Тафсири ирфон

2. БАҚАРА СУРАСИ, 256 ОЯТ

لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ فَمَن يَكۡفُرۡ بِٱلطَّٰغُوتِ وَيُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ فَقَدِ ٱسۡتَمۡسَكَ بِٱلۡعُرۡوَةِ ٱلۡوُثۡقَىٰ لَا ٱنفِصَامَ لَهَاۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ٢٥٦

  1. Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.

Дин ва эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: "Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?" (Юнус, 99). "Тоғут" – "Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш" маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Тоғут – шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода «шайтоний йўл», демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. Аҳли китоблар ўзларига туширилган китобларга ва кейин нозил қилинган Қуръони каримга имон келтирганлари даъвосида бўлишса ҳам, улар аслида шайтоний йўлни танлашган ва тоғутдан ҳукм сўрашни истаб туришади.

Қуръони карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.

 

 

Read 5405 times

Мақолалар

Top