Дунё янгиликлари

Япониядаги энг катта, энг гўзал, энг машҳур масжид

Кунчиқар  юртда катта ва кичик, таниқли ва унчалик маълум бўлмаган саксонта масжид бор. Ана ўшаларнинг энг чиройлиси, маҳобатлиси ва энг машҳури Токиодаги  “Жоме” масжидидир.  Японияда гумбазлари ёки баланд миноралари билан ажралиб турадиган бинолар кўп учрамайди. Аммо Токионинг Сибуя туманидаги сокин даҳада усмонлилар услубида қурилган   “Жоме” масжиди дарҳол эътиборни тортади.

Масжиднинг номи замирида ҳеч қандай синоат йўқ.  “Жоме” сўзма-сўз таржима қилинса, “жамоат йиғиладиган масжид” маъносини билдиради.  Масжиднинг ўзи ҳам исломий илмлар ўргатадиган  мактаб, ҳам босмахонадир. У ерда биринчи марта 1938 йил Японияга инқилобчилардан қочиб борган татар иммигрантлари жамияти ташкил топган.  Бу юртда масжид қуриш масаласи 1920 йилдан кейин мамлакатда мусулмон аҳолининг сони кескин ошиши муносабати билан юзага келди.  Ўша вақтда мусулмонларнинг сони минг киши атрофида эди. Бугун эса улар 120 мингдан ортиқ. Эътиборли жиҳати шундаки, “Жоме” масжиди  жамоатдан йиғилган пулларга эмас, бошқирдистонлик эшон Муҳаммад – Габдулҳай Қурбонгалиевнинг шахсий маблағига қурилган. Айнан шу одам Токиодаги мусулмонлар жамиятига бош бўлган биринчи Япония муфтийсидир. 1986 йилги зилзила чоғида, ўзи шундоғ ҳам авария ҳолтига келиб қолган  масжид буткул вайрон бўлган. 1998 йил унинг ўрнидан янги масжид қурилиши бошланган ва 2000 йил якунланган. Унинг қурилишига хос бўлган хусусиятлардан яна бири шундаки, унинг қурилишига ишлатилган материалларнинг, сув ва цементдан ташқари ҳаммаси Туркиядан келтирилган. Бундан ташқари, турк қурувчилари ибодатхонани реконструкция қилиш, намоз ўқиладиган хонага безак бериш ва маданият марказини барпо этиш устида кўп вақт меҳнат қилди.

Токионинг “Жоме” масжиди ҳақиқий санъат асари. Дераза ойнаси  орқали ўтган қуёш нурлари ҳайратланарли даражада чиройли шакллар ҳосил қилиб масжид атмосферасига ажойиб кўтаринкилик бағишлайди, бу – мўъжизанинг ўзгинаси. турли нақшлар, ҳаттотлик ёзувлари ва бадиий безакка ишлатилган арабески санъати масжид ичкарисига ўзига хос улуғворлик бағишлайди. Ўз навбатида масжиднинг ниҳоятда катта гумбази илоҳиёт олами тимсолидек кўринади.  Бугунги кунда истаганлар “Жоме” масжидини бемалол бепул  томоша қилиб чиқиши мумкин. Йўлбошловчи сайёҳларга бажонидил Ислом дини ва масжид тарихи ҳақида сўзлаб беради.

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси

 

 

Read 6946 times

Янгиликлар

Top