Тафсири ирфон

2. БАҚАРА СУРАСИ, 249–252 ОЯТЛАР

فَلَمَّا فَصَلَ طَالُوتُ بِٱلۡجُنُودِ قَالَ إِنَّ ٱللَّهَ مُبۡتَلِيكُم بِنَهَرٖ فَمَن شَرِبَ مِنۡهُ فَلَيۡسَ مِنِّي وَمَن لَّمۡ يَطۡعَمۡهُ فَإِنَّهُۥ مِنِّيٓ إِلَّا مَنِ ٱغۡتَرَفَ غُرۡفَةَۢ بِيَدِهِۦۚ فَشَرِبُواْ مِنۡهُ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنۡهُمۡۚ فَلَمَّا جَاوَزَهُۥ هُوَ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَعَهُۥ قَالُواْ لَا طَاقَةَ لَنَا ٱلۡيَوۡمَ بِجَالُوتَ وَجُنُودِهِۦۚ قَالَ ٱلَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَٰقُواْ ٱللَّهِ كَم مِّن فِئَةٖ قَلِيلَةٍ غَلَبَتۡ فِئَةٗ كَثِيرَةَۢ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ٢٤٩

249. Толут аскарлари билан чиққач: "Аллоҳ албатта сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади, ким ундан сув ичса, у мендан эмас, қўли билан ҳовучлаб олганлардан ташқари ким ундан тотинмаса, у мендандир", деди. Озчиликдан бошқа ҳаммалари ичишди. У ҳамда у билан имон келтирганлар дарёдан ўтиб олишганидан кейин: "Жолут ва унинг аскарлари билан жанг қилишга қудратимиз етмайди", дейишди. Аллоҳга рўпара бўлишларига ишонганлар: "Аллоҳнинг иродаси билан қанча-қанча озчилик гуруҳлар кўп сонли гуруҳларни енгишган, Аллоҳ албатта сабрлилар биландир", дейишди.

Бани Исроилнинг урушдан қочмай қолган бир гуруҳлари Толутнинг Аллоҳ таоло томонидан тайинланган подшоҳ эканига ишонишди. Толут эса улардан бир қўшин тузди. Сўнгра қўшинни душманга қарши жанг қилиш учун бошлаб кетди. Ана шу урушда Толутнинг кучли саркарда экани намоён бўлди. Ҳозиргача Бани Исроилнинг аскарлари кетма-кет мағлубиятга учрайвериб, ўзларига ишончи қолмаган, иродаси сусайиб кетган эди. Улар қаршисида турган душман эса кучли, иродали, ғалабага ишончи зўр эди. Толут аскарларини синаб кўриш учун шаҳардан чиқилгач, уларга бундай маслаҳат берди: "Кимнинг иродаси кучли бўлса, сабр-бардошли ҳам бўлади, йўлда дарё учраганида чанқоқни босиш учун унинг сувидан ичмаса, ўша одам имтиҳондан ўтган бўлади ва менинг ҳақиқий аскаримга айланади. Ким иродасизлик кўрсатиб, дарё сувидан ҳовучлаб ича бошласа, демак, у аскарликка ярамайди". Толут аскарларидан жуда озчиликкина бу синовдан шараф билан ўта олди. Кўплари машаққатли сафарда ташналикка сабр қила олмай, кўп сув ичиб қўйишди ва жангга ярай олмади.

Бундан инсонлар бошларига машаққат ва қийинчиликлар келганида сабр-матонат билан уни енгишлари, сабр кўрсатишлари керак, деган хулоса чиқади. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Бадр урушида қатнашганлар сони уч юз ўн неча кишидир бўлгани, бу Толут билан дарёдан ўтган шерикларининг сонича келгани ҳақида гаплашар эдик, у билан дарёдан фақат мўминлар ўтишган, холос" (Бухорий ривояти).

وَلَمَّا بَرَزُواْ لِجَالُوتَ وَجُنُودِهِۦ قَالُواْ رَبَّنَآ أَفۡرِغۡ عَلَيۡنَا صَبۡرٗا وَثَبِّتۡ أَقۡدَامَنَا وَٱنصُرۡنَا عَلَى ٱلۡقَوۡمِ ٱلۡكَٰفِرِينَ٢٥٠

250. Жолут ва унинг аскарларига рўпара бўлишганида: "Парвардигоримиз, бизларга сабр ато эт, қадамларимизни собит қил ва кофирларга қарши зафар бер", дейишди.

Бани Исроил Жолутга қарши урушга тайёр бўлди. Лекин Толут: "Урушга борувчилар навжувон, паҳлавон йигитлар бўлишсин" деб шарт қўйди. Бу шартга ҳам бир неча юз одам мувофиқ чиқиб тайёрланди. Толут уларни ҳам имтиҳон қилмоқчи бўлди. Йўл юришган эди, аввалги манзилда сув топилмади. Иккинчи манзилда бир дарё (муфассирлар буни Ўрдун дарёси, дейишган) учради. Толут: "Бир ҳовучдан ортиқ сув ичганлар мен билан бирга юрмасин", деб буюрди. Бу сўзни эшитса ҳам аскарлардан бир қанча бесабрлари сувдан қониб ичди ва охири ўлиб қолди. Фақат 313 нафар навкар бир ҳовучдан сув ичиб, Толут билан бирга кетишга мушарраф бўлди. Кўп ичганлар сабрсизликлари туфайли йўлга ярамай ҳалок бўлишди. Қолган 313 аскар Жолут қўшинларига рўпара бўлди. Улар орасида Довуд алайҳиссалом, у зотнинг оталари ва олти ака-укалари ҳам бор эди. Йўлда кетишаётганда уч дона тош ҳазрати Довудга овоз бериб, бизни ҳам олиб кетинг, биз Жолутни ҳалок қилурмиз, деди. Қўшинлар тўқнашган пайтда Жолутнинг ўзи майдонга тушиб: "Ҳаммангизни битта ўзим енга оламан", деди. Кейин Юшаъ алайҳиссалом ҳазрати Довудни топтириб, Жолутни енгишни буюрди. Довуд алайҳиссалом жанг майдонига тушиб, бояги уч тош билан Жолутни ўлдирди, аскарлари қочиб қолди. Мўминларга фатҳ ва зафар ёр бўлди. Улар озчилик бўлишса ҳам пайғамбарлари ва подшоҳлари ҳукмларига итоатда туришгани, Парвардигорларига илтижо ва дуода бўлишгани, Унинг ваъдасига имон келтириб, мададидан умид қилишгани учун кўпсонли душманни мағлуб қилишди. Содиқ мусулмонлар учун бу қиссада етарли ибратлар бор, хусусан Бадр урушида ҳам деярли шунча мусулмон бир неча баробар кўп мушриклар устидан ғалаба қозонишган. Бу хилдаги воқеалар Аллоҳ ваъдасининг ростлиги нишоналаридир. Парвардигор бу сиёсатларини ва танбеҳларини жаҳон аҳлига гоҳида кўрсатиб турмаса, бутун олам тинчлиги ва омонлиги хатарда қоларди.

فَهَزَمُوهُم بِإِذۡنِ ٱللَّهِ وَقَتَلَ دَاوُۥدُ جَالُوتَ وَءَاتَىٰهُ ٱللَّهُ ٱلۡمُلۡكَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَعَلَّمَهُۥ مِمَّا يَشَآءُۗ وَلَوۡلَا دَفۡعُ ٱللَّهِ ٱلنَّاسَ بَعۡضَهُم بِبَعۡضٖ لَّفَسَدَتِ ٱلۡأَرۡضُ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ ذُو فَضۡلٍ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٢٥١

251. Аллоҳнинг изни ила уларни енгишди ва Довуд Жолутни ўлдирди. Аллоҳ Довудга салтанат ва ҳикмат берди, Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўргатди. Агар Аллоҳ баъзилар билан баъзиларни даф қилиб турмаса, Ер юзи бузғунчиликка тўларди. Лекин Аллоҳнинг фазли бутун оламлар устидадир.

Аллоҳ таолонинг изни, иродаси билан Толут аскарлари Жолут қўшинини енгиб, ғалабага эришишди. Энг эътиборлиси, катта кучга эга бўлган, қаҳри қаттиқ подшоҳ саналмиш Жолутни Толут аскарлари ичидаги энг ёши Довуд ўлдирди. Аллоҳ хоҳласа, улкан қўшинга эга бўлган тажрибали саркардаларни ҳали уруш тажрибаси йўқ ёшгина йигит қўли билан ҳам мағлубиятга учратаверади. Аллоҳнинг инояти билан Довуд кейинчалик Жолут вафотидан сўнг Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Аллоҳ азза ва жалла унга подшоҳликдан ташқари яна ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди, беҳисоб мол-дунё ато этди. Довуднинг подшоҳлик даври Бани Исроил тарихида энг адолатли, фаровон ва осойишта замон, яъни "олтин давр" бўлди. Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик кучайиб кетмаслиги учун баъзи золимларни бошқа бир куч эгалари ёрдамида даф қилиб туради ва инсонлар ўртасида илоҳий адолатини ўрнатади.

تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱللَّهِ نَتۡلُوهَا عَلَيۡكَ بِٱلۡحَقِّۚ وَإِنَّكَ لَمِنَ ٱلۡمُرۡسَلِينَ٢٥٢

252. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳ оятларидир, уларнинг ҳақиқатини сизга тиловат қилурмиз ва сиз албатта пайғамбарлардансиз.

Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, сизга баён этиб берилаётган Толут ва Жолут қиссалари, мингларча одамларни бир сўз билан ўлдириш ва қайта тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли куфр эгалари устидан ғолиб чиқишлари каби хабарлар Парвардигорингиз Аллоҳ таолонинг оятларидир. Булар шунчаки кишилар тарихидан сўзловчи қиссалар эмас, балки замон ва воқеъликда кечган ҳодисаларнинг баёнидир. Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирги ҳақ пайғамбар эканларига кучли далил ва ёрқин исботдир. Аллоҳ таоло бундай деган: "(Эй Муҳаммад), Биз сизни оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз" (Анбиё, 107); "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир" (Фатҳ, 28); "Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир" (Фатҳ, 29).

Read 2514 times

Мақолалар

Top