muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 08 март 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг фарзанди Абдулбосит Мансуров вафоти муносабати билан Шайх ҳазратларининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси томонидан Ургутда барпо этилган «Ургут» марказий жоме масжиди рўйхатга олинган.

Янги масжид гувоҳномасини Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги раҳбари, вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқуловга вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Салохиддин Нуриев
тақдим этган.

Шу билан Республикамиздаги масжидлар сони 2085 тага, Самарқанд вилоятидаги масжидлар эса 287 тага етди.

Маълумот учун, ушбу масжидни қуриш бўйича маҳалла фаоллари туман имом-хатиблари билан билан маслаҳат қилган ҳолда туман ҳокимига, сўнг мутасадди вазирликларга мурожаат қилишди. Шундан сўнг Республика ташкилотидан олинган жавоб хатига асосан туман хокимлигиннг 2013 йил 6 июлдаги қарори билан қурилиш ишлари аҳоли ҳашар йули билан бошлаб юборилди.

Янги масжид кибласи мутахасислар куёшнинг ёзги энг сунги ботиш ва кишдаги энг сунгги ботиш нукталари ҳисобга олиниб, ушбу икки нуқта орлиғи уч кисмга бўлиб чап томондаги бўлак белгиланди. Шунингдек, кечаси Олтин қозик юлдузига қараб мулжал олинди.

Ҳозирда қурилиши битказилган янги масжид майдони бир гектардан ошиқ, масжид хонақосининг ҳажми 45х55 метр, яъни 2500 кв/мни ташкил қилади.

Жоме икки қаватдан иборат бўлиб 8000 га яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Хонақоҳ ўртасида 34 метрли баланд гумбаз қад ростлаган. Унинг айланаси 18 метрни ташкил этади. Масжиднинг тўрт томонида иккитаси 40 метрли ва яна иккитаси 43 метрли бўлган тўрт минора қурилган.
Замонавий таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 киши фойдаланиши мумкин. Масжид ходимлари учун 2 қаватли мамурий бино барпо этилган.

Аллоҳ таоло ушбу масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб қилсин, унинг қурилиши ва фаолиятини йўлга қўйишига ҳисса қўшганлардан Ўзи рози бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан "Мовароуннаҳр адибларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзуига бағишланган навбатдаги онлайн анжуман Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Марказ тадқиқотчилари, юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг ёш олимлари иштирок этди.

Семинарда туркиялик адабиётшунос олим – Анқара Йилдирим Боязид университети доценти Ўғузхон Айдиннинг мазкур мавзудаги маърузаси тингланди.

Олим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан машҳур мутафаккир ижодкорлар, уларнинг машҳур асарлари, ўтмишда ва замонамизда адибларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. Ислом цивилизацияси равнақида уларнинг ижоди ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлганини, ҳали-ҳануз ўзининг маънавий-маърифий қимматини сақлаб келаётганини алоҳида қайд этди.

Ўғузхон Айдин Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”идан парчалар ўқиб, халқчил услубда битилган бу мисраларнинг ўзи исломнинг асл моҳияти тинчлик, эзгулик ва тараққиёт эканидан далолат беришини, мовароуннаҳрлик барча ижодкорлар асарларида бу жиҳатлар ёрқин акс этишини таъкидлади.

– Бутун ер юзида қуёш фалакдан ерга қараб нур сочади, Мовароуннаҳр диёрида эса, нур ердан фалакка қараб сочилади, – деди туркиялик олим. – Самарқанднинг “Рўйи замин сайқали”, уч қуббатул исломнинг бири бўлган Бухоронинг “Рўйи замин қуввати” деб эъзозланишида, аввало, мумтоз адибларнинг хизмати катта бўлган эса, ажабмас. Исломнинг етти пири ҳам мана шу диёрда таваллуд топган. Буларнинг барчаси муқаддас динимизнинг Маккада пайдо бўлиб, Мовароуннаҳрда тараққий топгани тўғрисидаги фикрларни яққол тасдиқлайди.

Туркиялик олим Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк давлат арбоби ва етук саркарда бўлиб етишишида ҳам айнан адибларнинг таъсири муҳим ўрин тутганини алоҳида қайд этди.

Семинар сўнгида туркиялик олим тадқиқотчиларни қизиқтирган саволларга Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайни”, Лутфийнинг “Наврўзи”, Румийнинг “Маснавийси”, Бобурнинг “Бобурномаси”, Шошийнинг “Баҳристони” каби асарлар асосидаги намуналар билан атрофлича жавоб қайтарди.

Ғ.ҲАСАНОВ

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини тарғиб этиш мақсадида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари асосида “Ислом санъати” халқаро онлайн кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази, Буюк Британиянинг Лестер университети ва Dacore IT масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Унда қатор халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган юртимизнинг таниқли уста рассомлари билан бирга ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.

Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи, китобат санъати бўйича тажрибали рассом, хаттот, графикачи рассом ва фотосуратчи каби ёш истеъдод эгалари бор.

Халқаро миқиёсда эътибор қозонган "Сўғдиёна" миллий чолғу-асбоблари камер оркестри жамоаси кўргазма учун махсус тайёрланган "Зикр" номли композициясини тақдим этди.

Имом Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлидаги меҳнати ва илмий изланишларини акс эттирувчи ушбу кўргазма қатор ижодкорларни бир жойга тўплади. Яъни, ушбу тадбир учун яратилган барча санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидан илҳомланган санъат усталарининг ижод маҳсули ҳисобланади. Уларни бир хайрли мақсад – ўз асарлари орқали ислом динининг ақл-заковат, адолат, тинчлик, ва бағрикенгликни мужассам этган эзгу ғояларини ҳалқаро миқёсда санъат мухлисларига тарғиб этиш нияти бирлаштириб турибди.

Кўргазмада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов бундай тадбирлар бизнинг заминда етишиб чиққан улуғ алломалар меросини жаҳон оммасига тарғиб этиш баробарида халқлар ўртасидаги илмий ва маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Марказда аждодларимизнинг асарларини тадқиқ қилиш, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Муассаса томонидан ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар ва эришилган ютуқлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

– Исломда энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири – бу инсоннинг нафақат ташқи, балки ички ҳолатига ҳам таъсир кўрсатувчи покликдир. Ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижод намуналари одамларни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва ҳаёт мавзуларида чуқурроқ мушоҳадага ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадислар орқали ифодаланади. Бу эса, унга ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишишга ёрдам беради, – деди Ш.Зиёдов.

Кўргазма сўнгида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
                                                                                                                            Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Мақолалар

Top