Тафсири ирфон

2. БАҚАРА СУРАСИ, 116–119 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ ٱتَّخَذَ ٱللَّهُ وَلَدٗاۗ سُبۡحَٰنَهُۥۖ بَل لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ كُلّٞ لَّهُۥ قَٰنِتُونَ١١٦

116. "Аллоҳнинг фарзанди бор", дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир.

Яҳудийлар "Узайр – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Насронийлар эса: "Исо Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Араб мушриклари: "Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир", дейишди. Аллоҳ таоло ана шундай адашганлар ҳақида юқоридаги оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло туғмаган, туғдирмаган ва туғилмагандир, У бундай айбу нуқсонлардан покдир! Осмонлару Ердаги, улар орасидаги ҳамма нарсани Ўзи яратган, ҳамма нарса Унинг Ўзиники, борлиқ ва коинотдаги ҳамма нарса Унга бўйсунади. Шундай бўлгач, Унинг ҳеч қандай фарзандга эҳтиёжи йўқ! Аллоҳ таолога фарзанд нисбат берувчилар фақат қаттиқ адашишади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аллоҳ таоло бундай дейди: "Одам боласи Менга туҳмат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. (Одам боласи) Мени ҳақорат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. Аммо Менга туҳмат қилгани хусусига келсак, у илгариги ҳолимга қайтара олмайди, деб таъкидлайди. Аммо Мени ҳақорат қилгани хусусига келсак, "Аллоҳ таолонинг боласи бор, У Ўзига жуфт ва бола қила олади", дейди" (Бухорий ривояти).

بَدِيعُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ وَإِذَا قَضَىٰٓ أَمۡرٗا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُۥ كُن فَيَكُونُ١١٧

117. У осмонлару Ернинг яратувчисидир, бирор ишни қилмоқчи бўлса, фақат "Бўл!" дейди, шунда бўлади.

Аллоҳ таоло шунчалар қудратли, буюк, илми ва ҳикмати олий Зотки, У осмонларни, ундаги Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузларни ҳам, Ер ва унинг устидаги ҳамма нарсани – тоғлару уммонларни ҳам, водийлару шаҳар-қишлоқларни ҳам, ҳамма нарсани яратган. Бунда Унга ҳеч ким шериклик қилолмайди. Унинг қудрати ва иродаси шунчалар улуғки, бундай беҳисоб мавжудотларни яратиш Унга ҳеч қандай қийинчилик-машаққат туғдирмайди, биргина "Кун!" (Бўл!) деган сўзни айтиши билан ҳамма нарса бўлади.

Ушбу оятдан шу нарса англанадики, фақат ал‑Холиқ (яратувчи) сифатли Зотгагина ибодат қилиш лозим, Холиқдан бошқага ибодат қилинмайди. Агар инсон Холиқдан бошқа Зотга юзланса, унда тўғри йўлдан оғиб кетади. Фақат Холиққа ибодат қилсанг, ибодат сабабли бахтиёр бўласан. Агар ибодат қилсанг, Унинг азобидан нажот топасан. Агар ибодат қилсанг ҳаётингда ва ўлимингдан кейин ютуққа эришиб, жаннатга кирасан ва абадий бахт‑саодатни қўлга киритасан. Демак, коинотда бирдан‑бир томон бор, ўша томонга қараб ибодат қилиб, итоат қилишинг даркор. Ўша томон ал‑Холиқ сифатига эга бўлган Аллоҳдир. Ал‑Холиқ дегани барча нарсани, олдин бўлмагани ҳолда, йўқликдан пайдо қилиб, яратган Зотга айтилади. Ваҳоланки бу нарса инсонга нисбатан мажозий ишлатилади. Яъни инсон, олдин бор бўлган барча нарсадан бир нарсани ясайди. Бу билан олдин бўлмагани ҳолда Еру‑осмонларни яратиш билан, бор нарсадан битта нарса ясашнинг орасида катта фарқ бор. Демак Аллоҳ йўқ жойдан, олдин бўлмагани ҳолда яратувчидир. Инсон эса бор нарсалардан битта нарса ясовчидир, яратувчи эмас.

وَقَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ لَوۡلَا يُكَلِّمُنَا ٱللَّهُ أَوۡ تَأۡتِينَآ ءَايَةٞۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِم مِّثۡلَ قَوۡلِهِمۡۘ تَشَٰبَهَتۡ قُلُوبُهُمۡۗ قَدۡ بَيَّنَّا ٱلۡأٓيَٰتِ لِقَوۡمٖ يُوقِنُونَ١١٨

118. Жоҳил кимсалар: "Аллоҳ биз билан сўзлашса эди ё Ундан бир далил келса эди", дейишади. Булардан олдингилар ҳам уларникидай гап айтишган эди, диллари бир-да! Биз оятларни чиндан ишонувчиларга баён қилганмиз.

Жоҳилларнинг табиати шундай: ҳақиқатни кўриб-билиб туриб ҳам исбот-далил талаб этишаверади. "Бу оятлар Аллоҳ таоло ҳузуридан келган" десанг, бунга ишонмайди, исботлаб беришни талаб этиб тураверади. "Бу киши Аллоҳнинг элчиси, Унинг рисолатини биз, бандаларга келтирган" десанг, бунга ҳам ишонмайди, охирги Пайғамбарнинг арабларидан чиққанига тоқат қилолмай, куфрга кетаверади. "Имонга келинглар, ҳидоят йўлидан юринглар" десанг, Аллоҳнинг Ўзи бизларга буюрсин ёки Ўз ҳузуридан бирор далил келтирсин", деб гумроҳликка боришади. Олдинги аждодлари ҳам худди шунга ўхшаш гапларни айтишганди. Мусо алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳдан бир сигир сўйиш амри келганида унинг қанақа рангдалиги, неча ёшдалиги, қай кўринишда экани ҳақида пайғамбарга савол қилавериб, охири Аллоҳнинг ғазабига учрагани зикри ушбу сурада батафсил келтирилган.

إِنَّآ أَرۡسَلۡنَٰكَ بِٱلۡحَقِّ بَشِيرٗا وَنَذِيرٗاۖ وَلَا تُسۡ‍َٔلُ عَنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلۡجَحِيمِ١١٩

119. (Эй Муҳаммад), Биз сизни Ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. Дўзахийлар хусусида сиздан сўралмайди.

Оятдаги "Ҳақ"дан мурод, Қуръон, тавҳид ва Исломдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон, тавҳид ва Ислом воситасида мўминларга охиратдаги улкан мукофотларнинг хушхабарини, кофир ва мушрик кимсаларга эса абадий жазо-азоблардан огоҳлантиришни етказиш учун юборилганлар. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: "Зотан, Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир!" (Муъминун, 116). Аллоҳ таоло бундай дейди: "Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳақ келди" (Юнус, 108); "Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!" (Фатҳ, 28). Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидвор бўлишнинг энг ишончли ва тўғри йўли Исломдир! Дўзахийлар хусусидаги ишларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинг, эй Пайғамбарим, улар ҳақида сиздан сўралмайди, Уларнинг жазосини Парвардигорингизга ҳавола этинг. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қанийди ота-онамга нима бўлганини билсайдим" деганларида ушбу оят нозил бўлган. Баъзи муфассирлар бу оятни "дўзах аҳли ҳақида сўраманг" деган маъно билан ўқишади. Муқотил эса бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ яҳудларга азоб туширса эди" деганларида мазкур оят нозил бўлган".

Read 2605 times

Мақолалар

Top