Дунё янгиликлари

Каъба деворлари ёнида янги Макка декларацияси қабул қилинди

Маккада бўлиб ўтган “Қуръон ва Суннат матнларида мўътадиллик қадриятлари” халқаро анжуманида иштирок этган уламолар Макка декларациясини қабул қилишди.

Каъба деворлари ёнида, Ислом умматининг етакчи олимлари, унинг энг йирик муфтийлари иштирокида қабул қилинган бу баёнотда, иштирокчилар ушбу тарихий ҳужжатда келтирилган асосий тамойиллар: одамлар келиб чиқишининг бирлиги ва тенглиги, ирқчилик аломатларини намоён қилишдан бош тортиш, жамиятда диний ва маданий хилма-хиллик мавжудлиги, барча илоҳий динлар келиб чиқишининг ягоналигини тасдиқлашади.

Ҳужжатда таъкидланганидек, "цивилизацион мулоқот – бу бошқалар билан тўғри ўзаро тушунишга эришиш, ўзаро муомала қилиш нуқталарини топиш ва биргаликда яшашнинг қийинчиликларини бартараф этишнинг энг яхши усули". Унда инсонларнинг ва маданиятларнинг ўзаро йўқ қилинишининг олдини олишда муваффақиятли ҳамкорлик учун халқаро иттифоқ тузиш зарурлиги таъкидланади.
Конференция иштирокчилари таъкидлашича, "мусулмонлар инсониятни ноёб ва бой тажриба билан бойитди, бугунги кунда ахлоқий, ижтимоий ва экологик инқирозлар шароитида, глобаллашувнинг салбий томонлари ахлоқий қадриятларнинг етишмаслигига олиб келадиган бир пайтда улар инсониятга жуда кўп ижобий нарсаларни киритиши мумкин".

Islam.ru билдиришича, декларацияда терроризм, адолатсизлик ва зулм, исломофобия феноменига қарши кураш, буюк Яратувчининг инъоми сифатида табиатни асраб-авайлаш, ижтимоий фойдали фаолиятни рағбатлантириш, исломий таълим тизимини ривожлантириш, Аллоҳ томонидан тайинланган чегараларга мувофиқ аёларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Декларацияни ниҳоясида конференциянинг барча иштирокчилари олий даражали форумни ташкил этгани учун Саудия Арабистони қироли, икки муқаддас масжид ходими Салмон ибн Абдул-Азиз Ал Саудга миннатдорчилик билдирадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2380 times

Янгиликлар

Top