Дунё янгиликлари

Sakina Halal Grill — Вашингтонда муҳтожларга бепул таом улашувчи ресторан

Вашингтондаги бу мўъжазгина ресторан 2013 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, АҚШдаги ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, бошпанасиз инсонларга бепул мазали таомларни улашиб келмоқда. Ресторан покистонлик тадбиркорнинг онаси хотирасига Sakina Halal Grill деб номланган.

«Биз жаҳоннинг етакчи мамлакатимиз. Бироқ биз ўз фуқароларимизни ҳимоя қилишда ортда қоляпмиз. Бу жуда ҳам уятли ҳолат. Мен бу тамаддихонани қудратли давлатимизнинг дунёқарашини оз бўлса-да ўзгартириш мақсадида, катта умид билан очганман.

Ҳар куни кўплаб инсонларнинг бирор озуқа илинжида чиқинди қутиларини кавлаб юрганини кўриш менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилар эди. Чунки бу ҳол менинг эски хотираларимни ёдга соларди», - дейди ресторан асосчиси Кази Маннан.

Кази Покистондаги кичик қишлоқларнинг бирида туғилган бўлиб, болалигидан қашшоқлик ва очликни кўриб катта бўлади. Вояга етгач, унинг орзуси ушалиб, 1996 йилда Америкага йўл олади. Ҳозирда у ўзининг муваффақиятли бизнесини йўлга қўйган.

«Қашшоқлик - бу завқ эмас. Болалик чоғимда мен ҳар куни зиддиятли вазият, оғир кунларга дуч келар эдим», - дейди у.

Айни дамда Кази Маннан муҳтож инсонларга ҳар йили 16 мингдан зиёд бепул таомларни етказишни мақсад қилган. Унинг фикрича, у таомларга сарфлаётган пулига сира ачинмайди, аксинча, бу ишдан фақат кўнгли тўлади.

Маҳаллий аҳоли Казининг ташаббусидан жуда миннатдор.

«Бундай ҳол ҳар кимнинг бошига тушиши мумкин. Егулик топа олмай юрганимда мени қучоқ очиб кутиб олувчи ва мазали таомлар берувчи шундай ажойиб маскан борлигидан хурсандман», - дейди ресторан мижозларидан бири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2131 times

Янгиликлар

Top