Дунё янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Россиянинг Урал федерал округида ватандошларимиз билан қатор учрашувлар ўтказди

Жорий йил 28 июнь – 10 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Тошкент вилоятидаги Зангиота туманида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди имом-хатиби Нурилла Мавлонов Россиянинг Урал федерал округидаги  Свердловск, Челябинск, Курган ва Тюмен вилоятлари бўйлаб амалий сафари давомида ушбу ҳудудларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз ва ўзбекистонлик талабалар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Қурбон ҳайити куни Свердловской вилоятининг  Верхняя Пишма шаҳрида, кейинги икки жума намози кунлари Екатеринбург ва Тобольск шаҳарларидаги жомеъ масжидларида ўзбекистонлик диний уламонинг маърузалари тингланди.  

Мамлакатимиз Бош консуллигида Урал тоғ-кон университети ва Урал федерал университетида таҳсил олаётган талабаларимиз билан маънавий-маърифий суҳбат ҳам ўтказилди.

Сафар доирасида Иккинчи жаҳон уруши даврида Свердловск вилоятининг Невьянск шаҳридаги қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи заводларида “меҳнат армияси” сафида хизмат қилиб, турли сабаблар билан вафот этган ҳамюртларимизнинг жамоавий қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига асосланган, Ватанга муҳаббат, ота-она ва фарзанд ҳамда рафиқага муносабат борасидаги миллий ва диний ижтимоий одоблар билан йўрғаланган маърузалари ватандошларимизда катта таассурот қолдирди.

Учрашувлар савол-жавобларга бой бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 659 times

Янгиликлар

Top