muslim.uz

muslim.uz

Середа, 02 июнь 2021 00:00

Исломда фарзанд тарбияси

Маънавий етук оила – юксак жамият таянчи. Оила урф-одатлари, шажараси, анъаналари, ахлоқий-маънавий қадриятларни фарзандлар онгига сингдириш, ҳар бир кишини касб-ҳунар малакаcи билан қуроллантириш маънавий баркамолликни тарбиялаш асосидир.

Ислом дини халқларнинг ижтимоий ҳаётига, хусусан, оилавий муносабатлари, маданияти ва миллий анъаналарига сингиб кетган. Исломий маънавият манбаларида оила, оилавий муносабат ва оилавий тарбияга оид қарашлар тизими мавжуд бўлиб, у оиланинг шаклланиши, ривожланиши ва мустаҳкамланишига қаратилган барча жиҳатларни ўз ичига олади. Бу қарашлар илоҳиёт нуқтаи назаридан ўртага ташланса-да, улар кишиларнинг ҳаётий фаолияти, турмуш тарзи, ижтимоий эҳтиёжи, ниҳоят оилавий муносабатлари талабидан келиб чиққанлиги учун ҳам ақл ва кундалик турмушга мувофиқ эди.

Исломда оилавий тарбиянинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Бу хусусиятлар мусулмончилик талабидан келиб чиққан, болани ахлоқий тарбиялаш ҳақидаги умумий ғоялар билан боғлиқ бўлиб, улар болани инсонийлик ва эзгуликка даъват этгани учун умуминсоний мазмунга эгадир. Бугунги кунда ота-оналар ислом маънавиятини болалар шуурига сингдириб бориши зарур.

Қобилжон АСЛАНОВ,
Боёвут тумани “Абдухолиҳ
Ғиждувоний” жоме масжиди имом-хатиби

Шу йил 5-10 сентябрь кунлари Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида 17-Қозон халқаро мусулмон фильмлари фестивали бўлиб ўтади. Фестивалдадаги фильмлар “Родина” ва “Мир” кинотеатрларида намойиш этилади. Шунингдек, унда ижодий учрашув, давра суҳбати, матбуот анжуманлари, ҳамкорларнинг кинофестиваллар учун сармоявий ва тақдимот майдончаси, бизнес-дастур ва бошқа тадбирлар шаҳарнинг турли жойларида ташкил этилади.

Қозон халқаро мусулмон фильмлари фестивалига аризаларни қабул қилиш 2021 йил 1 февралдан 1 июнгача давом этади.

Жорий йил қозоғистонлик кино мутахассиси ва киношунос Гулнора Aбикейева бошчилигидаги танлов комиссияси ўз ишини июль ойининг бошига қадар якунлагандан сўнг танлов дастури эълон қилинади. Танловсиз дастур томошабинларга рус бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларининг энг яхши намуналари, ретроспектив ва тематик дастурларини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кинофестиваль 2005 йилдан буён “Маданият мулоқотидан – мулоқот маданияти сари” шиори остида ўтказилади. Фестиваль бағрикенглик, тинчликсеварлик, матонат ва инсонпарварлик ғояларини фильмларда тараннум этиши билан мусулмон оламидаги киноижодкорлар ўртасида машҳур бўлиб келмоқда.

Кинофорум Татаристон Президенти Рустам Минниханов кўмаги ва “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ўтган йили коронавирус пандемияси сабаб ушбу халқаро кинофестивал бекор қилинган эди. Шунга қарамай, ҳакамлар ҳайъати фестивалга тақдим этилган барча танлов фильмларини масофадан туриб баҳолаб, ғолибларни аниқлаган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамай, кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас, балки уни зое қилиб, йўқотиш учун мусобақалашадилар. Бундай “мусобақачилар” унинг бебаҳо улушидан маҳрум инсонлардир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан маҳрумдир, (Улар): Соғлик ва бўш вақтдир” (Бухорий ривояти).

Инсон гоҳида соғлом бўлса-да, оғир меҳнат билан банд бўлганлиги сабабли фазилатли амалларни ўзлаштириш учун фурсат топа олмайди. Баъзида эса оғир меҳнатлардан қутулган бўлса-да, унинг соғлиги бўлмайди. Агар бир инсоннинг соғлиги ҳам, бўш вақти ҳам бўлса-ю, фазилатларга эришиб қолишга ҳаракат қилмаса, унинг ана шу дангасалиги улардаги улушдан маҳрумликдир. Зеро, ҳар хил тўсиқларга тўла ва қисқагина умрдан имкон қадар фойдаланиб қолмасдан беҳуда ўтказиб юбориш энг қимматли улушдан бенасиб қолишдир.

Бугунги кунда вақтни беҳуда амалларга сарфлаш одатий ҳолга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. “Фалон жойда янги ошхона очилибди”, дейилса, вақтини исроф қилаётганига парво ҳам қилмай янги ошхона сари отланадиганлар, ҳатто овқатланиб келиш учун шаҳар ташқарисига ёки бошқа шаҳарларга ҳам бориб келадиганлар борлиги ҳақиқатдир. Аслида инсон ейиш учун яшаши билан эмас, балки яшаш учун ейиши билан бошқа жонзотлардан фарқланиб турмайдими?

“Бир марта келадиган дунёда ўйнаб, кулиб юриб қолиш”ни айтиб, шу “ташвиш” билан яшаётганларга уламолар қуйидагича насиҳат қилганлар: “Аслида дунёга бир марта келадиган бўлганимиз учун амал қилиб қолишимиз лозим. Чунки бизга абадий роҳат-фароғатни қўлга киритиш учун фақат бир марта дунёда туриш муддатигина имконият қилиб берилган. Ана шу бир марталик имкониятни вақтинчалик нарсаларга чалғиб қўлдан бой бериш ақлли инсонларнинг иши эмас”.

Қуръони каримда ҳар бир кишига эртанги кун учун қандай амал қилганига қараш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).

Ушбу оятда қиёмат куни эртанги кун деб хабар берилган. Эътибор бериладиган бўлса, ҳамманинг ўтказган умри кечагидек кўз олдида туради. Қиёмат ҳам оятда хабар берилгани сингари эртадек жуда тез келиб қолади. Уламолар мусулмон кишининг вақти доимо уч амалдан бирига сарфланишини баён қилганлар:

  1. Фарз амаллар.Беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, оила нафақаси учун касб-кор қилиш ва ҳаром ишлардан тийилиш каби шариатдаги барча буйруқ ва қайтариқларни бажаришга сарфланади.
  2. Суннат ва мустаҳаб амаллар.Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳни кўп зикр қилиш, қариндошлар ва қўни-қўшнилар билан борди-келди қилиш, беморлар ва етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш сингари шариатда тавсия қилинган барча амалларни адо этишга сарфланади.
  3. Мубоҳ амаллар.Овқатланиш, дам олиш, шариатда рухсат берилган ўйинларни ўйнаш каби амалларга сарфланади.

Ушбу мубоҳ амалларни бажаришда фарз ва суннат амалларга куч-қувват йиғиб олиш ният қилинса, мубоҳ амал туфайли ҳам савобга эга бўлинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Тунни қоим қилиб савоб умид қилганим сингари, ухлашимдан ҳам савоб умид қиламан”.

Мусулмон киши учун вақтнинг тўртинчи бўлаги бўлмайди. Тўртинчиси ҳаддан ошишдир. Ким ҳаддан ошса, ўзига зулм қилган бўлади.

Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:

  1. Ўн беш йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади.
  2. Агар бир суткада саккиз соатдан ухланса, йигирма беш йил умр уйқу билан ўтади
  3. Агар бир суткада саккиз соат касб-кор билан машғул бўлинса, йигирма беш йил умр ишлашга сарфланган бўлади.
  4. Агар бир суткада уч маҳал овқатланилса, ҳар овқатланишига ярим соатдан вақт сарфласа, тўрт ярим йилдан ортиқ умр овқатланишга кетади.
  5. Қолган беш йилдан ортиқ умр ҳамманинг ўзи яхши кўрган севимли машғулотларига сарфланади.

Мазкур ишларнинг барчаси ният билан адо этиш туфайли ибодатга айланиши мумкин. Бу эса, мусулмон кишида етмиш беш йиллик умрни дақиқа-ю сонияларигача тўлиқ ибодатга айлантириб олиш имкони бор, деганидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ўтаётган кунида қанча фарз ва вожиб, суннату мустаҳаб амалларни, ота-она, қариндошлар, қўни-қўшни, юрт-ватан ҳақларини ва ҳакозо шариат талаб қилган амалларни ният билан бажарганини ҳар доим сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ўтаётган ҳар бир вақт ҳисоб-китоблидир.

Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

 

Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан

Қудратуллоҳ Сидиқметовнинг таржимаси

Кавказ мусулмонлари идораси қозиёти кенгаши аъзоси Ҳожи Сурхай таъкидлашича, эндиликда Озарбайжон мусулмонлари масжидларни бирма-бир зиёрат қилиши мумкин.

Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штаб ўтказган брифингда Президент ёрдамчиси, маъмуриятнинг иқтисодий ишлар ва инновацион ривожланиш сиёсати бўлими бошлиғи Шаҳмар Мовсумов ибодат жойлари фаолияти Озарбайжонда 10 июндан қайта тикланади, деди.

Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси масжид ва черковларда диний маросимларни тиклаш учун асосий шартларни эълон қилди. Ҳукуматнинг асосий талаби масжидларда намозхонлар сонининг мумкин бўлган максимал миқдорнинг 50 фоизидан ошмаслиги, лекин бир вақтнинг ўзида 50 кишидан кўп бўлмаганлигини таъминлаши шарт қилинди.

Коронавирус пандемияси сабабли Озарбайжонда қарийб бир ярим йил давомида масжидлар ёпилган эди.

Диншунос масъул янги қоидаларга қандай риоя қилишни тушунтириб берди. "Бу бир вақтнинг ўзида 50 киши намоз ўқийди, дегани эмас. Намозхонлар навбатма-навбат ва босқичма-босқич, ниқобларини ечмасдан ва ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилган ҳолда намоз ўқишлари мумкин бўлади", деди Ҳожи Сурхай.
Кавказ мусулмонлари идораси қозиёти кенгаши 50 кишининг чегарасини жуда оқилона фикр деб ҳисоблайди. Келгуси масжидларни юмшатишга тайёргарлик ҳам аллақачон бошланган. Ҳозирда масжидлар хоналарини тозалаш, махсус белги ва қўлларни тозалаш воситаларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Мақолалар

Top