Тафсири ирфон

2. БАҚАРА СУРАСИ, 113 ОЯТ

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَقَالَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ١١٣

113. Яҳудийлар: "Насронийлар тўғри йўлда эмаслар", дейишади. Насронийлар эса: "Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар", дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.

Ислом динининг асосий хусусиятларидан бири ўрталик, бошқача таъбир билан айтганда, мўътадиллик, мувозаналикдир. Чунки йўлнинг ўртасида бўлиш, ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғишмай, Қуръон таъбири билан айтганда, "мустақим йўл"да бўлиш асл мусулмонликдир. Бу "мустақим йўл"нинг икки томонида жуда кўп масалаларда ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритга (сусткашликка) йўл қўйган яҳудий ва насронийлар турибди. Демак, буларнинг ўртасида бўлиш тўғри йўлда бўлишдир. "Илмсизлар" Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди. Бу ояти карима Мадина яҳудийлари ва Нажрон насронийлари ҳақида тушган. Нажрон элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида яҳудий роҳиблари ҳам келишди ва улар ўзаро мунозара қилиб кетишди, ҳатто овозлари баландлади. Яҳудийлар: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Исо алайҳиссалом ва Инжилга куфр келтиришди. Насронийлар эса: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Мусо алайҳиссалом ва Тавротга куфр келтиришди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди. Улар ўртасидаги тортишувни эса қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ажрим қилиб беради. Ҳакимлардан бири бундай деган: "Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ва илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига". Илмсиз кишилар ҳам ана шу яҳудий ва насронийлар каби тўғри йўлни топа олмай, адашиб кетаверишади.

Read 2186 times

Мақолалар

Top