Дунё янгиликлари

Мисрдаги 30-халқаро Қуръон мусобақаси машҳур қорининг исми билан номланади

Миср Вақфлар ва Ислом ишлари вазири доктор Муҳаммад Мухтор Жума Қуръони карим учун ўзларининг ширин ва таъсирли тиловатлари билан Ислом оламини бойитган Мисрнинг буюк қорилари шарафига ўтказилиб келинаётган навбатдаги 30-халқаро Қуръони карим мусобақасини ўтказиш санасини 2023 йил 2 декабрда бўлишини тасдиқлади.

Миср Вақфлар ва Ислом ишлари вазири бўйича ушбу 30- халқаро Қуръони Карим мусобақасига Қуръони каримга бўлган хизматларини эътиборга олган ҳолда Шайх Маҳмуд Aли Aл-Банно раҳимаҳуллоҳ номини беришга қарор қилди.

Мусобақа қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

1. Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тафсири билан ёдлаш, унда имом-хатиблар Қуръон илмлари устозлари ва уларнинг ёрдамчилари бўлмаслиги, иштирокчининг ёши 35 дан ошмаслиги;

2. Араб тилида сўзлашмайдиган давлатлар вакиллари учун Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиб бериш, унда иштирокчини ёши 30 ёшдан ошмаслиги;

3-йўналиш (ёшлар учун): Қуръони каримни тўлиқ ёддан билиш, луғавий маъноларини тушуниш ва Юсуф алайҳиссалом сурасидаги оятлар маъноларини изоҳли таржима қилиш, унда иштирокчини ёши 12 ёшдан ошмаслиги;

4. Қуръони каримни тўлиқ ёддан тиловат қилиб бериш билан бирга Каломуллоҳ маъноларининг таржимаси ва Қуръон илмларини тадбиқ этиш қоидаларини билиши. Бу йўналишда имом-хатиблар, Қуръон илмлари устозлари ва мударрисларига ҳам қатнашишга рухсат этилади. Иштирокчининг ёши 40 ёшдан ошмаслиги шарт қилинади.

5. Имконияти чекланганлар иштирокида Қуръони каримнинг умумий маъно ва мақсадларини тушунган ҳолда ёддан ўқиб бериш. Унда иштирокчини ёши 30 ёшдан ошмаслиги шарт қилинади.

6. Оилавий Қуръони каримни ёд олган ҳофизлар оиласи иштирокида Қуръони каримнинг умумий маъно ва мақсадларини тушунган ҳолда тўлиқ ёддан ўқиб бериш, агар ҳифзни ўзлаштирган оила аъзолари сони уч нафардан кам бўлса, оила илгари биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлмаган бўлиши лозим.

Мусобақанинг барча йўналишлари ҳар икки жинс вакиллари учун ҳам очиқ экани таъкидланиб, иштирокчи илгари бирорта ҳам танлов бўлимида ўтган йили биринчи ёки иккинчи ўринни қўлга киритмаган бўлса, мусобақада иштирок этади.

Маълумот учун, Шайх Маҳмуд Aли Aл-Банна 1926 йил 17-декабрда Мануфия вилоятидаги Шибинул-Кум маркази Шабробос қишлоғида туғилган. У Қуръони каримни қишлоқ мактабида ўқиб юрган кезларида 11 ёшида ёд олган. Кейин у Aҳмадий масжидида шариат илмларини ўрганиш учун Танта шаҳрига кўчиб ўтди ва у ерда имом Иброҳим ибн Салом ал-Маликий қўлида таҳсил олди.

Шайх Aл-Банно 1945-йилда Қоҳирага кўчиб ўтиб, таниқли Қуръон ҳофизи сифатида шуҳрат қозонди, мақомот илмларини ўрганди, 1948 йил декабрида радиога таклиф қилиниб, “Ҳуд” сурасини эфирга ўқиб берди. Сўнг бир неча йил у Мисрдаги энг машҳур қорилардан бирига айланди.

Шайх Маҳмуд Aл-Банно ҳаётининг сўнги йилларида 1984 йил “Қуръон қорилари ва устозлари уюшмаси”га асос солинишида ҳам муҳим роль ўйнади. У ўша даврда Миср ҳукуматининг раҳбари бўлиб турган Анвар Садатнинг олдига шу масалани кўтариб кирди. Анвар Садат Шайх Маҳмудни қаттиқ эҳтиром қилар, у билан дўстона суҳбатлашарди. У бу таклифни дарҳол қабул қилди. Шайх Маҳмуд ушбу уюшмага раҳбар этиб тайинланди.

Шайх Маҳмуд Али Ал-Банно 1405/зулқаъда/03 ҳижрий, 20/07/1985 милодий санада шанба куни вафот этди. У кишининг жанозаси “Имом Ҳусайн” масжидида ўқилди. Жанозада васиятга мувофиқ, шайх Мутавалли Шаъровий имом бўлди. Шайх Маҳмуд ўзининг васиятига кўра, киндик қони тўкилган қишлоғи Шабробосдаги ўзи қурдирган масжид ёнидаги мақбарасига дафн қилинди.

Интернет материаллари асосида
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
И.Аҳмедов тайёрлади.

Read 921 times

Янгиликлар

Top