Саудия Арабистонининг оммабоп «Swift News» веб-сайти саҳифасида жорий йил 17-18 июль кунлари Тошкентда ўтказилган «Зиёрат туризми» кўргазмасига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, «Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси Тошкентда ўтказилган «Зиёрат туризми» кўргазмасининг мувафаққиятини юқори баҳолади» сарлавҳали мақолада мазкур тадбир тафсилотлари атрофлича қаламга олинган.
Унда «Зиёрат туризми» кўргазмасига ташриф буюрган Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳми хонимнинг фикрларидан иқтибос келтирилган. «Элчи «Зиёрат туризми» кўргазмасининг мувафақиятли ташкил этилганлигини таъкидлади», деб ёзади электрон нашр.
«Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда истиқболли бозорлардан бири сифатида ўтказилган «Зиёрат туризми» кўргазмасида Миср ишбилармон доираларининг бир неча вакиллари иштирок этганидан беҳад мамнунман», дейди элчи Амира Фаҳми.
«Swift News» веб-сайтига жойлаштирилган яна бир мақола «Marriott Jabal Omar» меҳмонхонаси вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган «Зиёрат туризм» кўргазмасида иштирок этди» сарлавҳаси остида ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Мақолада таъкидланишича, «Marriott Jabal Omar» меҳмонхонаси бош директори Валид Сейлан Марказий Осиёдаги истиқболли бозорлардан бири бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.
«Тошкентда ўтказилган «Зиёрат туризми» кўргазмаси кутилганидан ҳам катта мувафақиятга эришди. Чунки Ўзбекистон компанияларининг кўргазма иштирокчилари билан мулоқот қилишга ва уларнинг хизматларини ўрганишга бўлган иштиёқи яққол намоён бўлди. «Marriott Jabal Omar» меҳмонхонаси ҳам ушбу йирик тадбир давомида ўз хизматларини тақдим этди»,- деб ёзади «Swift News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати