам бедорликка олиб борган, уларнинг ҳам уйқу-оромини йўқ қилган. У кўп ўқувчини дарсдан, ишчини меҳнатдан, тожирни савдодан қайтарган.

Бундай йигит нима қилади? У шаҳват қийноғи, тана азоби ва қони қайнаганида қандай йўл тутади? Бу жуда қийин, албатта! Аллоҳнинг йўли унга уйлан, дейди. Бошқа фикрлар эса уни чалғитиб, уч йўлдан бирини танла, қолгани бекор, дейди.

Сен тўртинчиси ҳақида фикр қилишни ўзингга лозим тут. Фақат шу тўртинчиси яхши. У ҳам бўлса “уйланиш”дир.

Юқорида айтилган уч хато йўл қуйидагилар:

  1. Шаҳват орзусига берилиш, уни ўйлашни одат қилиш, турли ҳаёсиз ҳикоялар, бузуқ филм ва суратларга қараб вақт ўтказиш. Ҳатто ўйлашнинг ўзи нафсни бузади, қулоқ ва кўзга таъсир қилади. Ҳар ерда фақат фитна ўйғотувчи сурат намоён бўлади, ҳатто, китобга қараганида ҳам шундай. Тўлин ой чиққанида ҳам, уфқ қизарганида ҳам, қоронғу кечада ҳам, орзуда ва тушда ҳам шу нарса кўринади. Гўёки ҳар йўлда Лайло мисоли кўринади. Сўнг бу ҳолат ёш йигитни мажнун сифат инсонга айлантиради.
  2. Онанизм (капаки)ни қасд қилиш сабабли нафс ғамга, жисм эса касалликка мубтало бўлади. Бу иллат ёшни бечораҳол кексага, ғамгин кишига ва ёлғизликка дучор қилади. Одамлардан қочадиган бўлади. Уларга йўлиқишдан қўрқади. Ҳаётдан қўрқиб қолади ва ҳаёт масъулиятидан узоқлашади.
  3. Ҳаром лаззат ва залолат йўлини тутиш. Ўткинчи лаззат йўлида дин, ёшлик ва сиҳатни сарфлаш. Агар шундай бўлса, инсон ҳаракат қилиб топган мақомини, шарафли вазифасини ва олган илмини зое қилади. Қуввати қолмайди. Киши мана шундан кейин бўлди, деб ўйлайди. Ҳар қачон унга етганида истак зиёда бўлаверади. Худди шўр сув ичувчи ичгани сайин чанқоғи зиёда бўлганидек. Уни йўқотганида яна бу аёлни ҳеч билмаган кишидек азобни ҳис қилади. Ана шундай ғарибликка маҳкум бўлади.

Бу қабиҳ йўлга имкон бераётган мол-дунёдир. Маълум муддат ўтиб, “роҳат” бераётган тана бўйсунадими? Ана ўшанда соғлиқ кучи шаҳват талабини кўтара оладими?

Қанча-қанчалар ажойиб қувватли, кучли кишилар курашда, тош отишда ва югуришда ғолиб эди. Улар шаҳватига эргашиб ўта нимжон, бўш, камбағал, бечора бўлиб қолишди.

Аллоҳнинг ажиб ҳикматига эргашганлар фазилатли амал эвазига соғлом ва қувватли бўлиб ажрга эга бўлади. Разолат ва гумроҳлик йўлини тутган эса таназзул ва касаллик азобига лойиқ бўлади.

Кўпинча ўттиз ёшдан ўтмаган ўз нафсига жабр қилганидан гўё олтмишга киргандек кўринади. Кўпгина кексалар иффатлилигидан худди ўттиз ёшли йигитдек кўринади. Шундай ҳикмат бор: “Ким ёшлигини сақласа, унга кексалиги сақланур”.

Бу дарднинг давоси нима? Бунинг давоси Аллоҳнинг йўлини тутиш. Албатта, Аллоҳ нимани ҳаром қилган бўлса, унинг ўрнига бошқасини ҳалол қилган. Рибони ҳаром қилди ва савдони ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилди ва уйланишни ҳалол қилди. Бас, даво – уйланиш. Агар уйланишга қурби етмаса, ўзини пок тутишдир.

Бир мисол. Олов устида қайнаб турган чойнакни кўрганмисиз? Агар сиз уни маҳкам беркитсангиз ва олов ёқсангиз тўсилган буғ уни ёриб чиқади. Агар уни тешсангиз суви оқиб кетади ва чойнак куяди. Агар унга паравоз ричагига ўхшаш ричак қўйсангиз-чи, сизга моторни айлантиради ва поездни юргазади!

Шаҳват гирдобидан қутулиш чоралари:

Биринчи, шаҳватдан нафсини тийган киши унинг тубан оқибати ҳақида фикр қила бошлайди ва унга қарши қаттиқ курашади.

Иккинчи, залолат йўлига эргашган киши ўзининг ҳолати ҳаром лаззат ўчоғига тинмасдан тортаётганини пайқайди ва бунинг олдини олади.

Учинчи, олдин йўл қўйган хатоларидан батамом тийилган киши улардан ўзини узоқда сақлайди.

Руҳий, ақлий ва қалбий жидду жаҳд ила нафсдан бундай ғамни улоқтириш лозим. Ана шунда тўпланиб қолган шайтоний қувват тамом бўлади ва ғафлат босиб, қамалиб қолган нур яна зоҳир бўлади. Бу эса Аллоҳга илтижо қилиш, ибодатда қоим бўлиш, тавбада бардавом бўлиш ва ихлос билан бўлади. Шунинг баробарида тасаввурда пайдо бўладиган манзаралардан фориғ бўлиш ва шаҳват ўйғотувчи нарсалардан бутунлай воз кечиш шарт. Албатта, спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам бундай ёмон одатларни эсдан чиқаришга катта ёрдам беради.

Эй ўғлим, инсон ўзини яхши кўради. Бирон кишини ўзидан афзал кўрмайди. У ойна олдида туриб, елкаси доирасимон бўлганини ва танаси қаттиқ, қўли бақувват бўлганини кўрса, бу унга ҳар қандай аёл зотидан севимли бўлади. Ҳақиқий имонли, мард йигит эса, қандайдир бир ҳаёсизни деб, бундай кўркам виқорни йўқотишга, қувватини бой беришга, мушаклари кучсиз ва қомати дол бўлишига зинҳор рози бўлмайди.

Энг маъқул йўл – уйланиш йўлини танлайди. Бу мукаммал даводир. Агар бунга қодир бўлмаса, рўза тутгани яхши.

Хуллас, тўғри йўл тутсанг, эй ўғлим, уйланиш лозим. Агар уйланишга қодир бўлмасанг, Аллоҳга тақво қилиш, ибодат ва билимга шўнғиш, барча фанлар ва спорт билан шуғулланишни маҳкам тутиш лозим. Чунки бу ишлар нафсни жиловлашда жуда яхши чорадир.

Эй йигит-қизлар, бу усуллар жинсий муаммоларни ечишдаги ҳалол йўллар. Сизларга бузуқликни зийнатлаб кўрсатаётганларни эшитишдан сақланинг. Улар ахлоқсизликни гўзал қилиб айтади. Бу мушкулларни енгиш гўдаклик ёки ёшлик вақтидан бошлаб, ички туйғу ва тарбияни яхшилаш билан бўлади.

Ғаламис кимсалар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишга уринади. Йигит-қизларни соғлом жамиятдан бузуқ майдонга ва ахлоқсизлик кўламига тортади. Нима учун, биласизми?! Маърифатли ёшларни уруш билан эмас, балки ушбу ялтироқ усул билан тўғри йўлдан буриб, уларнинг бошини эгиш ва бузуқликни жорий қилиш фитначи кимсаларнинг қинғир мақсадидир.

Бундай ёлғон, алдамчи чақириқлардан сабр қилиш ва қалбларни Аллоҳга боғлаш йўли билан сақланинг. Аллоҳ таолонинг бу улуғ амрига қулоқ тутинг:

وَلَا تَتَّبِعُوٓاْ أَهۡوَآءَ قَوۡمٖ قَدۡ ضَلُّواْ مِن قَبۡلُ وَأَضَلُّواْ كَثِيرٗا وَضَلُّواْ عَن سَوَآءِ ٱلسَّبِيلِ٧٧

«...Олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!» (Моида, 77).

 

Фарзандга жинсий тарбияни очиқ баён қилиш

Кўп ота-она ва мураббийлар тез-тез ушбу саволларни беради. Фарзандга беихтиёр таъсирини кўрсата бошлаётган балоғат ёши аломатларини қай тарзда тушунтириш лозим? Уларга жинсий аъзоларнинг вазифаларини, қиз болаларга ҳомиладорлик, бола парваришлаш ва оналик вазифаларини сўзлаш мумкинми? Ўспиринларга жинсий қўшилиш одоблари, уйланиш арафасидаги вазифалар, оталик масъулиятларини очиқ ва равшан айтиш жоизми?  Хуллас, шу маънодаги саволлар талайгина.

Баъзан кўпчилик бундай саволларга жавоб беришда ожизлик қилади. Шу боис бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бу ҳақда шариатимиз ҳукмларини баён қилишни лозим топдик. Яқин келажакда оила қуриб, ота ва онадек шарафли бурч соҳиб ва соҳибалари бўладиган ўғил-қизларга бу борадаги шаръий ҳукмларни очиқ айтиш нафақат жоиз, балки ҳар бир ота-она зиммасига вожиб бўлади. Фақат уларнинг ёшига катта эътибор қаратиш лозим.

Кўп оятлар ўз жуфти билан жинсий қўшилиш ҳалоллиги ва бошқа бегоналар билан эса тақиқланганини очиқ баён қилади:

وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِفُرُوجِهِمۡ حَٰفِظُونَ٥ إِلَّا عَلَىٰٓ أَزۡوَٰجِهِمۡ أَوۡ مَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُهُمۡ فَإِنَّهُمۡ غَيۡرُ مَلُومِينَ٦ فَمَنِ ٱبۡتَغَىٰ وَرَآءَ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡعَادُونَ٧

«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар» (Мўъминун, 5–7).

أُحِلَّ لَكُمۡ لَيۡلَةَ ٱلصِّيَامِ ٱلرَّفَثُ إِلَىٰ نِسَآئِكُمۡۚ

«Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди...» (Бақара, 187).

وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡمَحِيضِۖ قُلۡ هُوَ أَذٗى فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ وَلَا تَقۡرَبُوهُنَّ حَتَّىٰ يَطۡهُرۡنَۖ فَإِذَا تَطَهَّرۡنَ فَأۡتُوهُنَّ مِنۡ حَيۡثُ أَمَرَكُمُ ٱللَّهُۚ

«Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз)» (Бақара, 222).

نِسَآؤُكُمۡ حَرۡثٞ لَّكُمۡ فَأۡتُواْ حَرۡثَكُمۡ أَنَّىٰ شِئۡتُمۡۖ

«Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз...» (Бақара, 223).

Қуйидаги оятлар инсон асли нимадан яратилгани, сўнг она қорнида қай ҳолатда бўлишидан хабар беради:

وَلَقَدۡ خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن سُلَٰلَةٖ مِّن طِينٖ١٢ ثُمَّ جَعَلۡنَٰهُ نُطۡفَةٗ فِي قَرَارٖ مَّكِينٖ١٣

«Қасамки, Биз инсонни (одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик» (Мўъминун, 12–13).

إِنَّا خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن نُّطۡفَةٍ أَمۡشَاجٖ نَّبۡتَلِيهِ فَجَعَلۡنَٰهُ سَمِيعَۢا بَصِيرًا٢

«Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик» (Инсон, 2).

Қуйидаги оятда эса ҳомиладорлик жараёни ўз-ўзидан эмас, балки машаққат эвазига бўлиши ва туғилажак болани эмизиш муддати очиқ баён қилинмоқда:

وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ إِحۡسَٰنًاۖ حَمَلَتۡهُ أُمُّهُۥ كُرۡهٗا وَوَضَعَتۡهُ كُرۡهٗاۖ وَحَمۡلُهُۥ وَفِصَٰلُهُۥ ثَلَٰثُونَ شَهۡرًاۚ

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...» (Аҳқоф,15).

Қуйидаги оят зино зарарли, ҳалокатли эканини яна бир бор таъкидлаб келмоқда:

وَلَا تَقۡرَبُواْ ٱلزِّنَىٰٓۖ إِنَّهُۥ كَانَ فَٰحِشَةٗ وَسَآءَ سَبِيلٗا٣٢

«Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро, 32).

Навбатдаги оят аёллар қолиб, эркак киши эркаклар билан жинсий алоқа қилишидек тубанликни, ахлоқсизликни қоралаб келади:

وَلُوطًا إِذۡ قَالَ لِقَوۡمِهِۦٓ أَتَأۡتُونَ ٱلۡفَٰحِشَةَ مَا سَبَقَكُم بِهَا مِنۡ أَحَدٖ مِّنَ ٱلۡعَٰلَمِينَ٨٠ إِنَّكُمۡ لَتَأۡتُونَ ٱلرِّجَالَ شَهۡوَةٗ مِّن دُونِ ٱلنِّسَآءِۚ بَلۡ أَنتُمۡ قَوۡمٞ مُّسۡرِفُونَ٨١

«Лутни ҳам (пайғамбар қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: “Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди. Сизлар хотинлар қолиб, шаҳват билан (нафсни қондириш учун) эркакларга “келасиз”. Ҳа, сизлар исрофгар қавмдирсизлар» (Аъроф, 80–81).

Аллоҳ таоло ушбу масалалар ва уларнинг ҳикматларини инсонга таълим бериш мақсадида очиқ ва равшан баён этмоқда. Демак, бу каби масалаларни балоғат ёшига етган фарзандга динимиз таълим берганидек ўргатиб бориш зарур. Аммо фарзанд бундай оятларни ва уларнинг ҳукмларини қандай тушунади? Албатта, ота-она бу қоидаларнинг асл моҳиятини ва ундан кўзланган мақсадларни англатиши керак. Бунинг учун эса таълим берувчи муаллим ёки ота-она бундай тарбиявий ҳукм оятларни мукаммал ўрганиши зарур. Бу борада Қуръони карим илмидан хабардор бўлган олимларга мурожаат қилиши ва бу ҳақда ёзилган китобларни қунт ила ўқиб-ўрганиши шарт. Чунки ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг улуғ Каломини ўқиб-ўрганиб, тафаккур қилиши ҳақида Раббимиз бундай марҳамат қилади:

كِتَٰبٌ أَنزَلۡنَٰهُ إِلَيۡكَ مُبَٰرَكٞ لِّيَدَّبَّرُوٓاْ ءَايَٰتِهِۦ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ٢٩

«(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод, 29).

Бу оятлардан маълум бўладики, ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг улуғ каломини нафақат ўқиши, балки илоҳий хукмларни чуқур уқиб, уларни ҳаётига татбиқ этиши шартдир.

Шундагина ёшларимиз ўзларини Аллоҳ таоло яратганини, У зот доимо кўриб, кузатиб туришини чуқур ҳис қилади. Оддий бир нутфадан поғонама-поғона ривожланиб, инсон шаклу шамойилига келганини билиб, имони янада зиёда бўлади. Ҳақиқий мусулмонга хос ҳаёт кечириб, ўз Раббиси ҳузуридаги ҳақларини, жамият ва атрофдаги инсонлар олдидаги бурчларини чин кўнгилдан адо қилади. Шунда ҳар бир йигит-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри маънода фойдаланиб, турли иллатларнинг олди олинади.

Шунинг баробарида ота-боболаримиз қўллаб келган, диний ва миллий қадриятлар уйғунлашган тарбия услубларини қўллаш қатъий талаб этилади. Натижада, фарзанд ҳалолликка бутун вужуди билан талпинадиган, ҳаром деб аталмиш жирканч уммонга қадам ташлаш тугул, ўгирилиб ҳам қарамайдиган гўзал маданият соҳибига айланади. Бу маданият шарму ҳаёдан узоқ бўлганларнинг “маданият”ларидан фарқли ўлароқ, инсонни том маънода камолотга етаклайди. Шу боис барча ёшу қари, аёлу эркак бу маданиятдан бирдек баҳраманд бўлиши бениҳоя зарурдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандга жинсий тарбия масалаларини очиқ ўргатиб боришдан мурод, аввало уларни бу ёшларида нималар жоиз-у, нималар мумкин эмаслигидан хабардор этишдир. Шу билан бирга, ҳар бир йигит-қиз оила қуришдан асл мақсад нималиги, бунинг учун эса жинсий ҳаёт зарурлиги ва унинг ўзига яраша қоидаларини ҳам билиши лозим.

Аммо бу каби масалаларни сингдиришда, айтиб ўтилганидек, фарзандларнинг ёшларига катта эътибор бериш лозим. Дейлик, 9–12 ёш оралиғидаги болага бу тушунчалар сингдирилмайди. 14–16 ёш орасидаги ўспиринларга бу мавзудаги рухсат ва тақиқ, ҳалол ва ҳаром тушунчалари бериб борилса, 16–18 ёш оралиғидаги йигит, қизларга эр-хотинлик одобу қоидалари мукаммал тарзда етказилиши, тушунтирилиши жуда муҳим. Қиз болаларга, албатта, бу тарбияни оналари ёки бошқа қариндош аёллар етказишади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

МУҚАДДАС ДАРГОҲ:

Ёмон хулқдан сақланиш.

ХОТИМА

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ

Муҳтарам жамоат! Инсоният жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади... Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.

Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак – яхши, ёмонликка ишлатсак, ёмон нарсага айланади. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз – интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга, тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир. Зеро Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

  وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

яъни:Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур(Зориёт сураси 55-оят).

         Ҳар нарсада қонун-қоида бўлгани каби, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам ўзига яраша қоида ва одоблар мавжуд. Жумладан:

  1. Ижтимоий тармоққа киришдан аввал умрнинг қадрини ёдга олиш. Ҳадиси шарифда умрнинг қадри ҳақида шундай марҳамат қилинади:

﴿ لَا تَزُولُ قَدَمَا ابْنِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عِنْدِ رَبِّهِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ خَمْسٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَمَاذَا عَمِلَ فِيمَا عَلِمَ (رواه الإمام الترمذي عن ابن مسعود رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича, Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани; ёшлигида қандай ишлар қилгани; бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани сўралади” (Имом Термизий ривоятлари).

  1. Ижтимоий тармоқдаги ўзаро алоқаларда мусулмон киши ўзига тақво ва чиройли хулқни лозим тутиши керак. Тақво, яхшилик ва ҳусни хулқ ҳақида Абу Зар ал-Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

﴿اتَّقِ اللَّهَ حَيْثُما كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَة تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ﴾ (رَوَاهُ الامَامُ الترمذي)

яъни:Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳдан қўрқинг! Ёмонликка яхшиликни эргаштиринки, ёмонликни ювиб кетади! Одамларга чиройли хулқ билан муомала қилинг!, – дейилган (Имом Термизий ривоятлари).

Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони – бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.

  1. Ижтимоий тармоқ орқали ўзга жинс вакиллари билан муносабат қилишда номаҳрамлик масаласига жуда эҳтиёт бўлиш керак. Мана шу масалага бепарво бўлиш кўп муаммоларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги кўплаб ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли ношаръий муносабатлар, ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишлари кузатилмоқдаки, бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган. Тўғри, шариат қоидаларига амал қилиб, беғараз мақсадлар билан, зарурат миқдорича бирор маълумот олиш, сўраб ўрганиш мумкин. Лекин ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатиш ҳаром ҳисобланади.
  2. Ижтимоий тармоқ орқали ёлғон хабар ва аудио ҳамда уйдирма сурат ва видеоларни тарқатмаслик талаб қилинади. Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам яққол далил ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

﴿كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ﴾ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ عن أبي هريرة رضي الله عنه.(

яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Азизлар! Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан:

  1. Кишиларнинг шаънига тажовуз қилиш авж олмоқда. Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

﴿لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ (رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)

яъни: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб – уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Абу довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.

  1. Нотўғри фатво ва қарашлар тарқалмоқда. Турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу эса диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни, айниқса ёшларимизни, соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи:

إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِم)

яъни: “Илм бу диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

  1. Фаҳш ва беҳаёликлар тарқалмоқда. Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар.

Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

  • قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

яъни:(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир (Нур сураси 30-оят).

Салмон Форсий разияллоҳу анҳу: “Ўлиб, қайта тирилишим сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим, сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим – бир мусулмон кишининг авратига қарашимдан ёки у менинг авратимга қарашидан кўра яхшироқдир”, – деганлар (Имом Аҳмад "Зуҳд" китобида ривоят қилганлар).

  1. Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳлар кўпаймоқда. Уламолар, имом-домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар. Бу ҳақда Ҳазрати Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо шундай деганлар:

﴿ حَرَّمَ اللهُ أنْ يُغْتَابَ الْمُؤْمِنُ بِشَيْءٍ كَمَا حَرَّمَ الْمَيْتَةَ ﴾

яъни: “Аллоҳ таъоло ўлакса гўштини ҳаром қилганидек, бирор нарсада айблаб мўъминни ғийбат қилишни ҳам ҳаром қилди(Имом Байҳақий ривоятлари).

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

  1. Кишиларнинг, хусусан ёшларнинг руҳиятига, ахлоқига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (“лайк”)ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Муҳтарам жамоат! Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради.

Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб,  дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин! Омин!

 

Мақолалар

Top