Дунё янгиликлари

Москвада Ислом Каримов ёдгорлик хиёбони очилди

Бугун, 18 октябрь куни Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини кўп йиллар одамлар ёдида сақлаш мақсадида барпо этилган хиёбоннинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, нуронийлар, ёзувчи-шоирлар, илм-фан ва санъат намояндалари, Россия давлат идоралари, икки мамлакат кенг жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Ислом Каримовнинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди.
Маросимда сўзга чиққанлар Ислом Каримов раҳбарлиги даврида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб, унинг беқиёс хизматлари туфайли Ўзбекистоннинг дунё миқёсида нуфузи ошгани, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалганини таъкидлади. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ана шу ислоҳотлар қамрови ва таъсирчанлигини янада ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, Ислом Каримов олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдиргани ва нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилгани алоҳида қайд қилинди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳам иштирок этди.
Москва шаҳридаги Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги консуллиги ёнида барпо этилган ушбу хиёбонга Ислом Каримов номи берилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2716 times

Янгиликлар

Top