Дунё янгиликлари

Тожмаҳал таъмирланмоқда

Дунёнинг ноёб мўъжизаларидан бири деб эътироф этиладиган Тожмаҳалда кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Режага кўра, таъмирлаш ишлари келгуси йилнинг баҳор ойига қадар давом этади. Шунинг учун ҳам халқаро сайёҳлик фирмалари дунёнинг 7 мўъжизасидан бирини кўришни хоҳлаган сайёҳларга Ҳиндистонга ташрифни келаси йилга режалаштиришни маслаҳат беришмоқда. Ҳозир мақбара-масжиднинг асосий гумбази қурилиш ёғочлари билан қопланган бўлиб, уни бутунлай янгилаш кўзда тутилган.

Маълумки, Тожмаҳалнинг асосий гумбазига оқ мармар қопланган бўлиб, уни асл ҳолатини сақлаш учун турли кимёвий тозалаш воситаларидан фойдаланиш ўрнига махсус балчиқ-лойдан фойдаланилади. Яъни аввал қора балчиқ лой билан гумбаз қопланади, кейинроқ бу лой гумбаздаги чанг ва ғуборларни сўриб олгач гумбаз усти сув билан ювиб ташланади.

Тож Маҳал Бобурий ҳукмдорлардан Шоҳжаҳон томонидан Мумтоз Маҳалбегим хотирасига бағишлаб қурилган. Бундай ҳашаматли ва симметрик бинони 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида 20 мингдан ортиқ усталар 28 хил турли қимматбаҳо тошлардан фойдаланган ҳолда барпо этишган.

Ҳиндистоннинг рамзига айланган мазкур иншоот 1983 йилда ЮНEСКОнинг бутунжаҳон маданий ёдгорликлари рўйхатига киритилган ва у 2007 йилда дунё бўйлаб 100 миллион овоз йиғиб, дунёнинг янги етти мўъжизасидан бири дея тан олинган. Ҳозирги кунда бу маҳобатли ёдгорликни зиёрат қилиш мақсадида Агра шаҳрига ҳар йили 5 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради.

 

                                      Халқаро алоқалар бўлими

Read 6558 times

Янгиликлар

Top