muslim.uz
Қуръон байрами Зоминдан бошланди
Ўзбекистон халқи ўзгача интиқлик билан кутган катта шодиёна бугун Зомин тумани “Маърифатли” масжидида бошланди. Эрта тонгдан Жиззах вилоятининг узоқ-яқин туманларидан, Самарқанду Сирдарёдан одамлар – эркагу аёл, ёшу қари Қуръони каримга сомеъ бўлишни ният қилиб гуррос-гуррос келаверишди. Боришга имкон топа олмаган юртдошларимиз онлайн тарзда кузатиб боришди. Мусобақани кузатаркан, ўзларининг хурсандчиликларини “Фейсбук” тармоғи орқали изҳор қилиб ҳам туришди. Бир-биридан гўзал овозда тиловат қилаётган қориларимизни тинглаётган томошабинлардан бири завқи ичига сиғмасдан “қалбим жўшиб кетяпти”, деб ёзганда кўпчиликнинг кўнглидан ўтиб турган самимиятни ифода этди.
Ҳақиқий илму қироат беллашуви очилгач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига табриги етказилди. Жумладан, унда: “Бугун барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ўз Каломини ёд олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг чиройли савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиб, иншааллоҳ, завқланамиз. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун Раббисининг каломини ўқиш ёки уни тинглашдан-да роҳатбахш нарса бўлмайди”, деб алоҳида қайд этилган.
Дарҳақиқат, дунёда байрамлар, хурсандчиликлар, шодиёналару тантаналар кўп. Аммо уларнинг барчаси бир тарафу бу байрамнинг шукуҳи бир тараф бўлди. Шундай бўлиши табиийдир. Илло, муфтий ҳазратлари табригида айтилганидек, Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади.
Бугун айнан шундай бўлди: мўътабар Китобни ўқиганлар, тинглаганларнинг ҳақиқатан, руҳи енгил тортиб, қалбларида титроқ турди; кўзлари ёшга тўлиб, шундай ажойиб кунларга, ана шундай файзли, тароватли мусобақаларни ўтказадиган кунларга етказгани учун Парвардигори оламга шукронлар айтиб, мусобақа ташаббускори бўлган Президентимизнинг, бу ишларга бош бўлган муфтий ҳазратларининг, ташкилотчи бўлган олиму уламоларнинг ҳақларига чин кўнгилдан дуолар қилдилар.
Бу шундай фазилатли мусобақа бўлдики, шу масканда ҳозир бўлганлар, уларнинг яқинлари, дуо умидида ётган азизлари, хусусан, ушбу манзил-маконда мангуга қўним топган табаррук инсонларнинг ҳам руҳлари шод бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Зоминнинг еру осмони бугун нурга тўлди, бу ерда Аллоҳ таолонинг фаришталари ҳам ҳозиру нозир бўлиб қориларимиз билан тиловат қилдилар, дуоларга қўл очдилар, иншоаллоҳ.
Байрам тадбирига айланган – Қуръон мусобақаси шу тартибда бошқа вилоятларимизда ҳам давом этади. Биз сиз билан яна тўрт ой давомида Қуръони каримнинг файзу баракасидан мана шундай баҳра олиб, завқланамиз, иншоаллоҳ. Она-Ватанимиз илоҳий нурга чулғанади, одамларимизнинг қалби нурга тўлади, юзи зиёга бурканади, юртимизга барака киради.
Илоҳо, меҳрибон Раббимиз ана шу саъй-ҳаракатларимизни сабаб қилиб юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик неъматини бардавом қилсин. Ёшларимизга ҳар доим Қуръон мусобақаларида, илму ижод, маърифат ва маънавият беллашувларида мусобақалашишни насиб айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Юртимизда Қуръон мусобақаси давом этади
Юртимизда Қуръон мусобақаси давом этадиАзизлар, Қуръон мусобақасининг илк босқичи – Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманида илоҳий файз ва ўзгача тароватда ўтганининг кўпчилигимиз гувоҳи бўлдик, айримларимиз эса уни жонли кузатишга муваффақ бўлдик. Ҳаммамизнинг дилимиздан бир нарса ўтди: “Мана шундай ҳузурбахш кунлар, мусобақалар бардавом бўлса...”.
Яратган Парвардигорнинг марҳамати ила шундай кунлар ўлкамиз бўйлаб давом этажак. Ҳурматли юртдошлар қуйида жойларда Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичлари ўтказиладиган вақтлар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Зоминдаги мусобақа ғолиблари эълон қилинди
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан ташкил этилган Қуръони карим мусобақасининг Жиззах вилояти Зомин туманида бўлиб ўтган ҳудудий босқичи жуда катта шоду ҳуррамлик билан ўз ниҳоясига етди. Қуръони каримни ёд олган қори ва қорияларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ноёб фазилатларини янада ривожлантириш ҳамда Илоҳий каломнинг файзини дилларга жо этиш мақсадида, Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан бошланган ушбу мусобақанинг Зомин туманида бўлиб ўтган ҳудудий босқич ғолиблари эълон қилинди. Марҳамат эркак иштирокчилар бўйича ғолиблар билан танишинг:
Биринчи ҳудуд бўйича:
Ҳифз йўналиши
18-25 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидаги номзод ғолиб бўлди:
1-ўринга Довудов Музаффар муносиб деб топилди.
26-40 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Саидазимов Абдулхамид;
2-ўринга Нишонов Абдурауф;
3-ўринга Маликов Санжар муносиб деб топилди.
Тиловат йўналиши
18-25 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Хидирбоев Ҳусан;
2-ўринга Раҳматуллаев Муҳаммаддиёр;
3-ўринга Холтураев Абдураззоқ, Хўшбоқов Сайёриддин муносиб деб топилди.
26-40 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Маҳмудов Баёзхон;
2-ўринга Абдуллаев Олимжон;
3-ўринга Турдиев Санжар муносиб деб топилди.
Иккинчи ҳудуд бўйича:
Ҳифз йўналиши
26-40 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидаги номзод ғолиб бўлди:
1-ўринга Атабаев Иззатуллоҳ муносиб деб топилди.
Тиловат йўналиши
18-25 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Ҳамидов Исломжон;
2-ўринга Элмуротов Дониёр;
3-ўринга Ўразаметов Сардор муносиб деб топилди.
26-40 ёшли эркак иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Мирзаев Абдусамад;
2-ўринга Норботиров Аббос;
3-ўринга Абдураҳимов Достон муносиб деб топилди.
Эслатиб ўтамиз аёл-қиз иштирокчилар ўртасида қуйидаги қорияларимиз ғолибликни қўлга киритишган эди:
Биринчи ҳудуд бўйича
18-25 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Атабаева Нафиса;
2-ўринга Рашидова Нисо;
3-ўринга Убайдуллаева Солиҳа муносиб деб топилди.
26-40 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Мирзақулова Маҳсуда;
2-ўринга Исматуллаева Меҳринисо;
3-ўринга Исаева Марҳабо муносиб деб топилди.
Иккинчи ҳудуд бўйича
26-40 ёшли аёл-қиз иштирокчилар орасида қуйидагилар ғолиб бўлди:
1-ўринга Бозорова Ёрқиной;
2-ўринга Қиржигитова Бибиойша;
3-ўринга Ҳакимова Дилноза муносиб деб топилди.
Ҳудудий босқич ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Бизни кузатишда давом этинг, диёримизнинг бошқа ҳудудлари бўйлаб мубоқалар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати