Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони ОАВ Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида

Саудия Арабистонининг  оммабоп «Swift News» веб-сайтида «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси туризм соҳасини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб  хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги боис туризм янги босқичга кўтарилди,- дейилади мақолада. -Ушбу соҳада кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция дастурлари ишга туширилди, халқаро стандартлар асосида туристларга хизмат кўрсатиш тизими яратилди».

Нашрда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, туризм объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури қабул қилиниши  таъкидланган.

«Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги мамлакатга келаётган сайёҳлар сонини 4,5 миллиондан 10 миллион нафарга кўпайтиришни режалаштирган. Шу сабабли, Ўзбекистон саёҳатга қўйилган барча чекловларни бекор қилди, - деб ёзилади материалда. - Саёҳат чекловларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларида меҳмонхоналар билан бандлик кўрсаткичларининг 83,6 фоизга ва ҳостелларнинг 70,8 фоизга ошишига олиб келди».

Мақолада таъкидланишича, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 833 та янги меҳмонхона ишга туширилиб, уларда 75 мингдан ортиқ меҳмон қабул қилиняпти. Сайёҳлик кўчалари ва қишлоқлари ташкил этиляпти, зарур инфратузилмалар ривожлантирилмоқда.

«Сайёҳлик объектлари қаторида дунёнинг 90 та давлати фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши, шунингдек, 60 га яқин давлат фуқароларига тезкор виза олиш имкониятлари яратилди», - деб ёзади «Swift News».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 830 times

Янгиликлар

Top