Ер юзи бўйлаб, қарийб, беш миллиард киши ёки сайёрамиз аҳолисининг 60 фоизи ижтимоий тармоқдан фойдаланмоқда. Бу “Kepios” рақамли консалтинг фирмаси ўтказган тадқиқот натижасида маълум бўлди.
Хулоса қилинишича, 2022 йил тармоқдан фойдаланган одамлар сони 3,7 фоиз кўпайган ва жами интернет аудиторияси (5,19 миллиард киши) билан тенглашган. Одамларнинг ижтимоий тармоқда ўтказаётган вақти ҳам ошиб, кунига ўртача 2 соат 26 дақиқага етган.
Ижтимоий тармоқда энг фаол қатлам 16-24 ёш орасидаги хотин-қизлар экан, энг суст қатлам эса 55-64 ёшли эркаклар бўлиб чиқди. Фойдаланувчилар, асосан, еттита платформага қўшилган, уларнинг энг оммабопи “WhatsApp”, “Instagram” ва “Facebook”. Шунингдек, ижтимоий тармоқда вақт ўтказиш минтақаларда фарқланади. Масалан, Шарқий ва Марказий Африкада ҳар 11 кишининг, атиги, бир нафари ижтимоий тармоқдан фойдаланса, Ҳиндистонда бундайлар ҳар уч кишидан бирини ташкил этади.
ЎзА