Дунё янгиликлари

Россия мусулмонлари идораси қурултойи ўтказилди

23 сентябрь куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идораси қурултойи бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Шундан сўнг қурултойнинг ишчи гуруҳи ва Президиум аъзолари тайинланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари президиум аъзолари қаторидан жой олдилар.
Тадбирда дунё мамлакатларидан келган 150 нафардан зиёд таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари иштирок этди.
Қурултойда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Равиль Гайнуддиннинг 2014-2019 йиллардаги олиб борган иш фаолият юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ўтган даврда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси фаолияти натижалари, амалга оширган ишлари ва эришилган ютуқлари тўғрисида тадбир иштирокчилари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қурултой якунида Россия Федерацияси мусулмонлари идорасининг янги таҳрирдаги устави тасдиқланди, 2019-2024 йилларга оид истиқболли дастури маъқулланди ва Қурултой резолюцияси қабул қилинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2601 times

Янгиликлар

Top