Тожикистон миллий банки мамлакатнинг илк исломий банки – “Тавҳидбанк”ка миллий ва хорижий валютада исломий банкинг хизматларини кўрсатиши учун лицензиция (https://azon.uz/content/views/tojikistonning-ilk-islomiy-bankiga-licen) берди.
Жорий йилнинг 1 июлида “Соҳибкорбанк”нинг номи “Тавҳидбанк” деб ўзгартирилган эди. “Соҳибкорбанк”нинг ўзгариш жараёнини ўтган йилнинг баҳорида бошлаган. Бу борада Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (Ислом тараққиёт банки таркибига киради) мутахассислари ёрдам берди. “Соҳибкорбанк” вакиллари исломий банкинг орқали аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини қайтаришга умид қилмоқда.
Тожикистонда исломий банкингни жорий этиш ҳақида 2010 йилда айтилган эди. 2014 йилнинг ёзида “Исломий банк фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан сўнг Қатар Тожикистондаги илк исломий банкингни очишда қатнашиш истагини билдирди. Бироқ 2015 йилда республикада бошланган молиявий инқироз туфайли лойиҳалар тўхтаб қолганди.
Марказий Осиёда исломий банклар Қозоғистонда ва Қирғизистонда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати