Дунё янгиликлари

Деҳли шаҳри жоме масжиди бош имоми аждодлари ватани Ўзбекистон эканини маълум қилди

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтаётган I Халқаро Зиёрат туризми форумида мусулмон оламининг етакчи олимлари ва уламолари билан бир қаторда Деҳли шаҳри жоме масжидининг бош имоми, нақшбандия тариқати намоёндаларидан бири Саид Аҳмад Бухорий раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Делегациядан шунингдек етакчи исломшунос олимлар, журналистлар, ҳамда зиёрат туризмига ихтисослашган сайёҳлик компаниялари вакиллари ўрин олган.

Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилинишича, Саид Аҳмад Бухорийнинг асли келиб чиқиши Бухорога бориб тақалади. Машҳур бобурийлар сулоласи вакили Шоҳжаҳон бўйруғига асосан 1656 йилда қуриб битказилган Деҳли жоме масжидига ўша вақтда Бухорои шарифдан Абдул Ғаффор Бухорий бош имомликка таклиф этилган. Бир неча асрлар давомида мазкур сулола авлодлари масжидга имомлик қилиб келишади.

Саид Аҳмад Бухорий ўз аждодларининг юрти - Бухорода бўлиб ўтажак зиёрат туризми форумида иштирокидан бениҳоя мамнун эканини айтди.

"Ўзбекистон тупроғи муқаддас қадамжоларга бой, файзли ва нурли тупроқ. Мамлакатнинг тарихий-маданий обидалари, маънавий мероси дунё тамаддуни учун ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонда уларни асраб авайлаш, халқаро оммага кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар республикага келаётган хорижий сайёҳлар оқимини янада кенгайтириши шубҳасиз", - дейди у.

Ҳиндистон вакиллари Зиёрат форумида иштирок этиш билан бирга, Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиш ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни режалаштиришган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2428 times

Янгиликлар

Top