Дунё янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари  халқаро анжуманда нутқ сўзлади

Шу йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Москва шаҳрида ўтказилган “Глобал дунёдаги ислом: мусулмон мероси ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуманда иштирок этдилар ва нутқ сўзладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузаларида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаётгани ва икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганига алоҳида урғу бердилар.
Муфтий ҳазратлари анжуман иштирокчилари диққатини ҳозирги кунда барча уламоларнинг асосий саъй-ҳаракатлари муборак Ислом динининг софлигини асраш, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва тинчликни қадрлаш эканига қаратдилар.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Жаҳоннинг мусулмон уламоларининг ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлари Ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш ҳамда турли хатарларга қарши курашишда жуда ҳам муҳим эканини, - муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Халқаро анжуманда Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин, Туркия диёнат ишлари раиси, профессор Али Эрбош, Миср вақф ишлари вазири Муҳаммад Мухтор, Уммон вақф ишлари вазири Абдулла Муҳаммад ас-Салимий, Сурия муфтийси Аҳмад Ҳассун, Миср муфтийси Шавқий Аллом ва Афғонистон ҳаж ва вақф ишлари вазири Абдулҳаким Мониб каби йирик давлат ва дин арбоблари нутқ қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2107 times

Янгиликлар

Top