Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони сайёҳлик визасини жорий этди

Саудия Арабистони ҳукумати чет эллик сайёҳларга 80 АҚШ долларига виза беришни бошлаши ҳақида аввалроқ хабар берилганди. 27 сентябрь куни Саудия Арибистони томонидан эълон қилинган виза бериш рухсати бор мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон жой олмаган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Рўйхатга Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон киритилган, шунингдек, унда Россия ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам бор. Бундан ташқари Арабистонга АҚШ, Британия, Шенген ҳудудига кирувчи давлатлар, Австралия, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Сингапур фуқаролари ҳам сайёҳ сифатида сафар қила оладилар.

Шу кунга қадар Саудия ҳукумати томонидан асосан, ҳаж ва умра зиёратини адо этишни истаган мусулмонлар учун зиёрат визаси ва тадбиркорлар учун ишчи визаларини бериб келган.

27 сентябрдан бошлаб Саудия Арабистони дипломатик ваколатхоналари подшоҳликка сайёҳ сифатида боришни истаганлардан аризалар қабул қилишни бошлаши айтилган. Расмий Ар-Риёд мамлакатни хорижий сайёҳларга очиш билан 2030 йилга келиб, ялпи ички маҳсулотда туризм улушини ҳозирги 3 фоиздан 10 фоизга оширмоқчи.

Маъулмот учун, сайёҳлар мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Макка ва Мадинага бора олмайди. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг туризм бўйича бошқарма раҳбари Аҳмад ал-Ҳатибнинг сўзларига кўра, чет элликларга нисбатан мамлакатнинг спиртли ичимликларни тақиқлаш қонуни ҳам татбиқ этилади. Чет эллик сайёҳларга абайя (араб аёлларининг анъанавий либоси) киймасликка рухсат берилади, уларга, шу жумладан, оммавий пляжларда ҳам камтарона кийим кийишнинг ўзи етарли бўлади. Аёллар Саудия Арабистонига эркак қариндоши ҳамроҳлигисиз ташриф буюриши мумкин бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1766 times

Янгиликлар

Top