Рамазон-2018

“Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”

Пайғамбар (алайҳиссалом) муборак ҳадисларида: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деганлар. Аввало рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади

Рўза сабр мадрасасидир. Табибларидан бири: “Ошқозон касалликлар уйи, парҳезкорлик эса барча давонинг бошидир” деган. Ҳукамолар меъёридан ортиқ тўқликнинг кўп зарарларини санаганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш ва қўрқоқлик кабилар.

 

Бугунги кунда рўзанинг фойдасини нафақат мусулмонлар, балки Исломдан хабари йўқ кишилар ҳам тушуниб етди. Турли тараққий этган ўлкаларда очлик билан даволаш шифохоналари очилди. Турли қитъаларда яшовчи олимлар илмий тажрибалар ўтказиб, ихтиёрий оч қолиш тан сиҳатлик учун омил эканини таъкилади. Жумладан, рус олими профессор Николаев ўз ҳамкорлари билан эълон қилган “Оддий ҳақиқатлар” номли китобининг “Соғлик учун оч – наҳор юриш” деб номланган бобини рўзанинг фойдаларини санаган. Унда айтилишича, ихтиёрий очлик билан мажбурий очликнинг фарқи бор. Мажбурий очлик, қароқчининг пичоғидек зарарга, ҳалокатга сабаб бўлса, ихтиёрий очлик табибнинг пичоғидек шифога сабаб бўлади. Бу илмий ишнинг натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган.

 

Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлишдир. Муборак Рамазон ойида атрофдаги бева-бечоралар холидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, закот, фитр садақа ва шунга ўхшаш моддий ёрдамларни тарқатиш ҳамда кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхони ёзиш ҳам урф одатга айланган. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: “Рўзадор кишиларга таом бериш, уларнинг қорнини  тўйғазиш, худди рўзадорга бериладиган савоб баробарида ажр ёзилади”.

 

Рамазон ойида ифторлик маросими қилиб рўзадорларни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайру эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозим, ифторлик қилиш деганида, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади.

 

Албатта, Рамазон ойи ҳаммамизга хайру саховат, яхшилик қилиш ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш учун қулай бир фурсат экан, биз ундан оқилона фойдаланмоғимиз лозимдир. Бой бадавлат кишилар бу муборак Рамазон ойида закот ва садақотларини мана шундай кам таъминланган оилаларга олиб бориб беришлари билан уларнинг кўнглини шод қиладилар, ҳамда меҳр-оқибатлар зиёда бўлишига сабаб бўлади.

 

Мансуржон НУРУЛЛАЕВ, 

Когон тумани “Баҳоуддин

  Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби 

 

Read 44891 times

Мақолалар

Top