Дунё янгиликлари

Москвадаги онкология маркази ҳудудида намозхона очилди

Жорий йилнинг 25 март куни соат 12:00да Москва шаҳридаги Н.Н.Блохин номидаги онкология илмий-тиббий изланиш маркази ҳудудида намозхона очилди. Бу ҳақда iqnanews.ru нашри хабар берди.

Намозхонанинг очилиш маросимида Россия муфтийлар кенгаши ва РФ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин ҳамда Москва муфтийси Илдар Аляутдиновлар иштирок этиши хабар қилинган.

Очилиш маросимида меҳмонлар жамоа бўлиб намозни адо этадилар. Тиббиёт муассасаси ходимлари ва беморлар ушбу намозхонада беш маҳал намоз ибодатларини адо этишлари учун зарур шароитлар яратилган.

Муолажа пайтида бемор киши руҳий мададга эҳтиёж сезади, ибодат эса унинг тузалишида муҳим омил ҳисобланади.

Яқин кунларда Москва мусулмонлари идораси томонидан ушбу намозхонага бир нафар имом бириктирилиши маълум қилинган. Имом беморлар аҳволидан хабар олиб туриши ва улар билан диний-маърифий мавзуларда суҳбатлар ўтказиши айтилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2179 times

Янгиликлар

Top