Рамазон

Парвардигор бизга енгиллик истайди

Яратганга беадад шукрлар айтамиз. Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзани фарз қилди ва ушбу ойни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради, сабрни, меҳр-шафқатни ўрганамиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон ана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу ойда кўпроқ эҳсон, садақалар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, дея марҳамат қилади (Бақара сурасининг 185-ояти).

Рамазон ойида тутилган рўза орқали вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш билан охиратдаги оғир машаққатдан қутилиши Фурқон сурасининг 75-76-оятларида қуйидагича маълум қилинган:

Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалари билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир”.  

Рўза-очлик ва чанқоқлик каби қийинчиликдан иборат. Бу эса рўзадордан сабр-матонат талаб қилади. Ушбу очликка сабр қилган инсон собир бандалар қаторидан жой олади. Собирларга ваъда қилинган мукофот эса абадий жаннатдир. Роббимиз барчамизга ибодатларни чиройли адо этишда сабр ато этсин.

Сабр тўғрисида Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди».

Зумар сурасининг 10-оятида:

…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур дейилади.

Сабр ойи бўлмиш рамазони шарифдан унумли фойдаланиб, сабр деб аталмиш фазилатга эришишга маҳкам бел боғлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўзининг собир бандаларининг қаторига қўшса. 

Абдулазиз Бобомирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Read 82029 times
Tagged under

Мақолалар

Top