muslimuz
100 нафар ногиронлиги бўлган ҳамюртимиз иштирокида тадбир ўтказилди
Шу йил 6 май куни Андижон вилоятидаги 100 нафар ногиронлиги бўлган ҳамюртимиз иштирокида "Сиз бизга кераксиз!" тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассислари "Сиз доим эътибордасиз!" мавзусида маъруза қилиш баробарида ҳар жиҳатдан фойдали видеороликлар қўйиб берилди. Шунингдек, Андижон вилояти вакиллиги ходимлари ҳам маъруза билан фаол қатнашди.
Мазкур жараёнлар сурдо таржимонлари томонидан иштирокчиларга етказилди.
Маърифий учрашув сўнгида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ушбу ҳамюртларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Ўз мухбиримиз
Билим юртларида хатми кутуб тадбирлари ўтказилди
“Ҳидоя” ислом билим юртида талабалар билан асосий дарсдан ташқари вақтларида қўшимча тўгараклар ташкил этилган. Унда билим юрти фиқҳ фани ўқитувчиси Юсуфхон Шодиев раҳбарлигида 3-курс талабалари Ҳасан ибн Аммор Шурунбулолийнинг “Нурул изоҳ” китобини бошидан охирига қадар арабий матни ўқиб таржима қилиб тугатилди.
Мазкур иш 2023 йил октябрь ойида бошланиб, етти ой давомида ўқилиб, 2024 йил апрель ойи охирида якунига етказилди. Китобни тугатиш жараёнида билим юрти мутасадди вакиллари иштирок этди.
Устозлар гувоҳлигида китобнинг охирги бети ўқилди. Якунда бу эзгу иш доимий бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
***
Бугун Ҳадис илми мактаби ректори бошчилигидаги бир гуруҳ устоз ва талабалар Сурхондарё вилоятига навбатдаги сафарга чиқишди. Дастлаб Абу Исо ат-Термизий қабрини зиёрат қилиб, улуғ зотнинг ҳақига Қуръондан тиловатлар этилиб, дуо хайрлар қилинди.
Шундан сўнг “Хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди. Унда биринчи курс талабалари “Сунани Термизий”нинг муқаддима бобидан дастлабки саҳифаларини ўқишга киришди, уни ўқиб битирган иккинчи курс талабалари эса китобнинг сўнгги саҳифаларини хатм қилишди ва устозлар қўлидан “Ижоза”ларини қабул қилиб олишди.
***
Шу йил 3 май куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 4-босқич талабалари Фиқҳ фанига оид мўътабар “Фатҳул боб ал-иноя” китобини тўлиқ ўқиб тугатганлиги муносабати билан “Хатмул кутуб” тадбири ўтказилди.
Мазкур файзли тадбирга Самарқанд Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим-Ал-Азҳар университети профессори, Тошкент ислом институти "Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманосировлар таклиф этилди.
Шу муносабат билан устозлардан мадрасанинг ўқитувчи ва талабалари “Фатҳул боб ал-иноя”, “Сунани Термизий”, “Шамоили Муҳаммадия”, “Ҳикамул Атоия”, “Алмадхол ила усулул ҳадис ала манҳажил ҳанафийя”, “Ал-арбаин Ан-Нававий” китобларидан ижоза шаҳодатномаларини қабул қилиб олишди.
Абдуносир Бобамирзаев
Диний идора мутахассисларининг водий сафари бошланди
Бугун, 6 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим масъул ходимлари Моҳира Зуфарова ва Мунира Абубакирова маҳалла отинойилари билан учрашувлар ўтказиш, муборак ҳаж сафарига отланаётган аёл-қизларга тавсиялар бериш ва аҳоли ўртасида бидъат-хурофотларнинг олдини олиш бўйича қатор тадбирларни ўтказиш мақсадида водий вилоятларидаги хизмат сафарларини бошлади.
Сафар давомида мазкур учрашувларда Диний идора вакиллари билан бирга, Андижон вилояти бош имом-хатибнинг ўринбосари Муҳаммадисҳоқ домла Мўминов, вилоят бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоира Қосимова, Дин ишлари бўйича қўмита Андижон вилояти бўлими етакчи мутахассиси Феруза Рустамова ҳам иштирок этади.
Мазкур мулоқотларда соҳа мутасаддилари отинойилик масъулияти, уларнинг ютуқ ва камчиликлари билан бирга фаолиятни янада ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифларини бериш баробарида ҳожиларнинг кийиниш одоблари, ҳажнинг фарз, суннат ва вожиб амалларини бажариш, зиёрат одобларига эътиборли бўлиш ва сафардан қайтгандан сўнг маҳалладаги аёл-қизларга ўзининг ҳаётий тажрибаси асосида фойдали маслаҳатлар бериши ва турли маросимларда дабдаба ва исрофдан сақланиш бўйича маърузалар қилиш режа қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Илм олиш ҳаммага фарз
Динимиз доимо илму маърифатга тарғиб қилади. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин-мусулмон учун мажбурийдир. Фарзни бажармаслик эса, улкан гуноҳдир. У икки қисмга – фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади.
Фарзи айн – ҳар бир мусулмон шахсан бажариши шарт бўлган амал. Уни биров учун бошқа одам адо эта олмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган амал. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасини ўқиб, дафн этиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонлар ўқиса, бошқалардан фарз соқит бўлади.
Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккаласи ҳам иштирок этади.
Ҳар бир мусулмон ўзи учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олиши фарзи айндир.
Мусулмонлар жамоаси учун зарур бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳар бир соҳада одамлар манфаатига хизмат қиладиган мутахассисларни етиштириш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжларни қондирадиган даражада мутахассис тайёрлаган жамият аъзоларидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
Бу фарз ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, ўша мутахассислар жавобгардир. Фарзандларига таълим-тарбия бериши, бирор касбнинг бошини туттириши ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги мажбуриятдир.
Демак, бугун жамиятимиз учун зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлаш барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоядир. Бунинг учун фарзандларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага йўналтириб, Ватанга, халққа, динга хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиши учун барча шароитларни ҳозирлашимиз лозим. Шундагина бу фарз биздан соқит бўлади.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани
“Етти чинор” жоме
масжиди имом ноиби
Ўзбекистонда биринчи ислом банкини очиш бўйича келишув имзоланди
Шу йилнинг 27-30 апрель кунлари Aр-Риёд шаҳрида Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Aрабистони қироли Салмон бин Aбдулазиз ал Сауд ҳомийлигида Ислом тараққиёт банки гуруҳининг (ИТБ) йиллик учрашуви ва олтин юбилейи бўлиб ўтди.
Банк матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирларда Aнорбaнк вакиллари, жумладан, халқаро ва минтақавий молия институтлари, ислом банклари, хусусий сектор компаниялари, миллий ва халқаро молиявий ривожланиш институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармонлар кенгашлари делегатлари иштирок этди.
Учрашувларда Aнорбaнк ва Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИДCДС) бир қанча муҳим ҳужжатларни имзолади. Хусусан, Aнорбaнк ва ИКРЧС Ўзбекистонда биринчи ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди.
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этиладиган янги банкнинг инвесторлари ИКРЧС, Aнорбaнк ва бошқа хорижий инвесторлар бўлиб, иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб ти шва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ИCД) ўзига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватловчи кўп томонлама ривожланиш молия институти ҳисобланади ва у Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳига киради. Aнорбанк Ўзбекистондаги биринчи маҳаллий рақамли тижорат банкидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати