Дунё янгиликлари

Абу-Дабида халқаро анжуман ташкил этилди

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Абу-Даби (БАА) Миллий кўргазма марказида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг саккизинчи сессияси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон адлия вазирлиги делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Иштирокчиларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилган. Мамлакатда ушбу ўта салбий ҳодисанинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, ҳуқуқий ҳамда институционал асосларни мустаҳкамлаш бўйича қатъий қадамлар қўйилаётгани таъкидланди. Давлат сиёсати коррупция хатарларининг сабаблари ва шартларини ҳар томонлама ўрганишни, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни, жазонинг муқаррарлиги принципини назарда тутади.

Президент Шавкат Мирзиёев сайланганидан кейин имзолаган биринчи қонун бу - “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлди. Бу мамлакат раҳбарияти сиёсий йўналишининг аниқ белгисига айланди.

Ўз навбатида, давлат хизматларини тақдим этишда жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” асосида давлат хизматларини кўрсатиш тизими шакллантирилди. Бу фуқаролар ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ходимлари ўртасида давлат хизматларини кўрсатишда юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1976 times

Янгиликлар

Top